21-22 июнь кунлари Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш» мавзусида илмий-амалий ўқув семинари ўтказилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш Маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда ташкил қилинган кўргазма тадбирларида Самарқанддаги марказ кутубхонасида сақланаётган нодир асарлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилиш муҳокама этилди.
Кўргазма давомида IRCICA директори Холит Эрен “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг XI асрга оид қўлёзмаси фото нусхаси ҳамда Султон Абдулҳамид томонидан XIX асрда тайёрланган Муқаддас Каъба ва унинг ҳудуди акс этган китоб альбомини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига туҳфа қилди.
Тадбир доирасида Халқаро ислом хаттотлиги кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Унда кўргазма қатнашчилари марказ музейи ва тарихий қўлёзмалар фондида ҳамда хаттотлар томонидан сақланаётган ноёб тарихий асарлар билан танишди.