XIX асрнинг ўрталарида рус шарқшунослигида исломшунослик мустақил тадқиқот соҳаси сифатида шаклланиб, ислом дини билан боғлиқ масалалар алоҳида аҳамият касб этади. Бу ҳолат нафақат академик қизиқиш билан, балки Туркистоннинг забт этилиши билан юзага келган ислом масаласининг сиёсий ва илмий долзарблиги билан ҳам боғлиқ эди. Россия илм-фани ва сиёсий доираларида янги эгалланган ҳудудларни ўрганишга кучли қизиқиш уйғонган эди. Ушбу ҳудудларни забт этиш орқали Россия кўп асрлик ривожланган исломий диний ва ижтимоий-маданий анъаналарга эга бўлган минтақага кириб келди ва «ташқи» мусулмон олами чегарасига яқинлашди.
Тадқиқот доирасидаги асосий илмий услуб мавзуга тарихий ҳақиқат асосида ёндашиш бўлиб, тарихийлик ва мантиқийлик тамойилларига мос тизимли, объектив, қиёсий ва статистик таҳлил, муаммовий-хронологик ва танқидий ёндашув назарий-услубий тамойилларига таянилди.
Ислом минтақа аҳолиси ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир кўрсатган кучли омил бўлгани сабабли Туркистонни ўрганаётган барча тадқиқотчилар учун мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръони карим, шариат қонунлари ҳамда мусулмон жамиятининг ички ҳаётини тартибга солувчи ахлоқий ва меъёрий таълимотни рус тилига таржима қилиш муҳим эди.
П.В.Густерин рус тилидаги қуръоншунослик тарихи таҳлилида Қуръон билан танишиш жараёнини бир неча босқичга бўлади. Биринчидан, Қуръон ҳақидаги маълумотлар давлат эҳтиёжлари учун тўпланган. Бу босқичга Қуръоннинг асл мазмунини аниқ ифода бера олмаган дастлабки русча таржималари ҳамда бевосита қуръоншуносликка доир маълумотлар кирар эди. Иккинчидан, XVIII асрнинг иккинчи ярмидан Россиядаги оммавий журналларда Қуръон ҳақида илмий асосга эга бўлмаган оммабоп мақолалар чоп этила бошланди. Учинчидан, XIX – XX аср бошларида рус классик шоирлари ижодида бевосита диний, хусусан, исломий жиҳатларни ўз ичига олган шарқий-адабий мавзуга мурожаат этиш кузатилди. Бу ҳолат, ўз навбатида, Шарқ мусулмон маданиятига яқинлашиш йўли сифатида талқин қилиниши мумкин. Тўртинчидан, XIX асрнинг иккинчи ярмида Қозон диний академиясида, хусусан, унинг миссионерлик бўлимида, ислом ва Қуръон чуқур ўрганила бошланди. Бешинчидан, Россия империясининг Кавказ ва Туркистон каби мусулмон ҳудудларга фаол кириб бориши дипломатик вазифаларни ҳам бажариб келаётган ҳарбий шарқшуносларнинг фаолиятига туртки берди. Улар ҳарбий разведка орқали илм-фанга кириб келиб, Россияда шарқшуносликни юксалтирилишига катта ҳисса қўшди [8].
Россияда мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони карим XVIII аср бошларидаёқ юқори доиралар диққат марказида бўлган. Масалан, Екатерина II томонидан Қуръони карим биринчи маротаба араб тилида нашр этилган, аммо бу иш маҳаллий халқларни ўрганиш учун эмас, балки мусулмон аҳолининг, айниқса, татарларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун амалга оширилган. Санкт-Петербург ва Москвада масжидлар пайдо бўлди, ислом Бутунроссия шаҳар маданий муҳитига кириб келади. Россия ҳукумати мусулмонларнинг диний эътиқодини ҳақорат қилувчи материалларни нашр қилишни тақиқлаган. Россия университетларида исломни ўрганган олимлар ичида нафақат ижтимоий келиб чиқиши мусулмон (масалан, Мирза Казем-Бек мусулмонликдан христианликка ўтган), балки диний эътиқоди бўйича мусулмон бўлганлар (профессор Шайх Тантавий) ҳам бор эди [1:88-89].
