Home / ЯНГИЛИКЛАР / Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегияси

Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегияси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатнома юртдошларимизни янги марралар, улуғ мақсадлар сари руҳлантиргани шубҳасиз. Негаки мамлакатимиз тараққиётини ва унинг ёрқин истиқболини белгилаб берувчи бу муҳим дастуриламал ҳужжатда давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича муҳим вазифалар яққол акс этди. Бу ҳақда юртдошларимиз ўз фикрларини билдирмоқда, мурожаатнома асосида келгуси беш йилга режалар тузмоқда.

– Мурожаатномада маънавият, тарбия ва ижтимоий бирдамлик масалаларига кенг ўрин берилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки иқтисодиёт қанчалик ривожланмасин, жамиятда ўзаро ҳурмат, адолат ва маънавий устунлик бўлмаса, барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди. Шу маънода, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар, соғлом эътиқод ва илмга асосланган ёндашувлар жамият барқарорлигининг муҳим кафолати сифатида намоён бўлмоқда.

Бу ўринда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази олдида турган вазифалар ҳам янада ойдинлашади.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада маҳалла, жамият ва инсон қадри масалаларига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Чунки халқимиз тажрибасида тинчлик ва барқарорлик аввало, яхши қўшнилик, ўзаро ҳурмат ва маънавий бирдамликдан бошланади. Исломий таълимотда ҳам инсоннинг жамиятга манфаат келтириши энг олий фазилатлар қаторида улуғланади. Бу ғоялар бугунги ислоҳотларнинг маънавий илдизини ташкил этади.

Мурожаатнома бизга яна бир муҳим ҳақиқатни эслатди: давлат ислоҳотлари юқоридан тушириладиган шиорлар эмас, балки халқ билан бирга босиб ўтиладиган йўлдир. Шу боис ушбу ҳужжат нафақат парламент ёки мутахассислар учун, балки ҳар бир фуқаро учун дахлдор дастур сифатида қабул қилинмоқда.

Шерзод МАМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг маслаҳатчиси
Манба: «Зарафшон» газетаси 149-150 (24.179-24.180)

Check Also

Аҳамияти абадий маънавий мерос

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида ХII-ХIII асрлар тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси, улуғ мутафаккир Нажмиддин …