Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий мақбараси тарихига оид янги тадқиқот тақдимоти

Имом Бухорий мақбараси тарихига оид янги тадқиқот тақдимоти

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида халқаро стипендия дастури доирасида навбатдаги илмий семинар ўтказилди. Унда Индонезиянинг “Калимантан пост” газетаси бош муҳаррири, тадқиқотчи Эка Шанти Рофи хоним “1956-1961 йиллардаги зиёратлар ва Ўзбекистонда Имом Бухорий мақбарасининг қайта тикланиши: тарихий реконструкция” мавзусида олиб бораётган илмий изланишлари натижаларини тақдим этди.

Тадқиқот Индонезиянинг биринчи Президенти Сукарнонинг Совет Иттифоқига ташрифи, унинг Имом Бухорий шахсиятига чексиз эҳтироми ҳамда ушбу омилнинг улуғ муҳаддис мақбарасини қайта тиклаш жараёнига кўрсатган таъсирини тарихий манбалар асосида таҳлил қилишга бағишланган.

Маърузада қайд этилишича, мавжуд манбалар Сукарнонинг Имом Бухорий меросига қизиқиши тасодифий бўлмаганини кўрсатади. Унинг диний-маърифий қарашлари, ҳадис илмига муносабати ва исломий қадриятларга ҳурмати мазкур ташрифларнинг муҳим пойдевори бўлиб хизмат қилган.

Совет ҳукуматининг Имом Бухорий мақбараси бўйича юритган сиёсати ва уни таъмирлашга доир расмий қарорлар қабул қилиш жараёни илк бор тизимли равишда ўрганилиб, тадқиқотнинг бош илмий янгилиги сифатида тақдим этилган. Тадқиқотчи архив ҳужжатлари ва ёзма манбаларга таяниб, 1956-1961 йиллар оралиғида мақбарани аниқлаш, ўрганиш ва ободонлаштириш билан боғлиқ жараёнларни босқичма-босқич тиклашга муваффақ бўлган. Бу воқеалар нафақат тарихий факт, балки халқаро муносабатларда “диний дипломатия” ва маданий хотиранинг ўзига хос намунаси сифатида таҳлил этилди.

Шунингдек, Сукарнонинг Имом Бухорийга юксак эҳтироми Индонезия давлатчилиги тарихида чуқур из қолдирган. Хусусан, мамлакат ҳаётидаги айрим муҳим сиёсий ва маънавий ташаббусларда у зотнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарига мурожаат қилиш ҳолатлари кузатилади. Бу эса Имом Бухорий илмий меросининг нафақат диний, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам муайян таъсир кучига эга эканидан далолат беради.

Семинар якунида иштирокчилар тақдим этилган тадқиқот натижалари тарихий воқеаларга янгича илмий ёндашувни намоён этганини ҳамда халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Қатъий ва ўта мукаммал илмий мезонлар тушунтирилди

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Имом Бухорий мажмуасида хизмат вазифасини бажариш учун бириктирилган ходимлар …