Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 15 апрель куни “Имом Бухорийнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Oriental университети, Қарабук университети, Анқара ижтимоий фанлар университети ва Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон ва Туркиядан нуфузли университетлар ва илмий марказларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, олимлар, диний соҳа вакиллари ва талаба ёшлар иштирок этди.
Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шовосил Зиёдов ва Oriental университети ректори, доктор Нозим Маматаҳунов иштирокчиларни самимий қутлаб, тадбирнинг илмий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этишдаги юксак аҳамиятини таъкидлади. Туркиялик нуфузли меҳмонлар – университет ректорлари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари анжуманнинг икки мамлакат илмий алоқалари ривожидаги ўрнини алоҳида қайд этди.
Ялпи мажлисда Имом Бухорий меросининг турли жиҳатлари муҳокама қилинди. Хусусан, алломанинг ҳаёт йўли, энг нодир ва машҳур асари “бўлмиш Саҳиҳул Бухорий”даги ижтимоий-ахлоқий ғоялар, унинг манбашунослик ва тафсирда тутган ўрни, ривоятлар илмидаги мақоми ҳақида маърузалар тингланди.
Анжуман иштирокчилари орасида ўртага ташланган фикрлар, илмий мулоҳазалар ва шўъба йиғилишларидаги муҳокамалар Имом Бухорий меросининг замонавий илмий ва ахлоқий қийматини янада чуқурроқ англаш имконини берди.
Куннинг иккинчи ярмида шўъба йиғилишлари давом этди. Уларда ҳадисшунослик, манбашунослик, диний ва фиқҳий таълимотлар ҳамда Имом Бухорий асарларининг шарҳи борасидаги тадқиқотлар кенг ёритилди. Қизғин муҳокамаларда икки юзга яқин иштирокчи фаол иштирок этди.
Анжуманнинг мазмунан бой бўлиб, жуда самарали ўтди. Имом Бухорийнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам илм-фанни тараққий эттириш ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамият касб этаётгани яна бир бор ўз исботини топди.