Ижтимоий тармоқларда тинч-осойишта яшаётган мусулмон халқлар орасида фитна чиқариб, конституцион ҳокимиятларни ағдаришни ўйлаётганлар, давлатни тузумини ўзгартиришга очиқдан-очиқ чақирмаса-да, гап-сўзлари замирида шунга ишора қилган ҳолда, ёшлар онгини лойқалашга интилаётганлар кўпаймоқда. Шулардан бири соф ўзбек тилида “Халқ ичида мана шунақанги жонкуяр одамлар бўлиши керак-да. Афғонистонда йигирма йил урушган бўлса ҳам ўзгариш ва ўзгартиришни истайдиган одамлар бор. Шом аҳли орасида ҳам зулмга қараб ўтирмайдиган, ўзгартиришни истайдиган одамлар бор” деб, одамларга бузғунчи ғояларни сингдиришга, жамиятда фитна тарқатишга ҳаракат қилмоқда. Ғаламис кимсалар бундай мазмундаги гаплар орқали одамларни ошкора эмас, балки ҳийла билан, хуфя тарзда ишонтиришга ҳаракат қилади. Бир қарашда шунчаки объектив (шахсий) фикрдек туюлган бу иборалар – аслида мавжуд тизим ва тузумга нисбатан шубҳа уйғотиш, одамлар руҳият қалбига фитна уруғини сочиш каби хавфли мақсадларга хизмат қилади.
Бундай гапларнинг энг хатарли жиҳати шундаки, улар дастлаб “адолат”, “янгича ҳаёт”, “халқ манфаати” каби жарангдор сўзлар билан безатилади. Лекин негизида ўзини жамиятга қарши қўйиш, одамлар орасида ишончсизлик уйғотиш, давлат ва халқ бирлигини бузиш каби ғаразли мақсадлар яширин бўлади. Фитначилар одатда инсоннинг ички эҳтиёжларидан, дарду ташвишларидан фойдаланиб, унинг онгини адаштиришга, шу тариқа қалбидаги ҳаловатни йўқотишга ҳаракат қилади.
Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, жамиятни беқарорликка тортувчи фикрлар, албатта, аввал тор доирада пайдо бўлади. Кейин нотўғри талқинлар, ноўрин қиёслар, “фалон ерда бундай экан, бизда-чи?!” каби бемаъни даъволар билан кучайтирилиб, омма орасида тарқатилади. Ўзингиз ўйланг, Афғонистон ё Шом (Сурия) каби юртларда юз берган мудҳиш воқеаларни бугунги ўзбек жамиятига қиёс қилиш тўғрими ўзи?! Ахир, ҳар бир халқнинг ўз индивидуал тарихи, маънавий қадриятлари, сиёсий тажрибаси ва тараққиёт йўли бор, у бошқалардан мутлақо фарқ қилади. У ерлардаги узоқ йиллик урушлар, биродаркушлик, талофатлар ўзбек халқига бутунлай ёт ҳолатлардир. Демак, уларни қиёс объекти сифатида келтириб, “улар ўзгариш қилди, биз-чи?!” каби саволлар билан одамларнинг ақлига ғулғула солиш ўтакетган разолатдан ўзга нарса эмас. Соғлом фикрли кишилар бу каби сўзлар ортида қандай ғаразли мақсадлар турганини дарҳол англайди.
Бундай адаштирувчи тоифаларнинг яна бир усули – жамиятда мавжуд муаммоларни мутлақлаштириб (салгина салбийни мутлақо салбий, кичик муаммони бўрттириб кўрсатиш тарзида) кўрсатишдир. Ҳаётда камчиликлар бўлиши табиий. Лекин уларни давлатни ағдариш, халқни ҳокимиятга қарши қўйиш учун важ қилиб олиш ҳеч қачон тўғри бўлмайди. Яхши ниятли инсонлар муаммоларни тинч йўл, муроса ва маслаҳат билан ҳал қилади. Ичи ғараз билан тўлган тоифалар эса, аксинча, ҳар қандай майда муаммони бўрттириб, ундан фитна чиқаргиси, одамларда шикоят ва норозилик туйғуларини кучайтиргиси келади. Буни халқимиз “пашшадан фил ясаш” дейди.
