Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида шу мавзуда маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди.

Тадбирда илмий ходимлар, олий таълим муассасаларининг тарихшунос олимлари ва маънавият масалалари бўйича мутасаддилари иштирок этиб, буюк саркарда ва моҳир давлат арбоби Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг минтақа ва жаҳон тарихида тутган ўрни ҳақида сўзлади. Соҳибқироннинг давлат бошқарувидаги юксак салоҳияти, адолатга асосланган сиёсати, салтанатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ва маънавиятни юксалтириш йўлидаги хизматлари алоҳида таъкидланди.

Қатнашчилар Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маданият ва меъморлик соҳаларида юз берган юксалишлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритди. Соҳибқироннинг олимлар, мутафаккирлар ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлагани, илм аҳлини рағбатланириш учун яратган шарт-шароити натижаси ўлароқ, улкан салтанатда маънавий ва маданий тараққиёт юксак босқичга кўтарилгани қайд этилди.

Маърузачилар темурийлар даврининг миллий давлатчилик тарихидаги ўрни ва аҳамиятига тўхталиб, замонлардаги ўзига хос бошқарув тизими, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат тамойиллари бугунги кун учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда Амир Темурнинг шахсий фазилатлари – жасорат, матонат, фидойилик, адолатпарварлик ва ватанпарварлик каби юксак инсоний сифатлари ҳам тилга олинди. Шу билан бирга, “Темур тузуклари” асарининг давлат бошқаруви ва маънавий тарбияда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





