Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасини кўрган ҳар қандай киши улуғлар юртига улуғворлик ярашади деган эзгу нақл замирида ғоят чуқур ҳаётий ҳақиқат борлигига яна бир бор амин бўлади.
Дарҳақиқат, биз бугун яшаётган саховатли замин асрлар давомида инсониятга не-не алломаларни тақдим этганини яхши биламиз, дунё афкор оммаси ҳам эътироф қилади. Ҳозирги замон кишиси учун оддий кўринган кўплаб ҳаётий зарур ашё ва тамойиллар негизида аслида катта кашфиётлар, илмий жасорат намуналари ётиши ҳам айни ҳақиқат. Лекин бугун одатий нарсалар ҳисобланмиш ана шу илмий мўъжизаларни ўша даврларда инсоният истифодасига ҳавола этмоқ учун қанча кўз нури тўкилгани, қанча-қанча уйқусиз тунлар ўтказилгани, ижоднинг қандай оғир изтироблари чекилгани, бир сўз билан айтганда, мислсиз ақлий риёзат синовларидан ўтилганини фақат кашшофларнинг – олиму алломапаримизнинг ўзлари билади.
Мисол учун, Хоразмий бобо жидду жаҳд қилиб араб рақамларини илмий муомалага киритмаганида, башарият яна неча аср давомида римликларнинг рақамлари билан алданиб-адашиб, ҳисоб-китобга қийналиб, оқибатда тараққиётни ортга сургандан суравериб юрган бўларди.
Бошқа алломаларимизнинг илмий жасоратлари ва илм-фаннинг олий пештахтасига зарҳал ҳарфлар билан битилган кашфиётларидан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин ўйлаймизки, шунинг ўзи кифоя. Зеро, ақл эгалари уларни аллақачон ўз тафаккури билан қалбига сингдириб бўлган.
Аждодларимиз жаҳон илм-фани баробарида исломий илмлар ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшган. Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асрлар давомида мусулмон оламида Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида эътироф этиб келинаётганини барчамиз яхши биламиз. Шуни ҳам биламизки, дунё мусулмонларининг аксарияти муқаддас динимизнинг ақидасини Имом Мотуридий мактаби, аниқроғи, унинг «Таъвилот ал-Қуръон» асари асосида ўрганади. Шу икки залварли мисол билан чекланиш мумкинмикан!.. Ахир ислом фиқҳи – юриспруденцияси ҳали-ҳануз Бурҳонидсин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари асосида юритилишини, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий каби тариқат аҳлининг қарийб барча пешволари шу муқаддас заминдан етишиб чиққан шахслар бўлганини айтмаслик ўз-ўзимизга хиёнатдек туюладида.
Негаки, бу заминнинг ҳар қаричи муқаддас – ҳар вилоятнинг хоҳлаган туманига боринг, албатта, бир авлиё ёки олимнинг зиёратгоҳига дуч келасиз. Бошқа халқлар шу жиҳатдан бизга ҳавас билан қараши бор гап. Мусулмонлар истиқомат қиладиган ҳар қандай диёрга бориб, «Бухорийнинг юртдошиман» десангиз, ўзгача муносабат кўрсатилиши кўпдан-кўп ҳаётий тасдиқлардан ўтган ҳақиқат.
Лекин биз аждодлар билан фақат фахрланиш йўлидан бормаётганимизни ҳам таъкидлаш керак. Мамлакатимизда бу азиз зотларнинг илмий-маънавий меросини асраб-авайлаш, ўқиб-ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодни шу мерос маъно-мазмун оладиган гўзал анъаналар асосида тарбиялаш борасида бемисл ишлар амалга оширилмокда. Бир неча йиллардан буён Самарқандда Имом Бухорий, Термизда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатмокда. Мана, Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилди.
