Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари иштирок этаётган “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари 4 декабрь куни Бухоро, Сирдарё, Хоразм ва Фарғона вилоятларида давом этди.
Бухоро вилоятида ўтказилган тадбирларда Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги тараққиёти асосларини мустаҳкамлаш, уни янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар, белгиланган мақсадлар, олдимизда турган муҳим вазифалар, кенг қамровли ислоҳотлар моҳияти зиёлилар орасида кенг тарғиб этилди.
Сирдарёдаги учрашувлар ҳам аҳоли, хусусан, ёшларга “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, буюк аждодлар меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, юртдошларимизнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга қаратилди.
Хоразм вилоятида ўтказилган тадбирларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг аҳамияти, иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўлга киритилаётган ютуқлар, жамиятда ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашдаги ўзгаришлар кенг муҳокама қилинди. Зиёлилар ва ёшлар иштирокида ташкил этилган давра суҳбатлари, маънавий-маърифий учрашувларда буюк аждодлар меросини асраб-авайлаш ва замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштириб, кенг татбиқ этиш йўналишларидаги ишларни янада кучайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Фарғона вилоятидаги тадбирлар эса ҳудуднинг маданий, маънавий ва маърифий салоҳиятини юксалтиришга қаратилгани билан ажралиб турди. Ёшларда мамлакат келажагига дахлдорлик туйғусини кучайтириш, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда ҳар бир фуқаронинг ўрни ва масъулиятини англатиш мақсадида зиёлилар форуми, маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, маҳорат дарслари ташкил этилди.
“Маърифат карвони” лойиҳаси мамлакатимиз ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳолини янада жипслаштириш ва бирдамлаштириш, улкан мақсадларга эришишдаги юксак аҳамиятини яна бир бор намоён этмоқда.
Лойиҳа доирасидаги тадбирлар 5 декабрь куни Қашқадарё, Навоий, Андижон ва Тошкент вилоятларида ўтказилади.