Қуръони каримнинг биринчи русча таржимаси 1716 йилга оид бўлиб, П.Постниковга тегишлидир. Бу қўлёзма XIX асрнинг 60 йилларида П.Пекарский томонидан Москва ташқи ишлар архивидан топилган. Пётр I давридан то XIX асрнинг 60 йилларигача Қуръони каримнинг русча таржимаси асл нусхадан амалга оширилмаган. «Алкоран или закон магометанский. Переведённый с арабского на французский язык через господина дю Рие» номли қўлёзманинг араб тилидан француз тилидаги таржимаси 1790 йилда М.Верёвкин томонидан рус тилига таржима қилинган. Ушбу қўлёзма 1913 йилда В.Срезневский Санкт-Петербургдаги Фанлар академияси кутубхонасининг қўлёзмалар бўлимидан топган. Бу топилма П.Постниковнинг таржимаси ягона бўлмагани ва иккита таржиманинг мавжудлиги рус жамиятида исломга қизиқиш тобора ўсиб борганини исботлайди. 1792 йилда А.В.Колмаков Қуръони каримни араб тилидан инглиз тилига ўгирди. Бу таржима исломнинг муқаддас китобининг илк илмий-изоҳли русча таржимаси бўлди [6:86,88].
Мусулмон адабиётининг мунтазам нашри Қозонда 1802-йилдан бошланади. Бундан олдин Қуръони каримнинг дунёдаги биринчи босма нашри 1787 йилда мулла Усмон Исмоил томонидан амалга оширилган эди. 1801-1829 йилларда 93 та китоб нашр этилади. XIX асрнинг I ярмида жами 401 та китоб нашр этилган бўлиб, биринчи чоракда диний ва илк таълимга оид адабиётлар устун бўлса, иккинчи чоракда ҳуқуқ, фалсафа ва шеъриятга оид адабиётлар кўпайган [21]. XIX асрнинг II ярмида рус шарқшунослари томонидан Қуръони карим тадқиқотлари кўпайиб борган. А.К.Казем-Бек деярли 25 йил давомида тайёрлаган «Полный конкорданс Корана, или ключ ко всем словам и выражениям его текстов для руководства к исследованию религиозных, юридических, исторических и литературных начал сей книги» китоби 1859 йилда нашрдан чиқди. И.Ф.Готвалднинг 1861 йилда «Ученые записки Казанского университета» нашрида, 1863 йилда алоҳида нашр сифатида Қозонда батафсил ҳаволалардан иборат бўлган «Опыт словаря на Коран…» чоп этилди. 1881 йилда «Опыт словаря на Коран…» Қозонда нашр этилди.
Ҳарбий таржимон Д.Н.Богуславский Истанбулда яшаган вақтда Қуръон матнининг русча таржима версияси устида иш олиб борди (1871 йилгача). У К.Николаевнинг ўз замонасида машҳур бўлиб кетган Қуръон таржимасини паст баҳолади. Чунки у таржима асл матндан эмас, балки А.де Биберштейн-Казимирскийнинг французча таржимаси асосида тайёрланган эди [13]. Шу сабабли, Д.Н.Богуславский ўз олдида бошқа муҳим вазифа – мусулмон уламоларнинг тафсирларига суянган ҳолда Қуръон матнини иложи борича аниқ ва батафсил таржима қилишни белгилади. У ўз таржимасида нафақат асл арабча матндан, балки турк диний адабиёти, айниқса, тафсирлардан ҳам кенг фойдаланди. Муқаддимада Д.Н.Богуславский турли матнларни таққослаш натижасида мазмундаги жиддий фарқлар, хато ва айрим ҳолатларда асл матнга мутлақо тескари бўлган маънолар мавжуд ҳолатларни аниқлади. Шу муносабат билан у ўз ишига изоҳ ва мусулмон манбаларидан олинган шарҳларни қўшди. Арабшунос олим, акад. И.Й.Крачковский ўз таҳлилида, «Д.Н.Богуславскийнинг таржимасини мукаммал деб бўлмайди, аммо у ўз олдига қўйган асосий мақсад – кейинги даврларда мусулмон оламида Қуръони каримнинг қандай англанганини кўрсатиш – тўлиқ амалга оширилган» [11:300], дейди.
