Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / “Илм елканларидаги бир тамаддун: Имом Бухорий замонидан бугунги кунгача”

“Илм елканларидаги бир тамаддун: Имом Бухорий замонидан бугунги кунгача”

Туркияда нашр этиладиган “SANATKıbrıs” газетасининг 2025 йил апрель ойидаги 50-сонида эълон қилинган буюк муҳаддис Имом Бухорий ва унинг илмий мероси ҳақидаги мақола шундай номланди.

Муаллиф Нисо Йилмаз хоним улуғ муҳаддиснинг ҳаёти, илмий мероси ва ислом илмлари равнақида тутган ўрнини кенг қамровда ёритади. Бунда Имом Бухорийнинг илмга бахшида умри, унинг ёшликда Қуръон ва ҳадисларни ёд олиб, илм талабида қилган сафарлари, ҳадис саралашдаги ҳарислиги ва адолатпарварлиги  борасида илмий асосланган таҳлили ва самимий мулоҳазаларини баён этган.

Мақолада, шунингдек, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг илм аҳли орасидаги юксак қадри алоҳида таъкидланган. Муаллиф ушбу асарни нафақат ҳадис тўплами, балки бутун ислом цивилизациясининг юксалиши йўлидаги муҳим манба сифатида таърифлайди. Асарнинг ислом илмлари ривожида тутган ўрни ва ишончлилик мезонлари ҳақида маълумотлар келтиради.

Бундан ташқари, мақолада Самарқанднинг маърифат бешиги сифатида Ислом цивилизациясида тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилиб, Имом Бухорий ҳаётининг мазкур муаззам шаҳар билан боғлиқ жиҳатлари акс эттирилган.

Нисо Йилмаз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил топиши, мақсад ва вазифалари, халқаро миқёсда ҳамкорликда олиб борилаётган илмий тадқиқотлардаги нуфузига ҳам алоҳида тўхталган. Бугунги кунда Марказнинг буюк алломалар илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишдаги юксак аҳамиятини самимий эътироф этган.

Мақола ўқувчига тарихий маълумот бериш билан бирга маънавий илҳом ҳам бағишлайди. Унда Ислом тамаддунининг илмий асослари Имом Бухорий сийрати мисолида замонамиз кишилари учун ибрат ва илҳом манбаи сифатида кўрсатиб берилган.

Маданият, санъат, тарих ва фалсафа соҳаларида таҳлилий мақолаларни эълон қилиб келаётган нуфузли “SANATKıbrıs” нашри ёзувчилар, тадқиқотчилар ва ижод аҳли учун платформа сифатида хизмат қилади. Унда маҳаллий ва халқаро муаллифларнинг фикрлари, тадқиқотлари ва эсселарига кенг ўрин берилади.

Манба: ЎзА

Check Also

Ислом цивилизацияси марказида изланиш ва янгиликлар

Айни кунларда Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш ва такомиллаштириш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Марказда …