Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Хожа Бухорий ўрта-махсус ислом таълим муассасаси устоз ва талабалари меҳмон бўлди. Ташриф асносида меҳмонлар ва илмий ходимлар иштирокида том маънода илм, маърифатга, қизғин мулоқот, мотивация ва истиқболли режаларга йўғрилган давра суҳбати ташкил этилди.

Мулоқотда Марказ директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов диний ва дунёвий билимларни уйғунлаштириш, ёшларни замон талабларига мос ҳолда тарбиялаш, илм-фан ва инновациялар билан ҳамнафас бўлиб яшаш ҳамда замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида Марказ директорининг ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев таълим муассасаси раҳбарияти ва устозларининг илмий салоҳиятни ошириш борасидаги ҳаракатларини алоҳида эътироф этди. Марказ томонидан тўққиз йил давомида эришилган илмий натижалар, хусусан, Имом Бухорийнинг ҳозиргача етиб келган 12 та асари илк бор ўзбек тилига таржима қилиниб, нашрга тайёрлангани ҳақида ахборот берар экан, замонавий жамиятдаги долзарб масалалар, хусусан, радикализм ва диний экстремизмнинг олдини олиш, ҳадис ва суннат атрофидаги шубҳаларга раддия бериш йўналишида нашр этилган янги китоб ва рисолаларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталди. Диний соҳа ходимлари халқаро минбарларда туриб хорижий тилларда равон маъруза қила олишлари учун чет тилларини ҳамда ахборот технологияларини чуқур ўрганишлари давр талаби экани қайд этилди.
Хожа Бухорий ўрта-махсус таълим муассасаси директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ўткир Ғузоров Марказда шаклланган илмий муҳит ва жамоавий ҳамкорликни эътироф этди. Китоб ёзиш ва аждодлар меросини халққа етказишнинг улуғ ажрига тўхталиб, Марказ фаолияти бу борада улкан маёқ бўлаётганини таъкидлади.
Марказ катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров таълим муассасасининг ташкил топиш тарихи, ўтган давр мобайнида эришилган натижалар ва бугунги кунда талабалар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди. Қайд этилганидек, ҳозирда ушбу мадрасани битирган бир қатор олимлар Марказда ва Ҳадис илми мактабида самарали фаолият олиб бормоқда.

Тадбир давомида диний таълим муассасалари билан “тадқиқот – таълим – амалиёт” йўналишида ўзаро ҳамкорлик тадбирларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Қўшма тадбирлар ташкил этиш ва Марказнинг ОАК рўйхатидаги “Имом Бухорий сабоқлари” илмий журналида мақолалар тақдим этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида мадраса талабаларини Марказ томонидан амалга оширилаётган китоблар таржимаси жараёнига жалб этиш ҳамда битирув малакавий ишлари мавзуларини Марказ олимлари билан ҳамкорликда танлаш таклифлари илгари сурилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида Марказ томонидан таълим муассасаси кутубхонаси, устоз ва талабалари учун илмий китоблар туҳфа қилинди.
Давра суҳбати сўнггида тинчлик-омонлик, юрт равнақи ва ёшларнинг илм йўлидаги ривожини тилаб дуо қилинди.

Учрашув якунида меҳмонлар Марказ музейи экспозицияси билан танишди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





