Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга сафари «OCIS News» нашрида

Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга сафари «OCIS News» нашрида

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Халқаро ислом академияси раҳбарларидан иборат Ўзбекистон делегацияси 2024 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Буюк Британияга сафар уюштириб, нуфузли илмий марказлари ва таълим муассасаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказган эди.

Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказида бўлиб, икки томонлама академик алоқаларни ривожлантириш, биргаликда илм-фан ва маданий меросни ўрганиш масалалари бўйича манфаатли мулоқот олиб борганди.

Ўзбекистон делегациясининг мазкур ташрифи ҳақида «OCIS News» нашрида “Истиқболдаги ҳамкорлик йўллари: Марказий Осиё билан алоқалар мустаҳкамланмоқда” номли мақола чоп этилди.

“Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази Марказий Осиёдаги энг нуфузли илмий-тадқиқот марказлари вакилларига мезбонлик қилди. Ушбу делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан ташкил топган.

Ташриф давомида истиқболдаги ҳамкорлик имкониятлари кенг муҳокама қилинди. Делегация аъзолари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасаларида амалга оширилаётган ишлар ва илгари сурилаётган ташаббуслар билан ўртоқлашар экан, умумий тажриба, илғор амалиёт ва илмий-услубий ёндашувлар бўйича фикр алмашди. Илмий-маърифий ва кенг кўламли академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро Англашув меморандуми имзоланди”, дейилади мақолада.

Бу юксак эътироф Ўзбекистоннинг ислом меросини ўрганиш ва дунёга тарғиб этишдаги саъй-ҳаракатлари самарадорлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Самарқанд синергетика мактаби асосчиси

Фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев 75 ёшда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори маслаҳатчиси …