Мазкур илмий-тадқиқот муассасалари буюк муҳаддис ва муфассирлар, калом илми пешволарининг асарларини, уларга бошқа нуфузли уламолар битган шарҳларни ўзбек тилига изоҳли таржима қилиб, нашрдан чиқармокда. Бу фақат исломий илмларни эмас, балки таълим-тарбияни, шунингдек, ватанпарварлик, инсонпарварлик, тинчликсеварлик, бағрикенглик, ҳалоллик, атроф-муҳитга ғамхўрлик каби ҳис-туйғу ва фазилатларни ҳам кенг ёйиш ҳамда ривожлантиришга йўл очмокда. Негаки, бу ноёб мерос ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини қамраб оладиган, шахсий камолотдан фозил давлат ва фозил жамият қуришгача бўлган ҳамма босқич ва поғоналарда дастуриламал бўладиган бебаҳо хазинадир.
Кўплаб донишларнинг «бир йил илм ўрганган бўлсам, қирқ йил одобни ўргандим» деган мазмундаги гапини ҳаммамиз эшитганмиз, ўқиганмиз. Яъни тарбия маъносидаги одоб яхши бўлса, тарбиядан шаклланувчи ахлоқ, дунёқараш, интилишлар эзгу бўлса, илм ривожланиб бораверади.
Шу маънода, Имом Бухорийнинг, бошқа алломаларимизнинг илмий мероси ўз-ўзидан катта бойлик бўлса, бунинг тарбиявий аҳамияти яна бир улкан мулкдир. Мисол келтирайлик. Яхши маълумки, Имом Бухорий болалигида отасидан етим қолиб, онаси тарбияси билан вояга етган. У аёл эркаклар билан ёнма-ён масжидга бора олмасди, лекин ўғлини эрталаб ибодатга кетаётган одамлар сафига қўшиб юборишдан ҳеч ҳам толмасди. Унинг дуогўйлиги сабабли ёш Муҳаммаднинг ожиз кўзларига яна нур қайтган. Унинг жонкуярлиги туфайли ёш Муҳаммад ҳамма тан оладиган Имом – ҳадис илмининг султони бўлиб етишган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ахир ота умри узоқ бўлган тақдирда ҳам ҳамиша фарзанднинг ёнида туролмайди. У турмуш ташвишлари билан эрталаб кетиб, кечқурун қайтадиган раҳнамо. Она эса бола билан доимо бирга. Мана шу мисолнинг ўзи ёш оналаримиз учун катта сабоқ бўлса, ажаб эмас.
Имом Бухорий ҳақида, унинг асарлари тўғрисида соатлаб гапириш мумкин. Аллоҳ таоло у зотга катта фазл ва шараф ато этган. Илм йўлидаги хизматларининг самараси ўлароқ шуҳратини бутун дунёга қиёматга етадиган қилиб тарқатган. У зотнинг шаънига айтилган гапларни тўлиқ келтиришнинг сира иложи йўқ. Биз фақат ҳадис илмининг етук олими Асқалонийнинг «Кейинги асрда яшаб ўтган уламоларнинг Имом Бухорий номига айтган мақтовлари» номли алоҳида боб очсалар варақлар қолмай, сиёҳлар тугаб битар эди. Чунки у соҳили йўқ денгиздир» деган гапини келтириш билан кифояланамиз.
Биз Имом Бухорий мажмуасининг бетакрор меъморий ечимлари, техник сифатлари, бу ердаги меҳмонхоналар, зангори сувли ҳовузлар, азим чинорлар ҳақида тўхталмадик. Илло, қолган таассуротларни зиёратга келган киши ўзи кўриб, ҳис қилгани, англагани маъқул.
Фақат бир жиҳатни таъкидлаб ўтамиз: ривоятларга кўра, Имом Бухорий дафн этилганида, қабридан юқорига нур кўтарилиб, ён-атрофга жуда ёқимли ҳид таралган экан. Шу даражадаки, одамлар у ердан уйига тупроқ олиб кета бошлаган. Яъни улуғ инсонларнинг улуғворлиги вафотидан кейин ҳам муаззамлигича қолаверади. Зотан, Президентимиз томонидан ана шу улуғ инсон шарафига бунёд қилинган мажмуа ҳам ғоят улуғворлик касб этганини кўриб, бунга яна бир карра амин бўлиб турибмиз.
Шовосил ЗИЁДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари доктори, профессор
Манба: «Халқ сўзи» газетаси 2026 йил 24 март, №56(9227)
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





