Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий ўқув семинарида бу алоҳида эътироф этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳа бўйича маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, қўлёзма фондлари вакиллари, хаттотлик санъати намояндалари иштирок этди.
Шунингдек семинарда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) бош директори, профессор Холит Эрен, мазкур ташкилот тадқиқотлар ва нашрлар бўлими бошлиғи А.Мўминов қатнашди.
– Ислом динига оид илмий тарихий-маданий ва маънавий-маърифий мерос салоҳиятини, шу жумладан, кўлёзмалар ва архив фондларида сақланаётган манбаларни ҳисобга олган ҳолда, чуқур ўрганиш ва тадқиқот натижалари юзасидан қомуслар, каталоглар, альбомлар, илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар, ахборот-ресурс базасини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернетда эълон қилиш марказнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, – деди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. – Шундан келиб чиқиб ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Туркия университетлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”га кўра Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) билан биргаликда мазкур илмий-амалий ўқув семинари ташкил этилди.
Ушбу халқаро анжуманнинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилиши бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси асосида бунёд этилган, буюк муҳаддис олим Имом Бухорий номи билан аталувчи марказ қисқа фурсатда халқимиз ва бутун ислом олами учун маънавият-маърифат масканига айланди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 январь куни марказга ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди. Марказ кутубхонасидаги нодир асарларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилиш бўйича таржимонлар гуруҳини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Ану шу топшириқ асосида марказда форс ва араб тилларини яхши биладиган салоҳиятли илмий ходимлардан иборат таржимонлар гуруҳи ташкил этилди. Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби алломаларнинг 21 та асарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган иш режа тасдиқланди.
Мазкур гуруҳ илмий ходимлари томонидан Имом Бухорийнинг “Холқу афъоли-л-ибад”, “Сулосиётул Бухорий”, “Биррул волидайн”, Абул Мунтаҳо Мағнисовийнинг “Шарҳул-Фиқҳил Акбар”, Алоуддин Косонийнинг “Эътиқод ал-Косоний” асарлари, шунингдек, “Тасоъид ҳиддат зоҳират ал-Исламафобия фий Аврубо” (Европада исломофобиянинг жадаллашуви) ва “Истиротижийяту даъиш фий истиқтоб ва тажнид аш-шабаб” (Ишиднинг ёшларни ўзига жалб қилишга доир стратегияси) китоблари таржима қилиниб, Марказ қўлёзмалар фондидан жой олган бир қанча асарлар устида таржима ишлари олиб борилмоқда.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қисқа вақтда Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлгани, дунёнинг турли давлатларидаги илмий марказлар билан алоқаларни йўлга қўйганидан хурсандмиз, – деди IRCICA ташкилоти бош директори Холит Эрен. – Бу барчамизни қувонтирмоқда. Чунки, бу ер азалдан илм-маърифат маскани бўлган, бу заминдан улуғ алломалар етишиб чиққан. Мазкур марказнинг ташкил этилиши уларнинг маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилиши шубҳасиз. Бугунги тадбир ҳам муборак динимиз ҳақидаги қадимий ноёб қўлёзма ва тошбосма асарларни муҳофаза қилиш, каталоглаштириш, таржима ишларини олиб бориш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича тизимли илмий-амалий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро семинар иштирокчилари Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари ва уларни муҳофаза қилиш, бошланғич тавсифлаш ва он-лайн каталоглаштириш, қўлёзмаларни илмий ўрганиш, нашр қилиш, буюк алломалар ижоди ва қўлёзма мероси, хаттотлик санъати каби мавзулар юзасидан маърузалар ўқиб, ўзаро фикр ва тажриба алмашди.
Тадбир доирасида Халқаро ислом хаттотлиги кўргазмаси ташкил этилди. Семинар қатнашчилари марказ музейи ва тарихий қўлёзмалар фондида ҳамда хаттотлар томонидан сақланаётган ноёб тарихий асарлар билан танишди.
Манба: ЎзА