Фитна тарқатиш – бу фақат нотўғри гап тарқатиш эмас. Бу одамлар орасида ишончни йўқотиш, биродарни биродарга душман қилиб қўйиш, тинчлик асосларига раҳна солишдир. Бугунги мураккаб шароитда ҳар бир инсон бирор кескин фикрга дуч келганда масъулият билан ўйлаши керак: Бу гапга эргашиш қанчалик тўғри? Буларнинг нияти нима ўзи? Келтирилган мисол ва далиллар эгри талқинда эмасми, одамларни адаштиришга қаратилмаганми? Бундай гапларнинг оқибати қаерга олиб боради?
Фитнанинг фитна эканини аниқлашнинг ўзи ҳам кишидан билим, маърифат, тафаккур ва зийраклик талаб қилади.
Жамиятнинг энг катта кучи – унинг бирлиги ва бирдамлигида. Одамлар якдил, ҳамфикр бўлса, ҳеч қандай бузғунчи ғоя жамият осудалигига путур етказа олмайди. Лекин баъзилар эгри талқинларга ишониб, шубҳаланаверса, ҳатто кичик фитна ҳам катта офатга айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Шу боис ҳар бир инсон асоси мавҳум “янги” ғояларга онгли равишда ёндашиши, ўзга мамлакатлар мисолидаги қонли воқеаларни “эркинлик”, “ислоҳот” каби “сержило” сўзлар билан зийнатлаб кўрсатувчилардан огоҳ бўлиб бориши керак.
Энг муҳими, тинчликни қадрлай билиш зарур. Тинчлик шунчаки қуролли можаронинг йўқлиги эмас, балки мустаҳкам хавфсизлик, давомли барқарорлик, ёш авлоднинг эртанги кунга ишончи, илм-маърифат тараққиёти, адолатли жамиятни тинч ва қонуний йўл билан барпо этиш имконидир. Фитначилар мана шу асосларни бузишни кўзлайди.
Жамиятда фитна тарқатиш – одамларни, эл-юртни, мамлакатни таназзулга етакловчи энг хавфли иллат. Шу сабабли исломда фитна ва фитначи қаттиқ қораланади. Мўмин инсоннинг вазифаси фитнани ўчириш, тинчлик ва биродарликни кучайтиришдир.
Аллоҳ таоло бандаларни фитналар ва фитначилардан эҳтиёт бўлишга чорлаб, бундай дейди: “Орангиздаги зулм қилганларнинг фақат ўзигагина етмайдиган (балки барчангизга таъсир қиладиган) фитнадан сақланингиз ва билингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир”[1].
Жумладан, Ҳақ таоло фитнадан сақланишнинг энг оддий ва муҳим усули сифатида мусулмон киши ҳар қандай хабарга ҳам ишониб кетавермаслиги, ҳар томонлама текшириб кўриши зарур эканини илоҳий амр билан маълум қилади: “Эй мўминлар! Сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишингиздан пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”[2]
Ислом динида жамиятда тинчликни сақлашга устувор ўрин берилиб, фитнага энг оғир гуноҳлардан бири сифатида қаралади. Бақара сурасида айтилганидек, “Фитна қотилликдан ҳам ёмонроқдир”[3]. Бу оят билан мўмин-мусулмонлар фитнанинг ўта оғир гуноҳ эканидан огоҳ этилиб, ундан сақланишга буюрилмоқда. Модомики, фитна одам ўлдиришдан ҳам оғир гуноҳ экан, ҳар бир инсон уни қўзғашдан, бундай ишга аралашиб қолишдан сақланиши, оиласини эҳтиёт қилиши фарзи айндир. Бунинг учун аввало фитнага олиб борувчи сабаблардан қўл ва тилни тийиш (ноўрин хатти-ҳаракат ва фисқу фасод гап-сўзлардан узоқ юриш) лозим бўлади.
Уламолар фитнадан сақланиш учун бундай дуо қилган: “Эй Аллоҳ! Диндан қайтиш ёки фитнага мубтало бўлиб қолишдан Сенинг Ўзингдан паноҳ тилаймиз”.
Фитна ва фитначилар доим бўлган ва бугунги замон ҳам истисно эмас. Бир томонда турли диний-экстремистик оқимлар, иккинчи томонда исломофоблар, яна бир томонда “соф ислом”ни ниқоб қилиб олган шахси нотайин “шайх”лар ўз тарғибот майдонини кенгайтириш йўлида ҳаракатлар олиб бормоқда.
Жамиятда фитна бошланиб, оқил инсонлар жоҳилларини унга аралашиб қолишдан тўса олмаса, нифоқ-низо кенгайиб, оқилни ҳам, жоҳилни ҳам, солиҳни ҳам, фожирни ўз домига тортиб кетади. Яъни, яхши-ёмон бирдек изтироб чекади. Золимни ҳеч ким тўхтатмаса, Аллоҳнинг балоси ҳаммага ёғилади. “Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир (эҳтиёт) бўлсинлар”[4].
“Ўрмонга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баробар ёнади” деган нақлимизда фитна жиловланмас оловга ўхшатилади. Фитна оқибатида келадиган маънавий ва иқтисодий зарарни ҳеч бир моддий қиймат билан ўлчаб бўлмайди. Унинг кўлами кенгайган сари унинг зарари ҳам ортиб, яна ҳам кўп жамоа ва жамиятларни ўз домига тортиб бораверади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши фитналарга дуч келганда, ибодат ва эътиқодда янада маҳкам бўлишни уқтирганлар. “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди мен учун ҳижрат қилган кабидир” деб, ўшандай шароитдаги ибодатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳр ва ҳурмат билан қилинган ҳижратга тенглаштирганлар (Имом Муслим ривояти).
Демак, фитнани оловини ўчириш, тинчлик ва биродарликни кучайтириш ҳар бир мўмин инсоннинг вазифаси экан. Мусулмонларни фитна бошланган пайти тоат-ибодатга чорлашда катта ҳикмат бордир. Инсон юртнинг солиҳ раҳбарига итоат билан жисму жонини жисмоний озорлардан ҳимоя қилса, ибодат билан қалбини мафкуравий алданишлардан муҳофаза этади. Фитналар урчиб турган шароитда чин саодатга етмоқчи бўлганлар учун энг мақбули шудир.
“Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиори жамиятимизнинг ҳар бир зиёли кишисини, хусусан, диний арбоблар, имом-хатибларимиз зиммасига давлатимизнинг одил ва оқил сиёсати асосида жипслашиб, ёт фикр-мафкураларга қарши миллий мафкура билан, вайронкор ғояларга қарши бунёдкор ғоялар билан, динсизлик жаҳолатига қарши миллий маърифат ва асрий диний қадриятлар билан курашишдек улкан масъулиятни юклайди.
Президент Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ислом дини – бу ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини унутмайлик”.
Бинобарин, адаштирувчи гап-сўзлар хатаридан огоҳ бўлиш, улар негизидаги яширин мақсадларни англаш, халқимизнинг адолат, тинчлик ва бағрикенгликка асосланган, юзлаб йиллар давомида ҳаёт синовларига дош бериб, ўзининг ҳаққонийлигини исботлаб келган тафаккурини ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Шу боис ҳам мулоҳазали бўлиш, баландпарвоз кўринган гаплар ортидаги ғаразли ниятларни сеза олиш ва жамиятда соғлом муҳитни сақлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





