2 май куни Самарқанд Давлат университети Рус филологияси факултети фаоллар залида мазкур таълим муассасасининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича декан ўринбосари М.Р.Бобохонов, рус тилшунослиги кафедраси ўқитувчилари И.А.Зубайдуллаев ва М.К.Шарипова ҳамда факултет 80 нафар талаблари иштирокида “Аждодлар меросининг баркамол авлод тарбиясидаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳадисшунослик шуъбаси раҳбари Б.Амонов ҳамда диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими Ж.Жумаевлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Тадбирни факультет Маънавият ва маърифат ишлари бўйича декан ўринбосари Бобохонов Мавлон Раҳматуллаевич кириш сўзи билан очиб, мазкур факултетнинг бугунги кундаги илмий салоҳияти, университетда тутган ўрни, талаба ёшлар ҳамда илмий изланувчилар учун яратилган шароитлар билан таништириб ўтди.
Шундан сўнг ҳадисшунослик шуъбаси раҳбари Б. Амонов сўзга чиқиб, ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг улкан илмий ва диний меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш орқали халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш бўйича атрофлича маълумотлар берди.
Ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этиш ҳамда жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнида дунёда, минтақа ва мамлакатимиз ҳаётида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг маърифий-маданий ролини ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасида ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Шунингдек, тадбирда марказнинг диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими Ж.Жумаев сўз олиб, Марказнинг ташкил этилиши, фаолияти, вазифа ва мақсадлари тўғрисида, буюк алломаларимизнинг меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапириб, бугунги кунда юртимизда ёшларни илм олишлари учун яратилаётган имконият ва шароитлар хусусида гапириб, ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозимлиги, бу ҳар бир ёшнинг энг муҳим қоидасига айланмоғи лозим деди. Шунингдек ўтган давр мобайнида марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар, эришилаётган ютуқлар, жойларда ўтказилаётган маънавий-марифий тарғибот тадбирлари тўғрисида гапириб ўтди ҳамда Марказ илмий ходимлари томонидан нашр этилган китоблари билан тадбир иштирокчиларини яқиндан таништирди. Тадбир якуни савол-жавобларга бой қизғин тарзда бўлиб ўтди.