Шариат илмлари ўз-ўзидан шаклланиб қолмаган, балки авлоддан-авлодга ўтиб келган таълимотдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илмни саҳобаларга ўргатганлар. Саҳобалар тобеинларга, улар эса – кейингиларга. Бизга етиб келган ҳар бир ҳадис, ҳар бир фиқҳий масала шу силсиланинг маҳсулидир.
Баъзилар бундай дейди: “Модомики, сен “Аллоҳ айтди, Расули айтди, Расулуллоҳнинг сўзларини саҳобалар мана бунақа тушунган экан” деяпсан экан, демак, катталардан илм олаяпсан. Бу гапни айтаётган одам ўн яшар бола бўлса ҳам. Кичкиналардан келса ҳалок бўлади, дегани шуки, саҳобалардан кейинги авлоднинг гапини кўтариб юрсанг, унақа одамлар ҳалок бўлади. Ҳозир “саҳобалар айтган” десанг, биттаси келади-да, “Имом Мотуридий айтган” дейди. Саҳобалар каттами, имом Мотуридийми? “Саҳобалар айтган десанг”, “Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтган” деб далил қилмоқчи бўлади. Ҳеч ким ўз-ўзича гапирмайди. Лекин бу дегани “сўзловчи ҳамма нарсани билади” дегани эмас-да”.
Бу сўзларда бир неча жиддий илмий хато бор. Усулга оид муаммолар ҳам. Бу фикр зоҳирда саҳобаларни улуғлашдек туюлади, лекин пировардида аҳли сунна усулига зид натижаларга олиб боради.
“Кичиклардан илм келса ҳалокат бўлади” деган гапнинг ёшга тааллуқли жойи йўқ. Салафи солиҳ уламолар бу маънодаги ривоятлар ёш эмас, балки илм ва усул масаласи эканини баён қилган.
Ибн Муборакдан “кичиклар” ҳақида сўралганда, “Улар шахсий фикри билан гапирадиганлардир. Аммо катта олимдан ривоят қилаётган ёш киши кичик ҳисобланмайди”, деган. Бошқа ривоятга кўра, Ибн Муборак “кичиклар” деганда, аҳли бидъатни назарда тутган, суннат аҳлини эмас.
Илм одамларининг баъзилари: “Кичик” дегани одамлар фатво сўрайдиган, аммо ўзи илмсиз кимса, “катта” эса, ёши неччида эканидан қатъи назар, олимдир”, деган. Шунингдек, “жоҳил киши ёши катта бўлса ҳам кичикдир, олим эса ёши кичик бўлса ҳам каттадир”, дейилади. Далили бундай: “Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, ундан фатво сўраларди. Муоз ибн Жабал ва Аттоб ибн Усайд розияллоҳу анҳумо ҳам ёш бўлишига қарамай, одамларга фатво берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ёшлигига қарамай ҳоким этиб тайинлаганлар” (Ибн Абдулбаррнинг “Жомиъ баёнил илми ва фазлиҳ” асаридан).
Бу таърифлардан кўриниб туриптики, “кичиклар” деганда ёши кичик бўлганлар эмас, балки илмда пишиқ бўлмаган, суннатдан узоқ ёки ҳавои нафсга эргашган кимсалар назарда тутилган экан. Агар инсон ёши кичик бўлса ҳам, илмни саҳобалар манҳажи (йўли)даги катта уламолардан олса, бу ҳалокат эмас.
Шу боис мужтаҳид уламолар мазкур таҳдид доирасига кирмайди. Илмнинг қадри унинг қайси манбага суянгани билан ўлчанади.
“Саҳобалар каттами ё мужтаҳид имомлар?” деб қарама-қарши қўйиш тўғри эмас. Саҳобалар – асос, имомлар эса шу асосни сақлаб қолган олимлардир. Мужтаҳид имомлар бўлмаганида, ҳар ким “фалон саҳоба бундай деган” деб, тўғрими-нотўғрими, ўз фикрига суянган бўларди. Имомларни тан олмайдиган айримларда бу ҳолат ҳозир ҳам намоён бўлмоқда.
