Инсондаги энг олий туйғу – Ватан туйғусидир. Ўзи туғилиб ўсган она юртини жон қадар севадиган, ўзга юрт табиатидан ўз юрти табиатичалик завқ ололмайдиган, диёридаги катта-кичик ютуқлардан фахрланадиган, бутун ақл-заковати, қалб қўри, куч ва имкониятини шу замин гўзаллиги, ривожига бахшида эта олган инсондагина бу туйғу намоён бўлади. Ҳар бир кишининг энг асосий вазифаси Ватанни севиш ва унга хизмат этишдир. Ватанимизга бўлган муҳаббат ва ҳурматимиз ҳеч бир нарса билан ўлчанмайди. Ватанга муҳаббат тарбиясини оила қучоғидан бошлаш лозим. Бу борада: “Ватанни севмоқ имондандир” ҳикматини эсга олишнинг ўзи кифоядир. Биламизки, кичик болаларда Ватан тасаввури торроқ бўлади. Яъни улар учун Ватан – она қучоғидир. Болалар оиласини сева-сева Ватанни севишни ўрганади. Чунки оила муҳити Ватан муҳитининг асосини ташкил этади. Ватан тушунчасининг дастлабки озиғи ва қувватини оила бағридан олади. Силаи раҳм фазилати камол топган оиладан Ватанга хиёнат қилувчи чиқмайди. Оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам бўлади. Ўз оила аъзоларига нисбатан хайрли туйғуга эга бўлмаган, уларга фидокорлик қилишни билмаган киши Ватанга ҳам фидокорлик туйғуси билан яшамайди. Шундай экан, оила муҳити Ватан муҳитининг бошланиши, биринчи босқичи эканини бир нафас ҳам унутмаслик лозим.
Киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қўмсайди ва соғинади. Бу туйғу биз умматга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Чунки ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ватанлари Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Бу давр мобайнида Макка мушриклари томонидан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қанча зулм, душманлик ва камситишлар бўлди. Шундай бўлса-да, ватанларини тарк қилиб бошқа жойга кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулми ҳаддан ошиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганидан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим”, деб ноиложликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларини изҳор этганлар (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашганлари сари унга бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишларининг башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги оятни нозил қилди: “(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир…” (Қасос сураси, 85-оят). Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар.
Демак, Ватан инсон учун бебаҳо бойлик. Ватаннинг борлиги одамларга беқиёс куч-қудрат, ғайрат-шижоат бахш этади. Чунки инсоннинг энг покиза ва муқаддас туйғулари ўзи туғилган, вояга етган замин – Ватани бағрида уйғонади, камолга етади. Ҳеч бир инсон Ватандан ташқарида бахт-саодат топа олмайди. Ўз юртида обрў-эътибори бўлмаган инсон ўзга юртда ҳам қадрланмайди. Киши қадрдон юртида ўзини озод ва эркин ҳис қилади. Шунинг учун халқимиз “Ўзга юртда султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл” дейди.
Шу сабабли ўз юртимизда оддий касб эгаси бўлиш ўзга юртда подшо бўлишдан афзал экан. Ватан ҳақида гапириш, ватан ҳақида фикр юритиш ҳам шарафли, ҳам масъулиятлидир. Чунки Ватанни эслар экан, инсон ўзини буюк бир мамлакатда буюк бир халққа, буюк бир тарих ва буюк бир келажакка дахлдор эканини англайди. Ватандан қалби қувончга, фахру ғурурга тўлади.
Халқимизнинг энг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси “Аллоҳим, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил” деган дуодир. Доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – ҳурлигинг”, “Уруш томошабинга осон” каби мақолларда ҳам юртнинг тинчлиги қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Оқсоқоллар маслаҳатида, оналар айтган аллаларда бежиз тинчлик ва хотиржамлик кўп тилга олинмайди.
Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:
- Ватаннинг ҳақига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватани ҳақига дуо қилганлар. Масалан, Иброҳим алайҳиссалом ўз Ватанлари бўлмиш Маккаи мукаррамa ҳақига Қуръони каримда дуо қилганлари баён қилинган:
“Эсланг, Иброҳим: “Эй, Роббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, деди” (Бақара сураси 126-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадина мунавварага борганларида унинг ҳақига қуйидагича дуо қилдилар: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки ундан-да зиёдароқ суюкли қилгин! Ва уни тошу тарозусига – соъу муддига баракот бергин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Мана, Пайғамбар алайҳиссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро, бу икки неъмат – Ватан фаровонлиги омилларидандир! У иккиси ёки бири топилмаса, бахт-саодат йўқолади.
- Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси 61-оят). Демак, инсоннинг ер юзини, хусусан, яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривояти). Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга ҳаракат қилиши лозимлиги тарғиб этилмоқда.
- Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси, 56-оят).
Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” (Имом Термизий ривояти).
Кишининг ўз юртига меҳр-муҳаббатли бўлишига тарғиб қилиб, Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи шундай деганлар: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат – инсон қалбидаги туғма табиатдир. Бу нарса инсонни ватанида бўлганида хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”.
Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деганлар.
Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшайди. Демак, ҳар биримиз ўз ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, уни ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган шахсларнинг ҳақига дуолар қилиб, ибодатимизни ўз вақтида бажариб, умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
Бугунги дунё яширин хавф-хатарлар уясидир. Кимнинг кимлигини билиш амри маҳол, сабаби барча халқаро ҳаракатлар ошкорадан яширин ҳолатга кўчган. Азалий одатларга кўра, бир стол атрофида самимий суҳбатлар билан таомланишади-ю, ўз уйига қайтгандан кейин ҳамма ўз билганича ғийбат, яширин тарафкашлик қилади. Мамлакатнинг асосий ирода кучи унинг халқидир. Халқни халқ ҳолида сақлаб турувчи бош мезон эса бирдамликдир. Минг йилликлар қаърида шаклланган халқимиз учун бирдамлик ҳисси бугун ҳар қачонгидан долзарб. Айнан ички бирдамликни мустаҳкамламас эканмиз, ташқи хавфларга қарши иммунитетимиз сўроқ остида қолаверади.
Ҳозирги мураккаб, таҳликали замонда, тўрт томонимизда нотинчлик, ўнлаб давлатларда юз бераётган қонли тўқнашувлар, террорчилик ҳаракатлари, мингминглаб бегуноҳ инсонларнинг қирилиб кетаётгани, тарихда номи машҳур тарихий иншоотлар, муқаддас зиёратгоҳлар шафқатсизларча портлатиб, худбинларча бузиб ташланаётган бир пайтда, ўлкамиздаги тинчлик ва осойишталик учун Аллоҳга ҳамд айтишимиз, тинчликни кўз қорачиғидай асрашимиз лозимдир. Барчамиз ҳозирги пайтда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ бўлишимиз керак. Тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, мамлакатимизда рўй бераётган ривожланиш ва тараққиёт юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик эвазига бўлаётгани, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслигимиз керак.
Отабек Баҳриев
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