1877 йилда Г.С.Саблуковнинг Қуръон таржимаси нашр этилганидан сўнг, Д.Н.Богуславский ўз таржимасини чоп этишдан воз кечди. Шунга қарамай, унинг ишини кейинчалик машҳур шарқшунос В.Р.Розен юқори баҳолади. 1995 йилда Д.Н.Богуславскийнинг Қуръон таржимаси россиялик тарихчи ва қуръоншунос проф.Й.А.Резван саъй-ҳаракатлари билан нашр этилди [10].
1894 ва 1907 йилларда Қозон исломшунослик мактаби вакили, туркшунос ва арабшунос Г.С.Саблуков томонидан нашр қилинган Қуръон таржимаси арабча матн билан бирга тузилди. 1907 йилги нашрнинг факсимиле (қайта нусха) шакли 1991 йилда чоп этилди. 1879 йилда Г.С.Саблуков «Қуръон таржимасига қўшимчалар»ни ҳам нашр қилди. Унда изоҳли кўрсаткичлар ва икки мукаммал трактат – рисолалар киритилди: 1) «Сведения о Коране» («Қуръон ҳақида маълумотлар») – бу ишда миссионерлик нуқтаи назаридан ўзига хос талқин қилинган ислом асослари манба ва мусулмон уламолар таълимотлари асосида танқидий таҳлил қилинган [17]. 2) «Сличение магометанского учения о именах Божиих с учением о них христианским» – бу ишда исломий таълимот бошқа динлар, жумладан, христианлик билан қиёсий таҳлил қилинган [18]. Тадқиқотчи Й.С.Флигин фикрига кўра, «Г.С.Саблуковнинг Қуръон таржималари ва ислом асосларига бағишланган ишлари қуръоншуносликнинг илмий асосларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилган» [20:11]. Замонавий тарихчи – шарқшунос Р.М.Валеев ҳам Г.С.Саблуковнинг хизматларини юқори баҳолаган [ 5:89]. Г.С.Саблуков учун исломшунослик асосий тадқиқот йўналишларидан бири бўлган [16], у Қуръонни нафақат мусулмон ақоидининг асосий манбаи, балки ислом тарихи ва қадимий араб адабиётининг насрий ривоятларда ёзилган ноёб ёдгорлиги сифатида баҳолаган. Бундай ёндашув Россия тарихшунослигида алоҳида аҳамият касб этади [9:36]. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Г.С.Саблуков ўз таржималарида қозонлик татарлар орасида оммалашган диний шарҳларга суянган бўлса, Д.Н.Богуславский эса турк уламоларининг тафсирларидан кенг фойдаланган [6:94].
А.Й.Кримский «Ислом тарихи» асарида Қуръони каримни илмий таҳлил қилиб, унинг асосий жиҳатларини ёритган: 1) Қуръон ҳақидаги адабиётлар ва уларнинг ўрганилиш даражаси; 2) Қуръон тарихи, манбалари ва шаклланиш босқичлари; 3) Қуръоннинг аслийлиги ҳақидаги масалалар; 4) Сураларнинг даврий жойлашуви; 5) Қуръоннинг эстетик баҳоланиши; 6) Қуръон шакли ва унинг мазмуни билан ҳамоҳанглиги; 7) Қуръон тили; 8) Муҳаммад Пайғамбар замондошлари томонидан Қуръоннинг баҳоланиши; 9) Айрим суралар бошидаги оятлар (ал-Ҳуруфул муқаттаот); 10) тафсирлар ва Қуръонни тушуниш учун Европада яратилган қўлланмалар; 11) Қуръон қўлёзмалари, нашрлари ва таржималари. У Қуръони каримга икки алоҳида университетда ўқитиладиган маърузалар, энциклопедик мақолалар, ислом тарихи бўйича айрим ишлари ҳамда баъзи сураларнинг шарҳли таржимасини эълон қилган [14]. Унинг фикрича, Қуръон – шарқшунослар учун «исломнинг ҳақиқий, асл ғояларини ўрганишдаги энг ишончли манба» бўлиб, ушбу буюк араб-мусулмон ва жаҳон маданияти ёдгорлигини тўлиқ англаш учун унинг яратилган давр руҳини ҳис этиш лозим. Шундай қилиб, А.Й.Кримский ёндашуви Қуръони каримни турли жиҳатдан кўриб чиқиш орқали унинг нафақат диний, балки маданий, эстетик, лингвистик ва тарихий аҳамиятини ҳам очиб беради. Бу кўпқиррали ёндашув илмий изланишда катта ҳажмдаги маълумот ва турли манбалардан фойдаланишга асосланган бўлиб, Қуръони каримни тўлиқ ва чуқур тушунишда муҳим аҳамиятга эга. Аммо унинг ишлари илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшган бўлсада, уларда мустамлакачилик тафаккури таъсири ҳам сезилади. Бу – исломшуносликка юқоридан қараш, Ғарб марказчилиги ва Шарқни тадқиқот объекти сифатида кўриш жараёнида намоён бўлади. Буни В.В.Бартолднинг танқиди орқали ҳам кўриш мумкин. Унинг фикрича, А.Й.Кримскийнинг исломшунослик бўйича амалга оширган ишларини шунчаки «библиографик маълумотлар»дир ва улар мазмуни ҳамда баён услуби жиҳатидан ҳар доим ҳам холис ва мукаммал эмас [4:288], бу эса мустамлакачилик нуқтаи назаридан илмий муомалада Шарқ ҳақидаги билимлар қандай шакллантирилганини очиб беради.
Н.П.Остроумовнинг тадқиқотлари, аввало, оммабоп-илмий мақсадларга йўналтирилган. У исломни кенг аудиторияга тушунарли қилиб етказишга интилади ва бунинг учун мақола, ўқув қўлланма ва умумлаштирувчи китоблар яратади. Улар мазмунан ислом асосларини содда ва тушунарли тилда баён қилиш, Қуръони каримнинг тарихий ва диний аҳамиятини очиб бериш, муқаддас матнни таҳлил қилиш орқали ислом дини аҳамиятини баҳолашни кўзда тутади. Бу оммабоп услуб мустамлакачилик мафкурасида диний билимни халқ орасида назорат қилиб тарқатиш ва уни маданий восита сифатида идора қилиш амалиётига мос келади. Унинг «Что такое Коран?» («Қуръон нима?») номли илмий-оммабоп мақоласида Қуръон матнининг қисқача тарихи орқали ислом ақидасини тушунтиришга ҳаракат қилинган. Бошқа бир ишда Қуръони каримга яҳудий ва христиан таълимотлари таъсири кўриб чиқилган, шунингдек, лингвистик нуқтаи назардан Қуръон тилининг айнан араб тили экани алоҳида таъкидланган. Қуръони карим ҳақидаги энг муфассал шарҳ «Коран и прогресс…» («Қуръон ва тараққиёт…») номли тадқиқотда тақдим этилган бўлиб, бу асар 1912 йилда сезиларли тузатиш ва қўшимчалар билан алоҳида нашр этилган. Шунингдек, алоҳида китоб сифатида «Догматы Корана» («Қуръон ақидалари») ҳам чоп этилган бўлиб, у ислом ва христианликнинг умумий қоидалари, дин таълимотлари ва муқаддас китобларнинг асосий жиҳатларига бағишланган мулоҳазаларни ўз ичига олади [15]. Н.П.Остроумов ўзининг исломшунослик тадқиқотларида Қуръоннинг нафақат илмий, балки умуминсоний аҳамиятини тарғиб қилган. У Қуръони каримни фақатгина муҳим мусулмон ҳужжати сифатида эмас, балки Ўрта Осиё халқлари учун муҳим тарихий манба сифатида ўрганиш лозим, деб ҳисоблаган [14:9,18]. Шу нуқтаи назардан Қуръон мустамлакачилик сиёсатини асослашда фойдаланиладиган маданий легитимация воситасига айланади – яъни Қуръонни ўрганиш орқали мустамлака ҳудуддаги халқлар ҳақида «илмий» билим яратиш ва уни бошқарувда қўллаш.
Шундай қилиб, Н.П.Остроумовнинг Қуръони каримга оид ишлари, бир томондан, маърифий ва лингвистик характерга эга бўлса, иккинчи томондан, мустамлакачилик контекстда шаклланган назарий ва идеологик ёндашувни акс эттиради. У Қуръонни нафақат диний, балки тарихий-маданий манба сифатида ўрганиш зарурлигини таъкидлаган бўлсада, унинг таҳлилида исломга нисбатан евросентризм, қиёсий теология ва назорат қилиш мақсади сезилиб туради.
1915 ва 1916 йилларда академик И.Й.Крачковский Санкт-Петербург университетининг Шарқ тиллари факультетида Қуръон ҳақидаги илк маърузани ўқиди. 1917 йилда у Осиё музейига келиб тушган Қуръон қўлёзмаларининг тавсифини тайёрлади. Бундан кейин эса тўққиз йил давомида Қуръон маъноларининг янги русча таржимасининг тайёрланиши ҳақида хабар берди. У шу билан бирга, мусулмонларнинг муқаддас китоби бўйича мунтазам маъруза ўқиб борган ва доимий равишда Қуръон ҳақидаги араб ва Европа адабиётларини чуқур ўрганган [7:80-81].
В.В.Бартолднинг исломшунослик соҳасидаги фаолияти, Қуръонга муносабати ва унинг мустамлакачилик шароитида қандай илмий муносабатни шакллантиргани, унинг илмий позицияси ва мустамлакачилик онги билан боғлиқ жиҳатларини таҳлил этиш алоҳида аҳамиятга эга. В.В.Бартолднинг фаолияти А.Й.Кримский ёки Н.П.Остроумов билан таққосланганда, маълум маънода мустамлакачилик онги таъсиридан озод экани кўринади. Унинг асарларида ислом тарихи ва Қуръон ҳақидаги маълумотлар асл манбалар асосида, компаратив ва тарихий-танқидий услубда таҳлил қилинган: Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг фаолияти фақат диний эмас, балки ижтимоий-сиёсий ҳодиса сифатида баҳоланади, исломни «турли динлар таъсирида вужудга келган ғоялар йиғиндиси» деб ҳисоблашга қаршидир. Буни эса евросентризм ва мустамлакачилик сиёсатига зид илмий позитсия сифатида кўриш мумкин.
Қуръон ва исломшунослик масалаларига бағишланган қатор асарлар «Ислом» (1918), «Мусулмонлик маданияти» (1918), «Мусулмон дунёси» (1922), «Қуръон ва денгиз» (1925), «Муҳаммад ҳақида» (1939)даги асосий ғоя – «Ислом таълимоти диний ва умумбашарий маданий ҳаётда деярли иштирок этмаган бир халқ ичида пайдо бўлди. Муҳаммад нафақат дин, балки давлатга асос солган. Ислом ўз асосчисининг ҳаёти даврида буддизм ва христианлик каби ривожланиш босқичларини ўз бошидан кечирди… Қуръоннинг ҳақиқийлиги исбот талаб этмайдиган даражада аниқдир» [3:81]. В.В.Бартолд исломнинг мазмуни, унинг турли халқлар томонидан қабул қилиниши, маданий мероснинг узлуксизлиги каби масалаларни ҳам ўрганган. Унинг фикрига кўра, Ўрта Осиёнинг исломлашуви дастлабки босқичда зўравонлик йўли билан амалга ошган ва самарасиз бўлган, чунки бу жараён араб ҳарбий босқини билан чамбарчас боғлиқ эди [1:88-89].
У исломни «бошқа динлардан олинган айрим жиҳатлар йиғиндиси» сифатида тушунишга қарши чиқиб, асл манбаларни таҳлил қилиш орқали унинг бетакрорлиги ва мустақил ривожланиш йўлини кўрсатишга ҳаракат қилган. Унинг таъкидлашича, барча динлар орасида ислом ўз халқи ўтмиши билан энг кам боғланган. Шунингдек, олим ислом динининг пайдо бўлишига биринчи навбатда, ижтимоий-сиёсий тарихий ҳодиса сифатида қараш зарурлигини билдирган [21]. Шундай қилиб, В.В.Бартолд исломни модернизатсия ва ислоҳотга тўсқинлик қилувчи дин эмас, балки динамик ва адаптив тизим сифатида баҳолайди. У Туркистон маданиятининг тарихий кучли позициясини тан олади ва бу орқали колониал маданий иерархияларга қарши чиқади. У Европа шарқшунослари ичида исломни фақат мустамлака объекти сифатида эмас, балки мусулмон жамиятларининг ижтимоий онги ва цивилизациясини тушуниш воситаси сифатида ўрганган олим сифатида ажралиб туради.
В.В.Бартолд фаолиятини В.В.Радлов, К.Г.Залеман, С.Ф.Олденбург, Н.Й.Марр каби рус шарқшунослари юксак баҳолаган [2]. Ўрта Осиё мусулмонлари билан боғлиқ масалалар унинг Пржевалск атрофидаги XII асрга оид икки мусулмон қабристони ҳақидаги ҳисоботларида ҳам акс этилган, яъни у ерда қабрларнинг жойлашуви, мақбара турлари ва бошқа хусусиятлар тавсифланган. Олим, шунингдек, ушбу ҳудудда 19 та мусулмонча ёзувли қабр тошлари топилгани ҳақида ҳам маълумот берган [19:69,72].
В.В.Бартолд асарларида исломни ўрганишга бағишланган библиографик рўйхат, хусусан, русча Қуръон таржималарига оид маълумот мавжуд. А.Й.Кримский, И.Й.Крачковский, В.Р.Розен, А.Э.Шмидт, В.Соловёв, Н.А.Медников, В.А.Жуковский, А.А.Семёнов, Н.Н.Мартинович, Карсавин, А.Н.Самойлович, П.Светкова каби муаллифларнинг ислом тарихи, Муҳаммад Пайғамбарнинг ҳаётлари, ислом маросимлари ва ақидалари, ҳадисларнинг келиб чиқиши, мусулмон матбуотининг ривожи, ғарб ва форс мистицизми, араб географияси ва Табарийнинг тарихи ва Қуръон тафсирига оид фикр ва хулосалари алоҳида эътироф этилади [3:138-139].
Тадқиқотчи Т.Уварова фикрига кўра, В.В.Бартолд ислом дини ва таълимотига бағишланган илмий ишларда мусулмон жамиятларининг ютуқлари, жумладан, ислом мамлакатларидаги диний бағрикенглик кам баҳоланганини кескин танқид қилган. Унинг ўзи эса исломни ижобий баҳолаган: ислом – ислоҳот ва модернизатсияга тўсқинлик қилмайдиган дин, деб ҳисоблаган. У кенг тарқалган қарашларга зид равишда, Туркистон маданияти Ўрта асрлар охиригача Рус маданиятидан устун бўлганини таъкидлаган. Шундай қилиб, В.В.Бартолднинг исломшунослиги – бу мустамлакачилик доирасида юзага келган, аммо ундан чиқишга ҳаракат қилган илмий фаолият намунасидир. Унинг ишларида Европа марказчилиги ва тарихий зўравонликни тан олиш билан бирга, ислом маданиятининг мустақиллиги, Қуръоннинг ҳақиқийлиги ва Туркистон халқларининг маданий ютуқларини тан олиш мавжуд. В.В.Бартолдни классик колониал шарқшуносликни илмий асосланган, холис ва танқидий ёндашув орқали қайта шакллантирган олим сифатида баҳолаш мумкин.
Россияда Қуръони каримни илмий ўрганиш XIX аср охири – XX аср бошларидаги шарқшунослик тараққиёти доирасида шаклланди. Ушбу жараёнда Қуръонга нисбатан ёндашувлар турлича бўлиб, улар орасида маърифий, тилшунослик, манбашунослик, диншунослик ва геосиёсий мақсадлар бир-бири билан боғлиқ бўлган. А.Й.Кримский Қуръони каримни комплекс тарзда таҳлил қилиб, уни исломнинг асл ғоялари ва маданий муҳити билан боғлашга ҳаракат қилган. Н.П.Остроумов эса Қуръони каримни оммага тушунарли қилиш мақсадида маърифий услубда талқин қилган, бироқ унинг ишларида евросентризм ва интеррелигиоз қиёслашга мойиллик кузатилади. В.В.Бартолд Қуръон ва ислом тарихини холис, манбалар асосида ўрганиб, исломнинг ижтимоий-сиёсий ва сивилизацион аҳамиятини алоҳида таъкидлаган. Россия шарқшунослари Қуръонни ўрганиш орқали Шарқ жамиятларини англаш, бошқариш ва таснифлаш вазифаларини бажарган бўлсада, мустамлакачилик ёндашувидан чиқишга интилган. Шу тариқа, Қуръон Россия илм-фанида фақат диний эмас, балки маданий, лингвистик ва геосиёсий манба сифатида намоён бўлган.
Шундай қилиб, Россия империясида Қуръони каримни ўрганиш жараёни бир вақтнинг ўзида ҳам илмий изланиш, ҳам маърифий миссия, ҳамда мустамлака идора қилиш амалиёти билан боғлиқ бўлди. Шарқшунос олимларнинг исломшунослик тадқиқотлари нафақат Россиянинг, балки бутун мусулмон олами билан муносабатларини шакллантиришда муҳим илмий ва мафкуравий восита бўлиб хизмат қилди.
-
Аликберов А.К., Бобровников В.О., Бустанов А.К. Российский ислам: Очерки истории и культуры. 2-е изд., испр. и доп. / Группа стратегического видения “Россия – Исламский мир”. – М.: ИВ РАН,
-
Архив РАН. Ф.2. Оп. 17. Ед.хр. 122. Л. 1. Бартольд В.В. Отчет о поездке в Среднюю Азию с научною целью. 1893-1894 гг. Соч. Т.4.
-
Бартольд В.В. Ислам. Соч. Т.6.
-
Бартольд В.В. Мусульманский мир. Соч. Т.6.
-
Валеев Р.М. Из истории казанского востоковедения середины – второй половины XIX в.: Гордий Семенович Саблуков – тюрколог и исламовед. – Казань,
-
Гаврилов Ю.А., Шевченко А.Г. Коран в России: переводы и переводчики. // Вестник Института социологии. №5. Декабрь 2012. – С.82-96.
-
Грязневич П.А. Коран в России (изучение, переводы и издания) // Ислам: Религия, общество, государство: сб. ст. – М.: Наука,
-
Густерин П.В. Коран как объект изучения. Саарбрюккен: Lap Lambert Academic Publishing,
-
История отечественного востоковедения с середины XIX века до 1917 года. – М.: Восточная литература, 1997. – 536 с.
-
Коран (коллекционное издание). Перевод и комментарий Д.Н.Богуславского. Публикация Е.А. Резвана и А.Н.Вейрауха. – М.: СПб, – 576 с.
-
Крачковский И. Перевод Корана Д.Н.Богуславского. В кн.: Советское востоковедение. Вып.III. – М.-Л,
-
Крымский А.Е. Очерк развития суфизма до конца III в. хиджры. СПб. 1895. // Труды Восточной Комиссии Имп. Московского Археологического Общества. – М., Т.2; Он же. Лекции по Корану. – М., 1902; Он же. Арабская литература в очерках и образцах. В 3-х тт. – М., 1911; Он же. История арабов и арабской литературы светской и духовной: В 3 ч. – М.: 1911-1913; Он же. История Персии, её литературы и дервишской теософии: В 3 т. Изд., перераб. совместно с Н. Фрейтагом. – М., 1909-1917.
-
Le Koran, traduction nouvelle faite sur le texte arabe / par M. Kasimirski, interprète de la légation française en Perse, 1840, 1841, 1844, Paris, Charpentier, 511 p., 1970, Garnier Flammarion, avec une préface de Mohammed Arkoun, et 1997, Jean de Bonnot.
-
Остроумов Н.П. Коран. Религиозно-законодательный кодекс мусульман. – Ташкент, 1912.
-
Остроумов Н.П. Что такое Коран? Туркестанские Ведомости. 1883. № 1–10; Аравия и Коран. роисхождение и характер ислама. “Православный Собеседник” 1896–1898; Коран и прогресс. По поводу умственного пробуждения современных российских мусульман. – Ташкент, 1901; Коран. Религиозно-законодательный кодекс мусульман. – Ташкент,
-
Саблуков Г.С. О магометанском пении при богослужении // Саратовские губернские ведомости. 1845; Путевые записки двух ходжиев (1751 и 1783 гг). – Казань, 1862; Сличение мохаммеданского учения о именах Божиих с христианским о них учением. – Казань, 1873; Коран, законодательная книга мохаммеданского вероучения. Перевод с арабского. – Казань, (С параллельным арабским текстом); Приложения к переводу Корана. – Казань, 1879; 1898; Сведения о Коране, законодательной книге мохаммеданского вероучения. – Казань, 1884; Рассказы мухаммедан о Кыбле. – Казань, 1889.
-
Сведения о Коране, законоположительной книге мохаммеданского вероучения / Составил Гордий Саблуков; изд. Комиссии Миссионерского противомусульманского сборника при Казанской Духовной Академии. – Казань: Унив. тип, – 386 с.
-
Сличение мохаммеданского учения о именах божиих с христианским о них учением / Сост. Г.Саблуков. – Казань: Унив. тип, IV, 220, IV, 197.
-
Уварова Т. Рец. на кн.: Вера Тольц. “Собственный Восток России”: Политика идентичности и востоковедение в позднеимперский и раннесоветский период. – М.: Новое литературное обозрение, 2013. – 332 с.
-
Флыгин Ю. Н.П.Остроумов: от выпускника Духовной семинарии до “патриарха туркестановедения”. // Востоковедческие чтения памяти Н.П. Остроумова: сборник материалов / Русская православная Церковь, Ташкентская и Среднеазиатская Епархия, Просветительский отдел; отв.ред. Ю.С. Флыгин. Т.: 2008. – 428 с.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





