Исмоил ибн Иброҳим ўз даврининг буюк муҳаддис ва алломаларидан таълим олиб, юксак фақиҳ ва муҳаддис мақомини эгаллаган. Унинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс: «Ўлими олдидан ҳузурига кирган вақтимда у: «Ҳамма жамлаган молимнинг ичида бирор дирҳам ҳам шубҳалиси борлигини билмайман», деди. Бу сўзни эшитиб, унинг таъсиридан ўзимга ўзим арзимас бўлиб кўриндим», деган эди.
Муҳаддислар султони Имом Бухорий оиласига, фарзандларига ана шундай ҳалол луқма едирган олим инсоннинг фарзанди эди. Муҳаммад ибн Исмоил уч ёшлигидаёқ отаси вафот этган бўлса-да, ўз замонасининг олима ва оқила аёли бўлган онаси фарзандларининг тарбиясига масъул бўлди, уларга юксак одоб-ахлоқ ва бошланғич таълим берди. Ўғлининг илм йўлидаги сафарларини қўллаб қувватлади.
Муҳаммад ибн Исмоил аввал Бухорода устозлар қўлида таълим олди. Сўнг илм талабида қирқ йил ўзга юртларга сафар қилди. Катта машаққат, мустаҳкам тақво ва зуҳд билан ўн олти йил давомида тўплаган ҳадисларни «Саҳиҳ ул-Бухорий»да тасниф этди. Бу асар ислом оламида Қуръони каримдан сўнг энг мўътабар китоб дея эътироф этилди. У зот ҳақида Ибн Ҳажар Асқалоний шундай дейди: «Имом Бухорий ҳақида билдирилган ва айтилган барча мақтовлар келтирилса, уларни ёзишга варақ тугаб, ёзилганларни ўқиб чиқишга инсоннинг бардоши етмайди. Имом Бухорий соҳилсиз денгиздир».
Улуғ алломанинг ҳаёти битмас-туганмас ҳикмат ва ибратки, бугун ҳам у зотнинг маънавий мероси, илм ва ахлоқ ҳақидаги ўгитлари ҳақида битилаётган китобларнинг сон-саноғи йўқ. Тадқиқотчи Шукурулло Умаровнинг «Буюклик сири: Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти» номли рисоласи ҳам ана шу денгиздан бир томчи. Китоб илмий-маърифий ҳамда тарихий манбаларга таянган ҳолда ёзилган бўлиб, содда тили билан ўқувчиларга тушунарли ва халқчил. Китобда муҳаддис ҳаёти, илмий фаолияти, у зот яшаган давр муҳити кенг ёритилган.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