Саҳобалар умматнинг энг афзал табақаси экани қатъиян маълум. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз – менинг замонимдагилар. Сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар…” (Бухорий ривояти). Бироқ уларнинг фазилатини далил қилиб, мужтаҳид уламоларни четга суриш бузуқ қиёсдир. Саҳобаларнинг сўзларини ҳар ким ҳам ўз ақли билан тушунтириб бера олмайди. Шунинг учун Аллоҳ умматга олимларни ато этган. Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад, Имом Мотуридий каби алломалар саҳобаларга қарши гап айтмаган, балки улар айтган маъноларни тартиблаб, ҳимоя қилган.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеин бўлиб, саҳоба ва тобеинлардан илм олган. Фиқҳни саҳобалар қавли (сўзи) ва суннат асосида тизимлаган. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ эса, илмий услубда, далиллар билан саҳоба ва тобеинларнинг ақидасини бидъат аҳлидан ҳимоя қилган. Улар саҳобаларга рақиб эмас, балки уларнинг илмдаги ворисларидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уламолар набийларнинг меросхўрларидир”, деганлар (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган).
Нававий “Мажмуъ шарҳул муҳаззаб” асарида мана бу ривоятни келтирган: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ким фақиҳга азият етказса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламга азият етказибди. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламга азият етказса, Аллоҳ азза ва жаллага азият етказибди”. Бу ерда “азият етказиш” деганда, жисмоний зарар эмас, камситиш, ҳақорат қилиш, илмини енгил санаш, обрўсини тушириш назарда тутилади, албатта.
Уламоларни ҳақорат қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳ васалламнинг меросларини камситишга, бу эса Аллоҳ таолонинг динига ҳурматсизлик қилишга олиб боради. Ҳолбуки, исломни Аллоҳ бандаларига қийинчилик туғдириш учун эмас, раҳмат ўлароқ жорий этган. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 6-оятида бундай дейди: “Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик (пайдо) қилишни раво кўрмайди, аксинча, сизларни поклаш ва неъмат(лар)ини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, зора шукр қилсангиз”. Ҳаж сурасининг 78-оятида “Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор танглик (қийинчилик) қилмади” дейди.
Мазкур ривоят “фақиҳлар хато қилмайди” деб даъво қилиш учун эмас, балки уларнинг илмий мақомини тан олиш, аҳли илмни ҳурмат қилиш, динни тушунишда уларни четга сурмаслик лозимлигини уқтиради. Бу уламоларга нисбатан одоб сақлаш, илм аҳлини қадрлаш ва шариат кимлар орқали сақланиб келаётганини англашга чақириқдир.
“Улар ҳамма нарсани билавермайди” деган гап тўғри, лекин буни асос қилиб, уламоларни четга суриб қўйиш керак эмас. Аллоҳ таоло: “Билмасангиз, илм аҳлидан сўранг” деган (Анбиё сураси, 7-оят). Бу умумий ва доимий қоидадир. Яъни, билмаган одам олимга мурожаат қилиши лозим. Ҳеч бир аҳли сунна олими ўзини хатодан холи деб билмаган. Бироқ бу иқрор унинг илмий ҳужжат эканини инкор қилишга асос бўла олмайди.
Саҳобаларнинг сўзларини уламоларсиз “тўғридан-тўғри” олиш даъвоси амалда ҳар кимнинг ўз ақлига таяниб иш тутишини келтириб чиқаради. Тарихда хавориж, мўътазила ва бошқа бидъат фирқалар айнан шундай шиор билан чиққан. Улар саҳобаларни тилга олган, аммо саҳобалар фаҳмини сақлаб қолган илмий йўлдан узоқлашган.
Уламоларни инкор қилиш саҳобаларни улуғлаш эмас, балки уларнинг гап ва амалларини нотўғри талқин қилишга йўл очади ва илмда ҳавои нафсга эргашишга олиб боради.
Аҳли сунна вал жамоа йўли Қуръон, Суннат, саҳобалар фаҳми ва шу фаҳмни сақлаб келган мутақаддим (энг аввалги) уламолар йўлидир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





