Бу моҳи шарифни ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун у аввало, бу муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон.
Уйингизга бирор меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, хурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларингизни ишга соласиз. Худди шунингдек, моҳи Рамазонни ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганича солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имони нурини зиёда қилиб олиш зарур.
Рўза инсонни ҳалол покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди”(Бақара,183).
Салмони Форсий р.а. шундай дедилар. Яъни: “Шаъбон ойининг охирги куниРасулуллоҳ с.а.в. бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У- сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У- хайр эхсон улашадиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади” . шунда биз: “ Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймизк-у” –дедик. Расулуллоҳ с.а.в. “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди” – дедилар.
Рамазон шариф тоат ибодат, қут барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак.
Пайғамбаримиз алайҳис салом марҳамат қилиб айтадилар: “Кимики Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.(Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳис салом шундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, аввали-биринчи ўн кунлиги рахмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса, дўзахдан нажотдир”.
Аллоҳнинг рахмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг рахмати ёғилган оила эса, албатта, барокатли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик хукмронлик қилади.
Бир куни Расулуллоҳ алайҳис салом жума хутбасини ўқиш учун минбарга кўтарилаётганларида уч марта “омин” дедилар. Бу “омин” ларнинг сирини сўраганларида, жаноб Расулуллоҳ алайҳис салом.: “ Минбарга чиқаётганимда биродарим Жаброил Амин (а.с.) келдилар ва қулоғимга: “ Рамзонга соғ-саломат етиб келиб, имкониятлари бўла туриб, гуноҳларидан янги туғилган гўдакдек пок бўлмаган кишининг бурни ерга ишқалсин” -дедилар. Мен “омин” дедим. Кейин: “Ота-онасини ёки уларнинг бирини ёши улуғликка етганда топса-ю, уларнинг хизматини қилиб, розилигини олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”-дедилар, мен яна “омин” дедим. Кейин яна: “ Сизнинг муборак номингизни эшитиб, саловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”,-дедилар. Мен яна “омин” дедим”. “ Бурни ерга ишқалсин ” нинг маъносини: эртага кўп афсус ва надомат чексин, маҳшаргоҳда шарманда бўлсин ҳамда ҳижолатга қолсин деб таъвил қилиш мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набийй соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен-ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан ҳушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири- ифтор вақтида, иккинчиси- Парвардигорга йўлиққанида”-дедилар. (Бешовлари ривоят қилган).Пайғамбаримиз алайҳис салом шундай мархамат қиладилар: “ Албатта, жаннатда “Раййон” исмли эшик бордир. У эшикдан қиёмат кунида рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди. Қаерда рўзадорлар деб нидо қилинади. Сўнг рўзадорлар ўринларидан турадилар ва у эшикдан жаннатга кирадилар. Улар кириб бўлганларидан сўнг у эшик ёпилади, улардан бошқа кимса у эшикдан кирмайди”. Бу ой Парвардигори оламнинг абадий туганмас неъмати бўлмиш жаннатига етишишимиз учун берилган улкан бир неъматдир. Аллоҳ таоло барчаларимизга бу ойни ғанимат билишликка тавфиқ берсин.