Home / МАҚОЛАЛАР / Суҳбатлашиш ва мажлис одоблари

Суҳбатлашиш ва мажлис одоблари

Суҳбатни ихтиёр қилган кишининг нияти холис, яъни беғараз бўлиши керак. Кийим ва баданни покиза ҳамда муаттар тутиш, бадбўй нарсалардан узоқ бўлиш лозим. Суҳбатдошлари унинг пиёз, саримсоқ еганидан безовта бўлмаслиги керак.

Яхши кишилар суҳбатига интилиш лозим. Зикр мажлисларида зикр аҳли ҳалқа бўлиб олиши зарур. Бунинг бир неча фойдалари бор: бир-бирларига юзланиш, назар ташлаш ҳамда каттаю кичик, бою камбағал баробар ўтиради. Зикр мажлисида улуғ киши бўлса, ҳамма унга қараб ўтиради. Агар икки киши суҳбат қилиб бермоқчи бўлса, уларга рўбарў ўтириш керак.

Ҳалқанинг ўртасида ўтирмаслик керак. Бу макруҳдир. Илло, зарурат юзасидан ёки бирор хизматни бажараётган бўлса, шундай ўтиришнинг зарари йўқ.

Одоб ва ҳурмат билан ўтирган аҳли мажлис учун кенгроқ жой танлаган маъқул. Тиззани тиззага теккизмай ўтириш ҳамда икки кишининг орасига суқилмаслик зарур. Чап қўлини ёнбошига ёки орқасига қўйиб, унга таяниб ўтирмаслик керак. Бир хил тарзда ўтиравериб чарчаса, тиззани кўтариб ёки чордона қуриб ўтирса бўлади. Икки тиззасини кўтариб, икки қўли билан болдирни ушлаб ўтириш жоиз.

Улуғ ва фазилатли кишини тўрга ўтқазиш ва унга таъзим қилиш лозим. Одобсиз сўз, феъл ва хатти-ҳаракатдан, ноўрин сукутдан сақланиш зарур.

Ёши улуғларни ҳурмат ва кичикларни иззат қилиш, кексаларга эҳтиром кўрсатиш даркор. Яқинларини оға-ини қаторида кўриб, уларга яхши муносабатда бўлиш, ҳурматини жойига қўйиш матлубдир.

Ёмонлар ҳамда гўзал аёллар суҳбатидан эҳтиёт бўлиш даркор. Агар улар билан суҳбатлашишга мажбур бўлиб қолса, кўзи ва кўнглини улардан тияди.

Агар мажлисда аксирмоқчи бўлса, имкони борича овозни паст қилиб, секинлик билан оғзини бирор нарса билан ёпиб акса уради. Акса такрорланаверса, учинчи мартасида акса урувчи кишига: “Тумов бўлибсизми?” дейиш керак.

Суҳбат аҳлига хизмат қилишни ўзига шараф ва бурч деб билиб, уларнинг хизматидан нолимаслик ва ҳеч кимга иш буюрмаслик керак. Таҳоратхона ва ҳожатхонани тозалашдек забун ишлардан ўзини олиб қочмаслик керак. Қилган хизматини миннат қилмаслик ва суҳбат аҳлига ташаккур айтиш лозим.

Суҳбатда очиқюзли ва табассумли бўлиш зарур. Бу гўзал ахлоқ ва чиройли одоб безагидир.

Шариат буюрган амрларни, хоҳ сўзда, хоҳ амалда бўлсин, суҳбат аҳлига ҳеч тортинмасдан айтавериш керак.

Мол-мулкини суҳбат аҳлидан дариғ тутмаслик, балки уларни ҳам шу мулкда ҳақи борлигини билиш лозим. Илло, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни ҳеч кимга раво кўрмайди.

Агар мажлис аҳлига бирор ҳадя келиб қолса, гарчи у улуғ кишиларнинг туҳфаси бўлса-да, ҳаммани унга шерик қилиши керак. Агар мулозимлардан айримлари мажлисда йўқ бўлса, уларнинг ҳам ҳақини олиб қўйиш керак.

Биродарларидан бирор киши хатога йўл қўйса, уни кечириш керак. Узрини тушуниб, айбини юзига солмаган маъқул. Агар дўсти бирор ножўя хатти-ҳаракат қилса, унга ҳеч ким йўқ жойда насиҳат қилиш керак. Токи у хатосини тушуниб етиб, тавба қилсин. Агар даврадошларидан биридан ёмон иш ва феъл содир бўлса, уни тўғрилаш даркор.

Улуғ ва азизларнинг насиҳат ва ваъзларини жон қулоғи билан эшитиб, уларга қатъий риоя қилиш керак.

Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан
Манба: hidoyat.uz

Check Also

«ҲАЁТИЙ МАЁҚЛАР»

«Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен. Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен!»   ҚАДРЛИ ва …