Home / ЯНГИЛИКЛАР / Миллий ва исломий меросни тарғиб этиш – бош масала

Миллий ва исломий меросни тарғиб этиш – бош масала

Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти, Ўзбекистон Фанлар академияси вакиллари, соҳа мутахассислари қаторида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳам иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибидан хорижий мамлакатлардан олиб келинаётган тарихий экспонатлар рўйхатини шакллантириш, экспозицияларни бойитиш, илмий-инновацион ва медиа лойиҳалар тақдимоти, “Вақт девори” суратлари концепциясини тасдиқлаш, шунингдек, вилоятлардаги филиалларга экспозициялар тақсимотини самарали ташкил этиш каби долзарб масалалар ўрин олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов амалга оширилаётган ишларда доимий юксак савияни таъминлаш заруратини, лойиҳалар миллий ва исломий меросни илмий асосда кенг оммага етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Ислом цивилизацияси маркази томонидан йўлга қўйилаётган илмий ва инновацион лойиҳалар орқали бой маънавий меросимизни илмий таҳлил асосида халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилиш имконияти яратилаётгани қувонарли ҳолдир, – деди у. – Бунда Имом Бухорий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш, унинг илмий асосларини кенг ёритиш марказимиз учун устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.

Йиғилишда Марказнинг илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Мехрожиддин Амонов ҳам иштирок этди. У ўз фикрларини баён қилар экан, амалга оширилаётган медиа ва илмий лойиҳаларда ҳар бир экспонат ва маълумот илмий таҳлил асосида ёритилиши лозимлигини таъкидлади. Жумладан, алломалар ҳақида суратга олинадиган ҳужжатли фильм сценарийсини тайёрлашда мутахассис олимлар, киноижодкорлар ва бошқа соҳа вакиллари билан янада яқин ҳамкорликни қарор топтириш заруратига эътибор қаратди.

Йиғилиш очиқ мулоқот ва конструктив руҳда ўтди. Унда билдирилган ҳар бир таклиф ва мулоҳаза қатнашчилар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий мероси: замонавий талқин ва илмий таҳлил

Айни кунларда Марказда амалиёт ўтаётган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори Малайзия Халқаро ислом …