Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари топширилди

“Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қабул қилинган Фармонига мувофиқ, юртимиз тараққиёти, халқимиз маънавий-маърифий ҳаёти ва Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирланмоқда.

Самарқанд вилоятида ўтказилаётган тантанали маросимларда давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва диний соҳа вакиллари ўзининг самарали ва фидокорона меҳнати учун юксак мукофотларни қабул қилиб олмоқда. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Бобур Каримов “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди. Қувонарлиси, эришган юксак натижалари ва илмий-маърифий соҳадаги фидокорона хизматлари эътироф этилганлар орасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 8 нафар ходими:

Илмий котиб Мехрожиддин Амонов;
Илмий-тадқиқотлар бўлими бошлиғи Шукрулло Умаров;
Илмий-тадқиқотлар бўлими илмий ходими Нодир Қобилов;
Илмий-тадқиқотлар бўлими илмий ходими Қодирхон Маҳмудов;
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими Йўлдошхон Исаев;
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими Алоуддин Неъматов;
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими Ҳафизилло Бойқобилов;
Зиёрат туризмини ривожлантириш илмий бўлими илмий ходими Ёрқин Бойматов ҳам бор.
 
 
 
 
 
 

Ушбу мукофот мамлакатимизда бой илмий ва маънавий меросни тадқиқ этиш ва ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги фидокорона меҳнатга берилган юксак баҳодир.

“Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони Марказ жамоасининг мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаёти ва илмий тадқиқотлар жараёнидаги фаол иштирокига берилган эътироф сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Бу янги илмий марраларни забт этиш, миллий-маънавий меросимизни ўрганиш ва оммалаштириш йўлидаги эзгу ташаббусларни изчил давом эттириш учун катта илҳом ва куч бағишлайди.

Марказ жамоаси давлат мукофотларига сазовор бўлган барча юртдошларимизни, улар қаторида ҳамкасбларни муборакбод этиб, барчасига янги муваффақиятлар тилайди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ УЧРАШУВ

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида …