Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” буюм бозорида “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида “Радикализм, миссионерлик – жамият тараққиётига таҳдид” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган учрашувдан кўзланган асосий мақсад аҳоли, хусусан бозор ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва фуқаролар ўртасида диний экстремизм, радикализм ҳамда миссионерликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунча бериш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маънавий иммунитетини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Мулоқот давомида Марказ илмий ходими Баёзхон Маҳмудов мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Шу билан бирга, радикал ва экстремистик оқимларнинг асл мақсадлари, уларнинг жамият ривожига соладиган жиддий хавф-хатарлари ҳамда фуқароларнинг бу каби таҳдидларга қарши мафкуравий ҳушёрлигини ошириш масалалари хусусида фикрлар билдирилди. Бундай салбий иллатларнинг олдини олишда жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул экани алоҳида таъкидланди.
Қизғин баҳс-мунозара руҳида ўтган тадбир якунида иштирокчилар қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб олди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





