Home / МАҚОЛАЛАР / КЕЧИРИНГ – КЕЧИРИЛАСИЗ!

КЕЧИРИНГ – КЕЧИРИЛАСИЗ!

Инсон – ижтимоий мавжудот. Ҳаётимиз давомида бошқалар билан муомала-муносабатда бўлмай яшай олмаймиз. Бу мулоқотлар жараёнида эса кимдир билиб-билмай дилимизни оғритиши, моддий ё жисмоний зарар етказиб қўйиши мумкин. Шундай вазиятларда қалбимизда гина-кудурат сақлаганимиз яхшими ё кечириб юборганимизми?! Айнан шу танлов жамият фаровонлиги ва қалбимиз ҳаловатини белгилайди.

Аксар ҳолларда инсонга қасос олиш ё жазолаш осонроқ туюлади. Аммо аслида жазолашдан кўра кечириш ва бағрикенгликни биринчи ўринга қўйиш одамлар ўртасида юзага келадиган кескин келишмовчиликларнинг олдини олишда кўпроқ асқотади.

Кечириш – инсоннинг айби ва қилмишига кўз юмиб, жазо бериш имкони бўла туриб, ундан воз кечиш. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан: “Одамларнинг энг азизи ким?” деб сўрашганида, у: “Жазолашга қодир бўла туриб кечирган киши. Кечиримли бўлинг, Аллоҳ таоло сизни азиз қилади”, деб жавоб берган.

Ким афв этса, Аллоҳ уни кечиради, ким кечирса, Аллоҳ уни мағфират қилади. Чунки Набий алайҳиссалом таъкидлаганларидек: “Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилмайди” (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган).

Шундай экан, инсон Аллоҳ ўзига қандай муомала қилишини хоҳласа, ўзи ҳам бошқаларга шундай муносабатда бўлиши лозим. Муовия розияллоҳу анҳу айтганидек: “Сизга имконият берилгунича сабрли ва бағрикенг бўлинг. Имкон берилса, кечиримли ва саховатли бўлинг”. Яъни, мансаб ёки амалга эришгунча сабр қилинг. Мақсадга етсангиз, раҳбар бўлсангиз қўл остингиздагиларга нисбатан кечиримли ва карамли бўлинг.

Ислом таълимотида бағрикенглик ва кечиримлилик хулқ бобида асосий ўринда туради. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 199-оятида “Кечиримли бўлинг, яхшиликка бошланг ва жоҳиллардан юз ўгиринг” деб буюрган.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммамизга ўрнакдирлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ходимни неча марта афв қиламиз?” деди. У зот индамадилар. Савол учинчи бор такрорланганида: “Ҳар куни етмиш марта”, деб жавоб бердилар” (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Ҳамкасблар, ходимлар, фарзандлар хатоларини ҳам қайта-қайта кечириш инсоний муносабатларни асраб қолишнинг олий намунаси бўлади.

Кечиримли бўлиш шунчаки ахлоқий фазилат эмас, балки инсоннинг дунё ва охиратдаги азизлигига сабаб бўладиган кучли омилдир. Қуйида афв этиш ва кечиришнинг беш фойдасини санаб ўтамиз.

  1. Парчаланган алоқаларни тиклайди. Кечиримлилик суистеъмол қилинган ва узилиб бораётган ижтимоий ришталарни мустаҳкамлайди, одамлар орасида муҳаббат ва биродарлик туйғуларини ёяди.
  2. Аллоҳнинг мағфирати ва раҳматига эриштиради. Қуръони каримда бундай дейилган: “Уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (Нур сураси, 22-оят).
  3. Тақводорлар сафига қўшади. Бир оятда “Кечириб юборишингиз тақвога яқинроқдир” (Бақара сураси, 237-оят) дейилган бўлса, бошқасида жаннат ваъда қилинган тақводорлар қуйидагича таърифланади: “Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни суяр” (Оли Имрон сураси, 134-оят).
  4. Икки дунё азизлигига етаклайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло кечиримли бандага азизликни зиёда қилур”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
  5. Қалбни ғубор ва нафратдан тозалайди. Кечириш орқали инсон дилидаги гина ва нафратдан халос бўлади, орадаги бағрикенглик, меҳр-оқибат ва ҳамкорлик муҳити ривожланади.

Ҳаёт жуда қисқа. Дилда гина сақлаб, нафрат юкини кўтариб яшаш инсон ўз қалбига берадиган энг катта азоблардандир. Бошқаларга нисбатан қанчалик кечиримли бўлсак, Аллоҳ таоло бизга шунчалик мағфиратли бўлади. Билмай дил оғритган бўлсак, бир оғиз “кечиринг!” дейишдан тортинмайлик, оғринмайлик. Дилимизни оғритишса, кечирайлик, бағримизни очайлик. Зеро, кечира олган қалбгина ҳақиқий озодлик ва хотиржамликни ҳис этади.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Солиҳлар одоби

Қўл бериб кўришиш ҳақида Мўминлар учрашганларида қўл бериб, икки кафт билан кўришишлари керак. Қўл учида …