Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 21 июндан 21 июлгача Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш Маркази (IRCICA) ташкилоти ҳамкорлигида “Халқаро ислом хаттотлиги” кўргазмаси бўлиб ўтаётганлиги ҳақида аввал хабар берган эдик. Марказга саёҳатга келган хорижий ва маҳаллий меҳмонлар ноёб хаттотлик намуналарини диққат билан кузатиб, ушбу нодир кўргазма асарлардан баҳраманд бўлмоқдалар.
Жорий йил 26 июнь куни Марказга Сирдарё вилоятидан 74 нафар имом-хатиблар зиёратга келди. Меҳмонларни қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи Й. Исаев кутиб олиб, Марказ асосий фойесида имом-хатибларга ушбу марказ Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси асосида бунёд этилиб, қисқа фурсатда халқимиз ва бутун ислом олами учун маънавият-маърифат масканига айланиб улгурганлиги, унинг фаолияти ва вазифалари ҳақида гапириб, меҳмонларга илмий ходимлар томонидан буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини ўрганиб, илмий тадқиқотлар олиб бораётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берди.
Шундан сўнг меҳмонлар музейга таклиф этилиб, уларга музей фондидан жой олган буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг бой илмий мероси, турли даврларга тегишли ҳадис илмига оид қўлёзма ва тошбосма асарлари, ноёб экспозициялар ва замонавий ахборот берувчи воситалар тўғрисида маълумотлар берилди. Имом хатиблар “Халқаро ислом хаттотлиги” кўргазмасидаги асарларни чет эллик хаттотлар томонидан юксак дид ва маҳорат билан ёзилганлигига алоҳида эътибор бериб, бу хаттотлик намуналарини маҳорат билан ёзилганлигини этироф этди ҳамда уларга юқори баҳо берди.
ИБХИТМ Матбуот хизмати