Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт қилиб, яъни эркак ва аёлдан иборат қилиб яратгандан кейин уларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни берди. Оиланинг бир бўлаги бўлган аёлга инсоният ҳеч қайси замонда ислом таълимотичалик катта эътибор берган бирорта дин ёки тамаддунни кўрган эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёллар шаънини кўтариб, жоҳилият даврида эътиборга олинмайдиган аёлларга хос масалаларни ҳам баён қилиб ўтган. Шулардан ҳайз масаласини баён қилиб айтади: “Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта, Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади” [1].
Бу оятнинг нозил бўлишлик сабаби шундайки, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Яҳудийларнинг аёллари ҳайз кўрса, бирга овқатланмай ва бирга ётмай қўяр эдилар. Саҳобалар бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломдан сўрадилар. Ва Аллоҳ таоло “Сендан ҳайз ҳақида сўрайдилар” оятини нозил қилди. Шундан кейин Пайғамбар алайҳиссалом: жинсий алоқадан бошқа ҳамма нарсани қилсангиз бўлади, дедилар”.
Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳайзни бундай таърифлайдилар: Тўққиз ёшдан эллик беш ёшгача бўлган, касал ёки ҳомиладор бўлмаган аёл жинсига мансуб инсоннинг раҳмидан чиқадиган қондир. Ҳайзнинг энг оз муддати уч кечаю уч кундуз, энг кўпи ўн кечаю ўн кундуздир. Ҳайзнинг энг оз муддатидан оз , энг кўп муддатидан кўп ёки аёл кишининг одатидан ортиқ келадиган қон истиҳоза, яъни касаллик қони бўлиб, бунда намоз ва Қуръони карим ўқилади, Рамазон рўзаси ҳам тутилади. Лекин ҳайз ҳолатида бу ишлар мумкин эмас.
Талоқ қилинган аёллар тўғрисида Қуръони каримда шундай ҳукм келган: “Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар. Агар Аллоҳга ва Охират кунига ишонсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида яратган нарсани (ҳомилани ёки ҳайзни) яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар. Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир”[2].
Ислом талоқ қилинган аёлга насл-насаблар аралашиб кетмаслиги учун уч ҳайз мобайнида ўзини кузатиб, бошқа турмуш қурмай туришни буюради. Шу муддат ўтгач, хомила йўқлиги равшан бўлади ва у аёл эрга тегиши жоиздир. Агар ҳомиладор эканлиги маълум бўлса, бола туғилиб, нифос муддати ўтгандан кейин бошқа турмуш қуриши мумкин. Мана шу кутиш вақтини “идда” деб аталади. Шу идда асносида эр қилган ишидан пушаймон бўлиб, ярашишни истаса, бунга унинг ҳаққи бор. Энди эр-хотиннинг оилавий ҳаётдаги бурчи ва ҳуқуқлари тенг бўлиб, фақат эрнинг имтиёзи унинг оила бошлиғи эканлигидадир.
Кейинги оятда талоқнинг неча марта эканлиги баён қилинади: “(Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим). Ва сизлар учун уларга (хотинларингизга) берган нарсаларингизда (уларнинг маҳрларидан) бирон нарсани қайтариб олишингиз дуруст бўлмайди. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрган (оилавий турмуш борасидаги) қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсаларгина (дурустдир). Бас, агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир. Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилиб ўтмангиз! Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, ана ўшалар золимлардир”[3].
Шариат ҳукмига кўра оила никоҳ қилиш билан тузилиб, агар эр-хотиндан биронтасининг вафот қилишидан бошқа қандайдир сабаб билан ажралишга тўғри келса, талоқ қилиш билан бузилади. Лекин Исломда талоқни — оилани бузишни Тангри суймаслиги таъкидланади. Ва бу талоқ қилиш ҳуқуқи эркакка берилган, чунки табиатан эркаклар аёлларга нисбатан оғир-босиқ, ҳар бир ишнинг оқибатини ўйлаб қиладиган ва оилани оғир-енгил кунларда сабр-тоқат билан бошқариб борадиган кишилардир. Бундан ташқари икки мартагача қайта ярашишга рухсат берилган, чунки гоҳо аччиқ устида ўйланмасдан қилинган талоқдан кейин эр ҳам, хотин ҳам надомат қилиб қолишлари мумкинки, мазкур рухсат шундай пушаймон ҳолатида ёрдамга келади. Лекин ажрашиш аниқ бўлган ҳолда ҳам Ислом “чиройли суратда ажрашиш”га, яъни эр-хотин бир-бирини беҳурмат қилмай, хусусан аёл кишини бошқалар назарида қора қилмай (унга кейин бошқа эр харидор бўлиши мумкинлигини назардан қочирмаслик лозим) ва унга никоҳ сабабли берилган маҳр — ўзини эрига бағишлагани учун берилган эваздан бирон нарса олиб қолмай ажрашишга буюради. Юқоридаги оятда шариатдаги яна бир ҳукм — агар хотин эри билан яшай олишига кўзи етмасдан ундан талоқ қилишни сўраса ва бу талоқ учун муайян миқдорда эваз тўлашини айтса, эр бу эвазни қабул қилиши жоиз экани ҳам баён қилинади.