Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Мурожаатнома мазмун-моҳияти ўрганилмоқда

Мурожаатнома мазмун-моҳияти ўрганилмоқда

5 февраль куни Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш ва илмий таҳлил қилишга қаратилган махсус ўқув курсига старт берилди. Юртимиздаги диний таълим муассасалари, олий ва ўрта махсус диний таълим масканлари талабалари учун мўлжалланган ушбу курс Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси томонидан ишлаб чиқилган “Миллий юксалишнинг Янги Ўзбекистон модели” номли дастур ва ўқув қўлланмаси асосида ташкил этилди.

Икки кун давом этадиган мазкур машғулотлар жами 12 соатлик дастурни қамраб олиб, кунлик 6 соатдан, офлайн шаклда ўтказилмоқда. Ўқув курсининг асосий диққат марказида Мурожаатномада белгилаб берилган стратегик вазифаларнинг моҳиятини талаба-ёшларга етказиш масаласи туради. Дастур доирасида дастлабки амалий маъруза машғулотлари “Маҳалла – Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг асосий бўғини: инфратузилмавий ривожланиш ва ижтимоий қиёфани янгилаш” мавзуси билан бошланди. Дарсни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Ж.Жумаев олиб борди.

Машғулот давомида маҳалла тизимини ривожлантиришнинг Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлари, хусусан, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани сифат жиҳатидан янгилаш ҳамда маҳалланинг давлат ва жамият ўртасида кўприк сифатидаги ролини мустаҳкамлаш масалалари тизимли таҳлил қилинди. Шунингдек, дарсда маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва ёшлар тарбиясида диний соҳа вакилларининг иштироки каби долзарб вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўқув дастури диний таълим муассасалари талабаларида Президент Мурожаатномасида илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойилининг ҳаётий ифодасини англаш ва ислоҳотлар моҳиятини илмий баҳолаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Интерфаол мулоқот эса талабаларга миллий тараққиёт истиқболлари ва маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги аҳамиятини илмий-назарий жиҳатдан тизимлаштириш имконини бермоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тариқат йўли ва Марказий Осиёда маънавий анъаналар

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 3 февраль куни Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш …