Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШEР НАВОИЙНИНГ «САБЪАИ САЙЁР» ДОСТОНИДА АРАБ ЛEКСИК ҚАТЛАМИНИНГ ТАҲЛИЛИ

АЛИШEР НАВОИЙНИНГ «САБЪАИ САЙЁР» ДОСТОНИДА АРАБ ЛEКСИК ҚАТЛАМИНИНГ ТАҲЛИЛИ

Алишер Навоий – буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби бўлиб, ўзбек адабий тилининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган. У ўз асарларида тил имкониятларидан самарали фойдаланиб, араб ва форс тилларининг лексик қатламларини ўзига хос маҳорат билан уйғунлаштирган. Хусусан, «Сабъаи Сайёр» достонида арабча сўзларнинг қўлланилиши, уларнинг семантик ва стилистик жиҳатлари, поэтик тасвирнинг бойитилишидаги ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу мақола Навоийнинг тил меъёрларига муносабати, унинг асарларидаги арабча лексик қатламнинг хусусиятлари ҳамда бадиий ифода усулларини таҳлил этишга бағишланган. Бу мақолада нафақат Навоий тилининг ўзига хос жиҳатлари ёритилади, балки ўша давр ўзбек адабий тилининг умумий хусусиятлари ҳам очиб берилади.

Алишер Навоий ўзининг барча асарларида тил қонуниятларига тўлиқ амал қилиб, ўзбек адабий тилининг имкониятларидан унумли фойдаланган. «Сабъаи сайёр» достонида ўзбек тили билан бирга, араб ва форс тиллари лексиконларини ҳам моҳирона истифода қила олган. Бу ҳолат достон матнида табиат тасвири ифодаланган мисраларда кўп учрайди. Масалан:

سبزه اطراففيدا نسيم بهار       سمن و سنبل آچتي ليل ونهار

حركت برلا اول خجسته نسيم   ساچتى كل باشيغا سمن دين سيم

طره سيغه توكوب بنفشه عبير    عطرى ايتى دماغى غا تاثير

ژاله جسمين اوروب نكون قيلدى   كم تنين ضربي نيلكون قيلدى [2]

Сабза атрофида насими баҳор, суману сунбул очти лайлу наҳор.

Ҳаракат бирла ул хужаста насим, сочти гул бошиға сумандин сийм.

Туррасиға тўкуб бинафша абир, атри этти димоғиға таъсир.

Жола жисмин уруб нигун қилди, ким, танин зарби нилгун қилди.

Бу мисраларда Навоий табиат тасвири объектини танлар экан, уни ёрқин ифодалайдиган аниқ поэтик сўзлардан фойдаланган. Масалан: «насим» – «نسيم» – шабада (نسيم بهار – насими баҳор, маъноси: баҳор шабадаси), «лайл» – «ليل» – тун, «абир» – «عبير» – хушбўй, «атри» – «عطر» – ҳид маъноларини ифодалашда арабча сўзларни қўллаган.

Изланишлар достонда араб тилидан ўзлашган лексик бирликлар катта қатламни ташкил этишини кўрсатди. «Навоий тилида арабизмларнинг кўп ёки оз фоизни ташкил этиши, биринчидан, ўша даврнинг ўзбек адабий тили специфик хусусиятлари билан изоҳланса, иккинчидан, шоирнинг араб тилига бўлган муносабати» [1:116], асарларининг жанр хусусиятлари, ифода қилинаётган ғоявий мазмун, юқори даражадаги бадиий услуб ва мумтоз поэтик санъат билан алоқадордир.

Навоий асарларида қўлланган арабча сўзларнинг лексик бирликлари шоир томонидан ўзлаштирилмаган, балки уларнинг кўп қисми араб адабий тили анъаналари, шунингдек, форс тили орқали ўтган. Бу сўзлар Навоийгача яшаган ва ундан кейинги давр сўз усталарининг асарларида ҳам кенг қўлланган. Аниқроғи, туркий тиллардаги, жумладан, ўзбек тилидаги арабча сўзлар, араб тилининг ўзидан ўзлашган бўлса, иккинчидан, ХВ асрдаги адабий тиллардан бири ҳисобланган форс тили орқали ҳам кириб келган. Бу ҳақда Навоий шундай ёзади: «… чун мазкур бўлгон қоида билаким адо топди – майл форсий сори бўлди» [1:119]. Алишер Навоий туркий тилнинг ривожланишига фақатгина шоҳ асарлар яратиш билангина эмас, балки уни назарий жиҳатдан ҳам бойитиш орқали катта ҳисса қўшган. Унинг бу йўналишдаги муҳим ишларидан бири 1499 йилда яратилган «Муҳокаматул луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») асаридир. Мазкур асарда Навоий туркий ва форсий тилларни қиёслаб, туркий тилнинг бойлиги ва кенг имкониятларга эга эканини исботлаб берган. Навоийнинг фикрича, «араб тили бундай улуғланишга муҳтож эмас, ҳеч шубҳасиз, у барча тиллардан мумтоз ва «мўъжизатироз»дир, чунки Аллоҳнинг каломи ва Расули акрам ҳадислари шу тилда яратилган» [3:187].

«Сабъаи сайёр» достонидаги арабча сўзлар ижтимоий, астрономик, маданий, маиший ҳаётнинг турли терминларига оид бўлиб, кўпчилиги мавҳум тушунчаларни ифодалайди. Бу сўзлар асарнинг маънавий ва қадриятга оид негизини ташкил этар экан, турли соҳалардаги билимлар уйғунлигини намоён этади. Жумладан, астрономик атамалар ўша даврдаги сайёралар ҳаракати ва коинот тузилиши ҳақидаги тасаввурларни акс эттирса, ижтимоий терминлар жамият тузилиши, ижтимоий муносабатлар ва одоб-ахлоқ меъёрларига доир тасаввурни ифодалайди. Маданий атамалар эса, ўз навбатида, тарихий мерос, санъат ва адабиёт билан боғлиқ бўлиб, достоннинг умуминсоний маъноси ва эстетик қийматини оширади. Шу билан бирга, маиший ҳаётга оид сўзлар кундалик турмуш тарзи, урф-одатлар ва маросимларнинг бадиий талқинида муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан достон фақатгина бадиий асар бўлиб қолмай, унга Ўрта асрлардаги араб-ислом цивилизациясининг илм-фан ва маънавий мероси билан боғлиқ муҳим манба сифатида ҳам қаралади.

Достон лексикасидаги арабча сўзларни стилистик жиҳатдан икки категорияга бўлиш мумкин:

  1. Кенг истеъмол қилинган – нейтрал сўзлар.
  2. Адабий-китобий сўзлар.

Кенг истеъмол қилинган арабча сўзлар асарда турли маъноларни ифодалаши, ҳар хил стилистик функцияларни бажариши билан характерланади. Бадиийлик, образларни жозибали ифодалашда Навоий бу сўзлар ёрдамида катта имкониятга эга бўлган. Қуйида келтирилаётган сўзлар достон лексикасида жуда фаол қўлланган:

«сори» ساري– томон, тараф /169 достонда келган арабча сўзларнинг 7.6% ини ташкил қилган, (سَرَى – «бормоқ, юрмоқ» феълининг аниқ даража сифатдоши) достонда:يوز ساري  – «юз сори», بير ساري – «бир сори», سول ساري – «сўл сори» каби ибораларда келган;

«ҳол»حال – «аҳвол, кайфият, хусусият, пайт» /142 /6.4%, (حَلَا– «бўшамоқ» феълининг аниқ даража сифатдоши);

«хўжа»خواجه – хўжа / 109 / 4.9%, (خواجه – хориждан келган кишилар араб тилида шундай аталади [4]);

«аҳл» أُهْلٌ – аҳоли, яшовчи, қариндош, оила / 99 / 4.5%, (أَهَلَ – «уйланмоқ» феълининг масдари);

«нав» نَوْعٌ– тур /97/4.4%/ (نَاعَ – «турли хил бўлмоқ» феълининг масдари);

«олам» عَالَمٌ – олам, дунё / 95 / 4.3% / (علم – «белги қўймоқ» феълининг масдари);

«қаср» قَصْرٌ – қаср / 86 / 3.9%/ (قصر – «қисқа қилмоқ» феълининг масдари);

«ғам»غَمٌّ – хафалик, ғам / 68 / 3.1% / ( غَمَّ – «хафа бўлмоқ» феълининг масдари);

«ишқ» عشق – севги, ишқ / 67 / 3% / (عشق – «севмоқ» феълининг масдари);

«сифот» صِفَات – сифатлар, хусусиятлар / 65 / 2.9% / (وصف – «сифатламоқ» феълининг масдари صِفَةٌ – сифат, хусусият сўзининг муаннас тўғри кўплиги) ва бошқа шу каби ўзлашмалар.

Достондаги адабий-китобий сўзлар грамматик қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда қўллангани билан характерланади.

Масалан: «зоҳир» ظاهر – кўриниб турган, очиқ-ошкор (ظهر – «пайдо бўлмоқ» феълининг аниқ даража сифатдоши);

«ҳажр» هجر – айрилиқ, жудолик (هجر – «кўчиб ўтмоқ» феълининг масдари);

«изтироб» اضطراب – изтироб (اضطرب – «безовта бўлмоқ» ВИИИ боб феълининг масдари);

«муғанний»مغني– ашулачи, созанда, чолғучи (غَنَّى– «куйламоқ» ИИ боб феълининг масдари);

«ақиқ»عقيق– қимматбаҳо қизил тош [5] (عقَّ – «йиртмоқ» феълининг масдари);

«висол» وصال – эришув, етишув (واصل – «боғланмоқ» ИИИ боб феълининг масдари);

«кавкаб» كوكب – юлдуз (كوكب – «ёритмоқ» тўрт ўзакли феълнинг аниқ даража сифатдоши) каби ўзлашма сўзлар шулар жумласидан.

Терминологик жиҳатдан ижтимоий соҳани ифодалайдиган сўзлар бор бўлиб, уларга: «маъно» معنى – маъно (عَنَّى – «маъно бермоқ» феълининг аниқ даража сифатдоши);

«муҳандис» مهندس – бинокор мутахассис (هندس – «муҳандис бўлиб ишламоқ» тўрт ўзакли феълнинг аниқ даража сифатдоши);

«мусофир» مسافر – сафар қилувчи, сайр қилувчи (سافر – «сафар қилмоқ» ИИИ боб феълининг аниқ даража сифатдоши);

«қосид» قاصد – хабарчи, элчи, чопар (قصد – «мақсад қилмоқ» феълининг аниқ даража сифатдоши);

«мақсуд» مقصود – мақсад, истак (قصد – «мақсад қилмоқ» феълининг мажҳул даража сифатдоши);

«ғаройиб» غرائب – қизиқ нарсалар, камёб нарсалар, (غرب- «қизиқарли бўлмоқ» феълининг масдари غريبة – қизиқ сўзининг синиқ кўплиги);

«улум» علوم – илмлар (علم – «илм олмоқ» феълининг масдари, عِلْمٌ – илм сўзининг синиқ кўплиги);

«манзур» منظور – кўрилган, кўринган, мақбул бўлган (نظر – «қарамоқ» феълининг мажҳул даража сифатдоши);

«ҳикоят» حكايات– ҳикоялар, маълумотлар (حكى – «гапириб бермоқ, ҳикоя қилмоқ» феълининг масдари, حكاية сўзининг муаннас тўғри кўплиги);

«замон» زمان – замон, дам-бадам, ҳар чоғ (زمن – «вақтлар оралиғида бўлмоқ» феълининг масдари) каби ўзлашмалар киради.

Поэтик сўзлар одатда китобий тилга хос бўлиб, улар образнинг поэтик тасвирини очишда, қаҳрамонларнинг ички кечинмалари, руҳий ҳолати ва вазиятини ифодалашда, шунингдек, бадиий тасвирнинг ранг-баранглигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бундай сўзларга қуйидагилар киради: муанбар معنبر – , муножот مناجات -, мунис مونيس – , мурод مراد – , муштоқ مشتاق – , можаро ماجرا – , маҳрам محرم – , муҳаббат محبت – , малак ملك – , мажлис مجلس – , ишқ عشق – , ошиқ عاشق – , аён عيان – , вафо وفاء – , васл وصل – , афлок أفلاك – , атр عطر – , маҳбуб محبوب – , маъшуқ معشوق – , инъом انعام – , ҳажрحجر – , азм عزم – , нукта نكتة- , зийнат زينت – , жаннат جنت -. Ушбу сўзлар араб тилидан ўзлашган бўлиб, поэтик нутқнинг бойлигини оширишда алоҳида аҳамиятга эга.

Достонда ўша даврнинг адабий тилидаги фонетик ва грамматик имкониятлардан тўлиқ фойдаланилган. Аммо тилдаги тарихий тараққиёт таъсири билан баъзи сўзларда фонетик ўзгаришлар юз берган. Масалан, достонда 3 марта қўлланган: قُفْل – қулф сўзи, 2 марта фойдаланилган مَرْحَم – маҳрам, خدمت – хизмат, كاف – кафт, وجه – афт, юз, чеҳра каби арабча сўзлар ҳеч ўзгаришсиз араб тилидаги шаклини сақлаб қўлланган бўлса, ҳозирги тилимизда қулф, маҳрам, хизмат (т-д), кафт («т»нинг орттирилиши) ҳолатида ишлатилади. Бу ҳодиса тилнинг тарихий тараққиёти жараёнида содир бўлган фонетик ўзгаришлар натижасидир.

Ана шундай ўзгаришлар, бир томондан, тилнинг динамик ривожланиши ва фонетик қонуниятларининг намоёни бўлса, иккинчи томондан, арабча сўзларнинг ўзбек тилига интеграция жараёнидаги таъсирини акс эттиради. Бу жараён тилшуносликда адабий тилдаги тарихий ўзгаришларнинг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилади.

Алишер Навоий ўз асарларида ўзбек адабий тилининг имкониятларини кенг намоён этган ҳолда, араб ва форс тилларининг лексик бойликларидан ҳам моҳирлик билан фойдаланган. Хусусан, «Сабъаи сайёр» достонидаги арабча сўзлар поэтик нутқнинг жозибасини ошириб, бадиий ифоданинг янада ранг-баранг бўлишига хизмат қилган. Ушбу мақолада таҳлил қилинган мисоллар шуни кўрсатадики, Навоий арабча сўзларни фақат безак учун эмас, балки асарнинг ғоявий мазмуни, маънавий ва бадиий қийматини ошириш мақсадида ишлатган.

Шунингдек, бу сўзларнинг достондаги ўрни, уларнинг стилистик ва семантик жиҳатлари шоирнинг ижодий услуби билан чамбарчас боғлиқ. Арабча лексик қатламнинг қўлланилиши ўша даврдаги адабий тил меъёрлари ва илмий-маданий муҳитни акс эттиради. Навоий нафақат ўз асарлари орқали ўзбек адабий тилини бойитган, балки уни назарий жиҳатдан ҳам мустаҳкамлаб, тилимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшган.

Умуман олганда, Навоий асарларидаги арабча сўзларнинг ишлатилиши шоирнинг илмий савияси ва адабий тилга бўлган юксак эътиборининг яққол ифодасидир. Бу жиҳатлар Навоий ижодини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади ва кейинги тадқиқотлар учун ҳам долзарб мавзу ҳисобланади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Алишер Навоий. Асарлар. Ўн беш томлик.14- том. – Тошкент: Фан, 1967. – Б. 116.
  2. Сабъаи сайёр. – Б. 7.
  3. Юсупова Д. Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи. – Б.187.
  4. https://www.almaany.com/ar/dict/ar-ar/%D8%AE%D9%88%D8%A7%D8%AC%D8%A9/
  5. https://www.almaany.com/ar/dict/ar-ar/%D8%B9%D9%82%D9%8A%D9%82/
Муътабархон МАДАЕВА,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси
«Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар» кафедраси катта ўқитувчиси

Check Also

ТЎЙ ВА МАРОСИМЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

ТЎЙ ВА МАЪРАКА МАРОСИМЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ХУСУСИДА Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида …