Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳадисшуносликка бағишланган қимматли манба

Ҳадисшуносликка бағишланган қимматли манба

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 1 август куни таниқли уламо Искандар Халилов томонидан нашрга тайёрланган “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан таралувчи нурли жилолар” номли 4 жилдлик китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Эътиборлиси, аввалроқ Марказда ушбу тўпламни тайёрлаш борасидаги дастлабки ишлар якуни бўйича тақдимот ўтказилиб, илм аҳлига 2 жилдли арабча нашри тақдим этилган эди. Бу гал эса мазкур салмоқли илмий ва маърифий меҳнатнинг тўлиқ 4 жилддан иборат тўплами кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.

Тадбирни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов очди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда миллий-диний қадриятларни тиклаш, ҳадисшунослик мактаблари анъаналарини ривожлантириш ва аҳолининг маънавий савиясини юксалтириш борасида олиб борилаётган хайрли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, мазкур тўпламнинг илмий ва амалий аҳамиятини юқори баҳолади.

Асосий маърузачилар ҳадисларни ўрганиш ва оммалаштиришнинг бугунги кундаги аҳамияти, уларнинг жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясидаги ўрни хусусида атрофлича мулоҳаза юритди.

Шундан сўнг муаллиф Искандар Халилов янги тўпламни тартиблаш ва нашрга тайёрлаш жараёнлари, фойдаланилган илмий манбалар ва матн таҳрирининг услубий ечимлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, ушбу тўпламда олти олий саҳиҳ тўплам (“Сиҳоҳи ситта”)дан асосан одоб-ахлоқ, маънавият ва инсоний фазилатларга оид ҳадислар сараланиб олиниб, тизимли равишда жамланган. Мавзуларга ажратилган ҳолда тақдим этилган асар таркибида мураккаб иборали ифодаларга муфассал шарҳлар келтирилган. Муаллиф ҳадисларнинг нафақат матни ва маъносини, балки улар орқали тараладиган тарбиявий ва маърифий зиёни, инсон ва жамият ҳаётидаги ўрнини теран очиб беришга ҳаракат қилган.

Иштирокчилар тўпламни диний таълим муассасалари, илм аҳли, тадқиқотчилар ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган ниҳоятда қимматли манба ва дастуриламал сифатида эътироф этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Малайзия Қироличасидан ташаккурнома

Малайзия Қироличаси Ража Зарит София Зоти Олиялари Самарқандга ташрифи доирасида Имом Бухорий мажмуаси ва Имом …