Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Имом Бухорий мажмуасида хизмат вазифасини бажариш учун бириктирилган ходимларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, диний ва миллий меросимиз ҳақидаги билимларини бойитиш мақсадида ташкил этилган махсус ўқув курсининг илк машғулоти бўлиб ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилган мазкур тадбирда Марказ катта илмий ходими Жонибек Жумаевнинг “Имом Бухорий мажмуаси – маърифат ва тарбия ўчоғи” номли маърузаси тингланди.
Маърузада ушбу муқаддас қадамжонинг нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон олами учун юксак маънавий аҳамиятга эга эканини илмий асослар билан баён қилинди. Хизмат вазифасини бажарувчи ходимлар учун мажмуанинг тарихий ва маърифий қийматини чуқур англаш зиёратчилар билан ўзаро мулоқот маданиятини юксалтиришда бош пойдевор бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда бутунлай янгидан, улуғвор қиёфада барпо этилган ушбу муаззам маскан халқимиз маънавиятини юксалтиришда, зиёратчилар ва ёшлар қалбида миллий ҳамда диний қадриятларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳини сингдиришда йирик маърифат маркази вазифасини ўтамоқда.

Машғулот давомида Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёт йўли, илмга бўлган садоқати ва инсон камолотига оид умуминсоний қарашлари мажмуанинг бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти билан ўзаро уйғунликда таҳлил қилинди. Тингловчилар нафақат мажмуанинг тарихий мақоми, балки унинг жамият маънавий ҳаётига кўрсатаётган тизимли таъсири хусусида ҳам кенг тушунчаларга эга бўлди.
Якунда тингловчиларни қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди ва батафсил изоҳлар берилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





