Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ
118/736 йилда таваллуд топган Ибн Муборак сиқа (ишонарли) бир ровий бўлиши билан бирга бир қанча китоб таълиф этган, ҳадис ривоят қилган ва ўз даврининг машҳур олими сифатида қабул қилинган[1].
Ҳорун Рашид халифалиги даврида Византияга қарши курашган. Унинг зоҳидлик ҳақидаги қараши дунёдан батамом узилиш эмас, балки унга боғланиб қолмасликдир. Шу сабабли бошқага муҳтож бўлмаслик учун умрининг охиригача тижорат билан шуғулланган. Шу билан бирга у жуда сахий инсон бўлган. Камбағаллар, олимлар, талабаларни ўз ғамхўрлигига олган, дўстларини ҳажга олиб борган ва барча харажатларини қоплаган ҳамда ҳар йили юз минг дирҳам садақа қилган[2]. Отасининг савдо қилиш учун берган эллик минг дирҳамини ҳам ҳадис илми йўлида сарфлаган[3].
63 ёшида 181/797 йили Ҳит[4]да вафот этган.
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ
113/731 йили Куфада дунёга келган. Ҳишом ибн Урва, Яҳё ибн Саъид, Аъмаш ва Абу Исҳоқ Шайбоний розияллоҳу анҳум каби кишилардан ҳадис тинглаган ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан фиқҳдан дарс олган[5].
Камбағал оилага мансуб бўлган. Отасининг кичик бир устахонаси бор бўлган. Отаси Юсуфга эҳтиёжманд эканини ва ишлаши кераклигини айтган, лекин шунча қийинчиликларга қарамай, илм ўрганиш учун Абу Ҳанифанинг дарс ҳалқасига қўшилган ва илм олишни давом эттирган. Абу Ҳанифа унга моддий ёрдам кўрсатган[6].
Халифа Мусо ибн Маҳдий даврида моддий қийинчиликка дуч келгани учун Бағдодга кўчиб ўтган ва халифа томонидан қозилик мақомига тайинланган. Бағдоддаги қозилик вазифасини Халифа Ҳодий даврида ҳам давом эттирган. Ҳорун Рашид биринчи бор “қозиюл қузот” (қозилар қозиси) институтини ташкил этиб, Абу Юсуфни қозиюл қузот этиб тайинлаган[7].
182/798 йили 69 ёшида Бағдодда вафот этган[8].
Имом Муҳаммад Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ
132/749-750 йили Воситда дунёга келган, Куфада вояга етган. Турли устозлардан ҳадис тинглаган. Ҳадис устозлари орасида Имом Молик, Авзоий ва Ибн Журайж розияллоҳу анҳум каби олимлар бор. Имом Абу Ҳанифанинг энг етук шогирдларидан бири бўлган[9].
Унга отасидан ўттиз минг дирҳам мерос қолгани ва бу пулнинг ярмини ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганиш учун сарфлаганини айтган[10]. Халифа Ҳорун Рашид уни Раққа қозиси этиб тайинлаган, кейинчалик бу вазифадан бўшатган[11]. Кейинчалик Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ вафотидан сўнг Ҳорун Рашид уни қозиюл қузот этиб тайинлаган[12].
Ҳорун Рашид ҳамроҳлигида борган Рай шаҳрида 189/805 йили[13] 57 ёшида вафот этган.
Абу Абдуллоҳ Ғундор раҳматуллоҳи алайҳ
110/728 йили атрофида дунёга келган. Ибн Журайж, Маъмир ибн Рошид, Ибн Абу Аруба ва Шуъба ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳимлардан ҳадис ривоят қилган[14].
Тўқилган дағал либос (кирбос) ва тайласан (салла матоси) савдоси билан шуғулланган[15].
193/809 йили Зулқаъда ойида вафот этган[16].
Вакиъ ибн Жарроҳ раҳматуллоҳи алайҳ
129/747 йили дунёга келган. Ҳишом ибн Урва, Аъмаш, Ибн Журайж ва Суфён Авзоий раҳматуллоҳи алайҳим каби кишилардан ҳадис тинглаган, ўз навбатида ундан Ибн Муборак, Ибн Мадиний ва Яҳё ибн Маъийн каби кўплаб олимлар ҳадис ривоят қилган[17].
Отаси Байтулмол масъули бўлган. Унга онасидан 100,000 дирҳам каби катта миқдорда пул мерос қолган[18]. Бундан ташқари, унга қозилик таклиф қилинганида, у бу таклифни рад этган[19].
197/812 йилда ҳаж зиёратидан қайтишида Файд деб номланган ҳудудда вафот этган[20].
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ
107/725-726 йили Шаъбон ойида дунёга келган. Амр ибн Динор, Асвад ибн Қайс, Абу Исҳоқ ва Зайд ибн Аслам раҳматуллоҳи алайҳим каби кўплаб кишилардан ҳадис ривоят қилган[21]. Ўн олти ёшлигида Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан дарс олган[22].
Бобоси ёки отаси давлат амалдорларининг хизматкори бўлган, заргарлик билан шуғулланган, кейинчалик зарар кўрганидан сўнг Маккага кўчиб ўтган[23]. Ҳармала ибн Яҳё унинг енгидан арпадан тайёрланган нонни чиқаргани, олтмиш йил мобайнида шу тарзда фақат нон билан кун кечирганини ривоят қилган. Бу унинг жуда ҳам бой яшамаганлигини кўрсатади[24].
198/814 йили Макка[25]да, 91 ёшида вафот этган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими