Юртимиздан чиққан алломалар илмий-маънавий, диний меросида барча диний ва дунёвий билимларга оид намуналарни кузатиш мумкин.
Эътиборлиси, улар орасида калом – ақида илмига бағишланган асарлар ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Халқимизнинг бебаҳо маънавий хазинаси ҳисобланган мазкур асарларни илмий таҳлил ва тадқиқ этган ҳолда таржима қилиш, улардан кенг халқ оммаси, айниқса, ёшларни хабардор қилиш ҳозирги давр учун энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Термизга ташрифи давомида айтган: “Насафий алломаларлар ҳаёти ва илмий меросини тўлиқ ўрганиб, жойларда кенг тарғиб этишимиз лозим бўлади. Ёшларимизга биз қандай улуғ боболаримиз ўтганлигини етказиб берсак, уларнинг маънавий бойлиги ошади. Шунингдек, улуғ олим ва мутафаккир боболаримиз маънавий меросини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгига синдирсак, уларга муносиб бўлиб ва улардан ўрнак олиб яшашига жуда катта ижобий таъсирини кўрсатади”[1], сўзлаpини келтиришимиз ўринлидир.
Кўриниб турганидек, ташқи таҳдидларга қарши курашишнинг энг мақбул ва маъқул йўлларидан бири аждодларимизнинг асрлар оша исботини топган меросига таянган ҳолда олиб борилган ташкилий-амалий ҳаракатлардир.
Халқимизнинг илмий-маънавий мероси, ислом ва унинг ғоялари, диний, миллий-маънавий қадриятларимиз, юртимиздан етишиб чиқиб, бутун дунёда машҳур бўлган буюк алломаларнинг ҳаёти ва калом илмига бағишланган илмий меросларига асосланган ҳолдагина ислом дини ғояларини бузиб талқин қилишга уринаётган оқимларнинг асл мақсадларини фош қилиш мумкин бўлади.
“Калом” луғавий маънода “сўз”, “ибора”, “нутқ” тушунчаларини англатса, истилоҳда “Инсон қалбининг Аллоҳга мустаҳкам боғланиши” ва илм сифатида ақидавий масалаларни чуқур ўрганувчи фан маъносида қўлланилади. Имом Ғаззолий фикрича, калом илмидан кўзланган мақсад салафи солиҳлар томонидан нақл қилинган аҳли сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилишдир[2]. Ибн Халдун калом масаласида ақлнинг устунлик қилишини таъкидлайди ва бу илмнинг ижобий жиҳатларини кўрсатишга уринади. Унинг наздида, калом мусулмонлар учун энг муҳим ҳисобланган имонга тегишли долзарб масалаларни ақлий далиллар билан исботлаш ва шу орқали вайронкор бидъатчи ва турли хил ботил оқимларнинг ақидаларини рад қилишга қаратилган фан ҳисобланади[3].
II/VIII асрдан бошлаб каломга бўлган муносабат тубдан ижобий томонга ўзгарди. Чунки бу вақтга келиб, калом илмига тегишли масалалар ислом дини манфаатларига мос, бошқа дин ва фалсафалардан холи ҳолда шаклланди.
Ақидани ўрганишга жуда ҳам катта эътибор қаратилди. Масаланинг ижобий тус олишига маълум маънода бир қатор адашган тоифаларнинг ҳаракатлари жонланиб, ислом дини асосларига таъсир қиладиган даражада хавфли тус ола бошлагани ҳам сабаб бўлиб, нақлнинг асл моҳиятини инсонларга тўғри етказиб берадиган ақида илмига эҳтиёж кучайди. Ўша даврларда пайдо бўлган оқимлар ўз қарашларини Қуръон ва ҳадис билан далиллашга урингани ҳам масалани бирқадар чигаллаштирар эди. Чунки оддий инсонларнинг аксарияти айтилган оятлар ва ҳадиси шарифларга сўзсиз ишонади ҳамда уларга амал қилишга шошилади. Хуллас, Қуръон тафсири, ҳадислар шарҳини тўғри амалга ошириш ва уларни кенг халқ оммасига етказиб бериш давр талаби эди.
Бу давр олимлари, Қуръон ва ҳадисларда ислом дини таълимоти, эътиқод масалалари муфассал баён этиб берилгани учун калом аҳлига эҳтиёж йўқлигини таъкидлайдиган аввалги аср алломаларидан фарқ қилиб, калом илмига ҳам алоҳида ҳурмат билан қарай бошладилар.
Буюк мутакаллим Имом Ғаззолий таъкидлаганидек, “ҳаж зиёратига борувчиларни йўлтўсар, қароқчилардан ҳимоя қилиш зарурати туғилгач, уларни қўриқлаб борувчи соқчиларнинг бўлиши ҳам шарт ҳисобланиб қолгани каби, чукур билимга эга бўлмаган оддий мусулмонларнинг диний эътиқодларини турли бидъат ва нотўғри назариялардан қўриқлаш учун калом илмини ўрганиш вожиботлардан бирига айланди”[4]. Калом илмини ўрганиш, шу тариқа, Абулйуср Паздавий таъбири билан айтганда, “мубоҳ ҳатто фарзи кифоя”даражасига кўтарилди[5]. Демак, калом илм аҳлига бўлгани сингари оддий одамлар учун ҳам зарур. “Фарзи кифоя”дан бир жамоадан ҳеч бўлмаганда бир кишининг бажариши лозим бўлган шаръий амаллар тушунилади. Зеро, шу ўрганган одам бошқаларга ҳам ўргатади. Шу тариқа, оила аъзоларидан бир киши каломдан бохабар бўлса, у бошқаларни ҳам ўргатади – огоҳ қилади, ёмон ғоялардан асрайди.
Умуман, олимлар томонидан қандай таърифланишидан қатъий назар, ақидавий масалалар билан ислом динининг илк даврларидан шуғулланилган. Ёзма манбаларнинг далолат беришича, аҳли суннанинг саҳобалардан бўлган биринчи мутакаллими Али ибн Абу Толиб бўлиб, у хорижийлар билан “ал-ваъд ва-л-ваид”масаласида илмий мунозара қилган илк алломадир. Шунингдек, у қадарийлар билан ҳам баҳс юритган. Маъбад Жаҳмийга қадар масаласида раддия берган Абдуллоҳ ибн Умар ҳам саҳобий мутакаллим ҳисобланади.
Алломалар аҳли суннанинг тобиъийн мутакаллимлари қаторига Умар ибн Абдулазиз (унинг “Балиғатун фи радди ала-л-қадариййати” (“Қадарийларга берилган раддиянинг етуги”) асари бор, Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб (у – “Китоб фи-р-радди ала-л-кадариййати мина-л-Қуръон” (“Қадарийларга Қуръони каримдан раддиялар китоби”) асарининг муаллифи), Ҳасан Басрий кабиларни кўрсатиш мумкин.
Аҳли каломдан ҳисобланган машҳур фақиҳлар ҳам бор. Уларнинг энг буюклари сифатида Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъийни зикр қилиш мумкин[6].
Ихтилофлар сабаб турли фирқаларнинг пайдо бўла бошлаши “Менинг умматим 73 фирқага бўлиниб кетади”, – деган Расулуллоҳ башоратларининг амалга оша бошлаганига бир далолат эди.
“Мифтоҳу-с-саодат” (“Саодат калити”)[7] асарининг муаллифи Аҳмад ибн Мустафо ибн Халил Тошкупризода ўша давр саҳобалар “инқирози”нинг узвий давоми эканини таъкидлаб, шундай дейди: “I/VII аср охирларигача саҳобалардан биринчи асосий гуруҳ оламдан ўтдилар. Уларнинг вафотидан сўнг мусулмонлар орасида ақидавий парокандалик пайдо бўлди. Диннинг устунлари заифлашди. Исломнинг йўл-йўриқлари турли оқимларга бўлиниб кетди”[8].
Бу ҳолат биринчи босқич ақидавий ихтилофлар натижасида фирқаларнинг пайдо бўлиши билан ажралиб турганлигини кўрсатади.
Калом илмининг фазилатлари хусусида гапирадиган бўлсак, калом илми ҳозирда фаолияти кузатилаётган диний экстремистик оқимлар томонидан илгари сурилган қарашларидаги “жиҳод”, “халифалик” ва “шаҳидлик” каби вайронкор ғояларга раддия беришда манбавий асос вазифасини ўтайди.
Каломшунослик шўъбаси раҳбари Ҳ.Муҳиддинов
[1] Мирзиёев Ш.М. 2016 йил, октябрь. Сурхондарё вилояти, Имом Термизий зиёратгоҳидаги суҳбат.
[2] Қаранг: Ғаззолий Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад. Иҳёу улуми-д-дии. Биринчи китоб. –Т.: Мовароуннаҳр, 2003. – Б. 99.
[3] Қаранг: Ибн Халдун. Муқаддима. – Қоҳира, 1951. – Б. 321.
[4] Ғаззолий Абу Ҳомид Муҳаммад. Иҳёу улуми-д-дин. – Қоҳира, 1992. Ж. 1. – Б. 34.
[5] Қаранг: Оқилов С. Абу-л-Муъин ан-Насафий илмий мероси ва мотуридийа таълимоти. – Б. 38.
[6] Қаранг: Ибн Жамоа Муҳаммад ибн Иброҳим Саъдуллоҳ. Изоҳу-д-далил фи қатьи ҳужажи аҳли-т-таътил. Дору-с-салом, 1990. –Б. 21.
[7] Тошкупризода Аҳмад ибн Мустафо ибн Халил. Мифтоҳу-с-саода ва мисбоҳу-с-сиёда. –Миср: Дору-л-кутуби-л-илмия; –Ливан –Байрут: Дору Ибн Ҳазим, 2010 (бундан кейин “Мифтоҳу-с-саодат”).
[8] Мифтоҳу-с-саодат. –Б. 32.