Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 42-сонли умумтаълим мактабида ёшлар орасида маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш мақсадида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда мактабнинг юқори синфларида таҳсил олаётган 200 нафардан зиёд ўқувчи иштирок этди.

Тадбир давомида ўқувчиларга илм-маърифатнинг жамият тараққиётидаги ўрни, жаҳолат ва мутассибликнинг салбий оқибатлари, шунингдек, ҳалоллик фазилатлари, коррупцияга муросасизлик ҳамда фаолиятда шаффофлик ва очиқлик мезонларини таъминлаш масалалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Марказ илмий ходими Б.Маҳмудов очиқ мулоқот, савол-жавоб ва ҳаётий мисоллар орқали ёшларнинг мавзуга қизиқишини ошириб, уларда мустақил фикрлаш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратди.

Тадбир иштирокчилари бундай маънавий-маърифий учрашувлар ёшларда билим олишга иштиёқни кучайтириши, уларнинг дунёқарашини кенгайтириши ҳамда ҳаётда онгли қарор қабул қилиш кўникмасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





