Рўза – буюк ибодат. У фақатгина еб-ичишдан тийилишдан иборат эмас. У жамиятда тенглик ва меҳр-оқибатдан иборат янгича руҳни шакллантириш учун жорий қилинган илоҳий тарбия услуби ҳамдир. Шунинг учун самовий динларнинг барчасида турли кўринишларда фарз қилинган. Бу маъно Қуръони каримнинг ушбу оятида таъкидлаб қўйилган: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят). Бундан аён бўладики, рўза ибодати Одам алайҳиссаломдан бошлаб, Муҳаммад алайҳиссалом даврларига қадар яшаб ўтган барча пайғамбарлар ва уларнинг умматларига фарз қилинган, фақат шартлари ва тартиб-қоидалари турлича бўлган. Бинобарин, рўза кишининг нафсини поклаш, гўзал хулқлар ва адолат ҳукм сурадиган ҳамжиҳат жамият барпо қилиш мақсадида индирилган илоҳий амрдир.
Рўзанинг ижтимоий фойдалари қуйидагилар мисолида намоён бўлади.
Биринчи – жамиятда тенглик ва бирдамлик руҳини пайдо қилади.
Рўза – уни тутишга қодир бўлган бойга ҳам, камбағалга ҳам бирдек фарз. Бинобарин, у сабабли жамиятдаги синфий тафовут йўқолади, ҳар бир шахс бошқаларнинг муҳтожлигини ўз танасида ҳис қилади. Ана шу туйғу ўзаро хайрихоҳликни пайдо қилади, саховатли бўлишга, кўпроқ хайр-эҳсон қилишга ундайди. Рамазон ойида бажариладиган бир амал борки, ўз ўрнига тушадиган бўлса, ундан савоблироқ саховат ва хайр-эсҳон йўқдир. У – кам таъминланган ва эҳтиёжманд инсонлардан рўза тутганларига ифторлик қилиб беришдир. Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадорга бериладиган ажрнинг мисли берилади, аммо унинг ажридан бирор нарса камаймайди”, деб хушхабар берганлар (Имом Термизий ривояти). Демак, Рамазон рўзаси хайр-эҳсоннинг ажрини бу қадар юксалтириш орқали инсонларни яхшилик қилишга рағбатлантириб, жамиятдаги бирдамлик эшикларини очади.
Иккинчи – оилавий ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди.
Саҳарлик ва ифторлик вақтида ёзилган дастурхон оила аъзолари ва қариндошлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишига, пировардида силаи раҳм ва меҳр-оқибат туйғулари зиёдалашишига хизмат қилади. Набий алайҳиссалом: “Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарлик қилишда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган). Бу барака нафақат таомда, балки ҳамжиҳатликда ҳам намоён бўлади. Аҳиллик бўлмаган жойда барака бўлмаслиги тайин, ахир.
Учинчи – жамият аъзоларида бағрикенглик ва ҳалимлик ҳиссини пайдо қилади, кимда бу хислатлар мавжуд бўлса, унинг фазилатлари даражасини оширади.
Рўза тутиш инсонга сабрли бўлиш ва ғазабни ичга ютишни ўргатади. Очлик ва ташналикнинг ўзи кишини анча вазминлаштириб қўяди. Ғазаб келганда ўзни босиш феномени орқали эса, жамиятда турли низолар ва жанжаллар камаяди, кечиримлилик руҳи ҳукм суради. Набий алайҳиссалом бундай кўрсатма берганлар: “Бирортангиз рўза тутадиган бўлса, ахлоқсиз сўзларни гапирмасин, бақир-чақир қилмасин. Бирор киши уни ҳақорат қиладиган ё у билан жанжаллашадиган бўлса: “Мен рўзадорман”, деб айтсин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Шунга кўра, рўза тутиш ижтимоий бағрикенгликни жамият ҳаётига татбиқ этиш учун катта имкониятдир.
Тўртинчи – ижтимоий тартиб-интизом ўрнатилишига хизмат қилади.
Рўза – жамият ҳаётини бир маромда ушлаб туради, одамлар ундан тартиб-интизомли ва ахлоқан масъулиятли бўлишни ўрганади. Бу – жамият ҳаётида ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз. Ана шу ижтимоий тартиб-интизом бирлик руҳини мустаҳкамлайди ва алоқадорлик ҳиссини кучайтиради.
Эътибор берсангиз, Рамазон ойида киши ҳатто рўза тутмаган бўлса ҳам ўзини рўзадордек тутади. Бу – жамоат жойларда емай-ичмай юришнинг ўзигина эмас, балки ўзгарган муомала, яхшироқ хулқ-одоб, тил парҳези, назар парҳези, давра парҳези, умуман, парҳез сўз ва амаллардир. Муқаддас ойнинг руҳияти мана шундай омилларда намоён бўлади.
Бешинчи – рўза кишилар қалбида муҳтожларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш туйғусини пайдо қилади, кимда бор бўлса, яна ҳам мустаҳкамлайди.
Бу ҳодиса жамиятнинг умумий савияси, маънавияти ва қадриятлари юксалишига сабаб бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Рўза – сабр ойи. Сабрнинг мукофоти жаннатдир. У ўзаро тенглик ойидир”, деганлар (Ибн Хузайма ривояти). Демак, Рамазон – раҳм-шафқат ва ўзаро тенгликнинг энг олий кўринишлари намоён бўладиган ойдир.
Нафсиламрини айтганда, рўза – манфаати бир шахс билан чегараланиб қолмайдиган, балки бутун жамиятни қамраб оладиган ибодат туридир. У ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайди, кечиримли, раҳм-шафқатли, тартиб-интизомли бўлишга ўргатади. Шунингдек, меҳр-оқибат ва адолат ҳукмрон бўлган, мустаҳкам ва барқарор жамият барпо қилишда ишончли устун вазифасини бажаради. Шунинг учун ҳар бир мусулмон Рамазон рўзасини индивидуалликдан кўра кўпроқ ижтимоий фойдалар билан ўтказиш ҳаракатида бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





