ТЎЙ ВА МАЪРАКА МАРОСИМЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ХУСУСИДА
Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказишда исрофгарчилик, халқимизнинг миллий урф-одатлари ва анъаналарига ҳурматсизлик каби иллатлар кўзга ташланмоқда. Ўрганишлар таҳлили ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар туфайли қарзга ботмоқда ва оқибатда турли кўнгилсизликлар рўй бермоқда.
Чунки баъзи фуқаролар тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар ва қариндошлар томонидан бўладиган танқидлардан, қоралашдан, умуман олганда, ижтимоий тазйиқдан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида турли зиддиятларга олиб келмоқда.
Аксарият аҳоли, айниқса, хотин-қизлар онгида тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларда қиз томоннинг сарф-харажатлари қанчалик юқори бўлса, қайнона-келин муносабатлари шунчалик яхши бўлади, деган нотўғри тасаввур тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
“Никоҳ тўй”, “хатна тўй” ва турли ёшларда нишонланадиган юбилей тўйларидан ташқари “чарлар”, “ақиқа”, “мучал тўйи”, “қиз мажлис”, “куёв чақириқ”, ҳайитда “келин кўриш” каби турли тўй ва маросимлар оммалашиб, катта сарф-харажат талаб қилувчи тадбирга айланиб бормоқда.
Бундай тўй ва маросимларнинг ким ўзарга ўтказилиши шундай тадбирларни ўтказишга мўлжалланган ҳашаматли тўйхона ва ресторанлар қурилишини авж олдириб, катта бизнесга айланиб кетди. Аксарият тўйхона эгалари ихчам ва камхарж ўтказиш ниятида бўлган фуқаролардан тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказишда белгиланган қоидаларга зид равишда тўй харажатларини сунъий равишда икки-уч баравар ошириб, эҳтиёждан ортиқ ноз-неъматларни тўй дастурхонига қўйиб, катта исрофгарчиликка йўл қўймоқда. Бундай тантаналарда санъаткорлар қиммат нархда хизмат кўрсатмоқда. Турли шоу чиқишларидаги миллий қадрият ва урф-одатларимизга зид хатти-ҳаракатлар ёшлар тарбиясига путур етказмоқда.
Мазкур беқарор вазият минг-минглаб оилаларнинг ҳаёти ва ижтимоий аҳволига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиб, бунинг натижаси ўлароқ оилавий низо ва ажримлар ортмоқда.
Бироқ бундай маросимларни ташкил этаётган шахсларда тадбирларни янада ҳашаматлироқ жойларда ўтказишга, ютуқларини кўз-кўз қилишга, моддий мавқеи билан мақтанишга интилиш ҳам кучайиб бормоқда. Шу боис, тўй, оилавий тантана ва маърака маросимларни ўтказиш билан боғлиқ ушбу зиддиятли вазиятни бартараф этиш мақсадида 2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори эълон қилинди[1]. Ушбу қарор асосида “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни
ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги” Низом тасдиқланди. Мазкур Низом тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга ҳамда халқимизнинг миллий урфодатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга, жамоат тартибини сақлашга, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилди.
Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлаб, уларни увол қилмасликка уринган. Аслида тўй ва маърака маросимларида ҳаддан ошиш ва исрофга йўл қўйиш савоб ўрнига гуноҳ орттиришга сабаб бўлади.
Чунки Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларга Ер юзини макон қилиб берди ва беҳисоб неъматларни ато этди. Бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақирди. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Бу борада Қуръони каримда бундай буюрилган:
“…Шунингдек, енглар, ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар! Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди”[2].
Қуръони каримда исрофнинг зарари, исроф қилувчининг мазаммати ҳақида бир қанча оятлар бор. Аллоҳ таоло айтади:
“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”[3].
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”, “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”.
Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб, аксарият ҳолларда тўй, маърака ва маросимларда исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда. Ейишга яроқли кўплаб ноз-неъматлар увол бўлмоқда. Бундай тўй ва маросимларни ўтказган хонадонлар бошига қарздорлик балоси, оилавий ажрим каби оғир кулфатлар тушмоқда.
Биргина наҳорги ошга бир неча юзлаб меҳмонларга тўкин дастурхон ёзилмоқда. Тўй келар, сабзи тўғрар, никоҳ базми, чарлар, чақириқ, ҳайит, ундан кейин қовурдоқ, бешиктўй каби турфа янги маросимлар урфга кирмоқда. Шунингдек, қимматбаҳо мебель, ҳашаматли парда ва сарполар совға қилиш мажбуриятга айланмоқда.
Аслида тўй ва маросимларга сарфланаётган ортиқча маблағлар ёшларнинг келажак ҳаётида асқатадиган илм олишига, касб-ҳунар ўрганишига, кам таъминланган яқинлар эҳтиёжига сарфланса, ажру савоби кўп бўлади. Чунки Аллоҳ таоло инсониятга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби улкан неъматлар инъом этиш билан бирга, улардан тўғри фойдаланишга ҳам буюрган.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!”[4].
Шундай экан, ҳалол меҳнат ортидан топилган бойликнинг хайрли ишларга, аввало, кўмакка муҳтож инсонлар эҳтиёжларига сарфланиши чинакам саховатдир. Ҳазрат Навоий “Ҳурматга лойиқ одамлар муҳтожликка тушиб қолса ёки кексалик туфайли касб-ҳунар қила олмай қолса ва тиланишга тили бормаса, уларга раҳм қилмоқни ғанимат бил ва қўлингдан келганича эҳсон қил. Лекин йигит кишининг қўлидан кетмон чопиш келса, ўтин ташимоқни уддаласа, унга эҳсон қилган киши Аллоҳ молини зое қилган бўлади”[5], дейди. Яна таъкидлайдики, “Исроф қилиш саховат эмас, ўринсиз совуришни ақлли кишилар сахийлик демайдилар. Ҳалол молни куйдирганни девона дейдилар, ёруғ жойда шам ёққанни ақлдан бегона дейдилар”[6].
Бундан эҳсон ва хайр-саховатни амалдор ва пулдорларга эмас, балки мискин ва муҳтожларга қилиш лозим эканини англаш мумкин.
Никоҳ тўйи суннат маросимлардан бўлиб, тўй маросими куёв томонидан келин шарафига уюштирилади ва уларнинг никоҳи эълон қилинади.
Чақалоқнинг туғилиши билан боғлиқ ақиқа маросими ҳам суннат амаллардандир. Мазкур маросим оилада янги туғилган фарзанд ва унинг онаси ҳақига шукрона сифатида ўтказилади.
Тўй ва маросимларни ихчам, камтарона ўтказиш азалдан тарғиб этиб келинган. Жумладан, Абдурауф Фитрат: “Никоҳ эр-хотиннинг ҳаётда шериклик қилишининг аҳду паймон битими бўлиб, уни шодонлик ва хурсандчилик билан ўтказиш лозим. Тўй муносабати билан бир қатор ёр-биродарлар йиғилган ҳолда хурсандчилик қилиб, самимий суҳбат қилса, албатта, улар ўртасидаги меҳр зиёда бўлади. Бунинг устига, қанча мискин ва муҳтож одамлар шу маврид билан тўй неъматларидан баҳраманд бўлади. Шу сабабли, тўй фойдали маросимдир. Лекин тўй фойдали бўлса ҳам, уни ўтказишда чегарадан ошиш зарардан бошқа нарса эмас”[7], деб ёзади.
Халқимизда марҳумлар хотирасини ёд этиш билан боғлиқ уч, етти, йигирма, қирқ, йил, пайшанбалик ва якшанбалик каби маросимларни ўтказиш ҳам оммалашмоқда. Баъзида маърака маросимлари тўйхона ва ресторанларда юзлаб меҳмонларга тўкин дастурхон ёзилади. Аслида бу каби маросимларни ўтказиш шариатда белгиланмаган.
Шунингдек, ҳаж ва умра зиёратини адо этиб қайтганлар орасида ош бериш ёки амри-маъруф ўтказиш одат тусига кирган. Лекин шариатда бирор ибодат амалини бажаргандан кейин ош бериш лозимлиги айтилмаган. Ваҳоланки, ушбу амални бажариш орқали киши оддий бандалик вазифасини ўтайди, холос. Хулоса ўрнида улуғ мутафаккир Умар Ҳайёмнинг қуйидаги тўртлигини келтирамиз:
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





