Инсоният залолат ботқоғига ботиб, жоҳилият зулматида адашиб, ҳар йўналишда нотўғри ишларни қилиб юрган пайтда таом ва шаробга таъаллуқли ишлар ҳам бутунлай издан чиққан эди. Залолатга кетган инсоният ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, бировнинг ҳаққини, ўлимтикни, ваҳший ҳайвонларни ейишиб, ҳалол-пок ичимликлар ўрнига ҳаромга муккасидан кетиб, еб-ичишликдаги тартиб-интизом буткул издан чиққан эди. Ана шундай ачинарли ҳолатда бутун оламга зиё таратган Ислом ҳаётнинг барча табақалари каби, еб-ичиш борасида ҳам инсонларни қоронғуликдан ёруғликка олиб чиқди. Чунки еб-ичиш инсон ҳаётида муҳим ўрин тутиб, еб-ичиш фақат инсоннинг танаси учун эмас, балки ундан кишининг ақли, руҳи, табиати ва ҳулқи озиқланиб камол топади. Ана шу тарафдан Қуръони каримда ва Суннати мутоҳҳарада бу мавзуга катта эътибор берилган. Қуръони каримдаги бировнинг ҳаққини ноҳақ ейишлик тўғрисида ворид бўлган оятлар:
- “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ-ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни бир-бирларингизнинг ҳаққингизни еманг) ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ-ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!”[1]
- “Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали (мол-дунё касб қилингиз).[2]
Бир киши бошқа кишининг молини ўғрилик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий йўл билан ошириш, товламачилик, қарзни инкор қилиш ва қиморбозлик каби йўллар билан ейишлик ноҳақ йўл билан ейишга мисол бўлиб, қайси жамиятда шундай разиллик бўлса ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма гувоҳ бўлиб турибди. Демак, ҳар бир инсон бундан тўғри хулоса чиқариб, Аллоҳнинг хузуридаги хисоб-китобни унутмаса, бундай маъсиятли ишлардан йироқда бўлади.
Қуръони каримдаги етимларнинг ҳаққини ейишдан қайтарилган оятлар:
- “(Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва ( етимларнинг сизлар учун ) нопок бўлган (молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган ) пок нарсага алмаштириб олмангиз! Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир”[3].
2.“Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиқга олган) киши агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир”[4].
- “Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!”[5]
Юқоридаги оятлар қалбида иймони бор кишини етимларнинг ҳаққини емаслик, хатто унга яқин бормасликга ундаб, бунинг оқибати инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азобларга солишини айтиб ўтди. Яшаб турган ҳолатимизда етимларни ҳаққига риоя қилмаганларнинг аянчли ҳолатларга тушганидан ибрат олайлик.
Қуръони каримда инсон тановул қилишидаги ҳаром қилинган таомлар ва ичимликлар ҳақидаги оятлар:
- “Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, (баланд жойдан) қулаб ўлган, тишлаб ўлдирган жониворлар ҳаром қилинди. Магар (бу жониворларни жони чиқмасдан туриб) сўйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, (ҳалолдир). Яна (сиғиниш учун) тиклаб қўйилган бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан, бу ишларингиз итоатсизликдир”[6].
- (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиздан ароқ(ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”[7].
Ислом келган даврда ичкилик ичиш, қимор ўйнаш каби иллатлар жамиятнинг ҳаётига сингиб кетган оддий ишлар эди. Шунинг учун Қуръон буларни дафъатан ҳаром қилмади, балки аввало, бу ишлардан келадиган фойда-зарарларни кўрсатиш ва одамларнинг буларга бўлган муносабатларини ўзгартириш йўлини тутди. Яъни, бу ҳаром нарсаларни мусулмонларнинг қўлларидан тортиб олишдан илгари кўнгилларидан тортиб олди.
- “Эй мўминлар, то гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар…”[8]
Бу ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир. Юқоридаги оятда ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган намоз ўқиш пайтида маст ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб, унга нисбатан мўминларда нафрат уйғотмоқда. Навбатдаги ичкилик тўғрисида келадиган уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана шу сўнгги оятга асосланади.
- “Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз! Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар![9]
Бу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор… ҳақидаги охирги ҳукм бўлиб, мусулмонлар бу дунёда бахтли яшашлари ва келажак авлодга намунали ўрнак бўлишлари учун мана шу ҳукмларга амал қилишлари фарздир.