Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказига Катта Лангар Қуръони факсимилеси совға қилинди

Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказига Катта Лангар Қуръони факсимилеси совға қилинди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Буюк Британияга ташрифи давомида Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказига ташриф буюрди.

Марказ вакиллари ва олимлари билан учрашувда мамлакатимиз элчиси Равшан Усмонов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов ва бошқалар иштирок этди.

Янги Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, долзарб илмий тадқиқотлар ҳақидаги, шунингдек, бу борадаги халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантиришга оид тақдимотлар тингланди.

Ўз навбатида, Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази вакиллари ҳам қатор давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ислом олами тарихи атласи» лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳада дунёнинг ҳар бир минтақасининг Ислом цивилизацияси ривожидаги ўрни, муҳим кашфиётлар, олимлар ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси кўриб чиқилди. Музокаралар чоғида ушбу лойиҳа туркумида Марказий Осиёнинг ислом цивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган жилдни яратиш бўйича икки томоннинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро тадқиқот марказлари ва Оксфорддаги ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши билан якунланди. Тадбир доирасида сўнгги йилларда чоп этилган китоб ва альбомлар кўргазмаси ташкил этилди.

Оксфорд ислом тадқиқотлари марказига Катта Лангар Қуръони факсимилеси, шунингдек, «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомлар совға қилинди.

– Ўзбекистон бой тарих ва бетакрор маданий меросга эга қадимий мамлакат, – деди Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий. – Мен Ўзбекистонга кўп маротаба борганман. Аммо сўнгги йилларда мамлакатингиз ташқи дунё билан алоқалари тобора кенгая бошлади. Янги Ўзбекистон раҳбари барча хорижий ҳамкорлар қатори биз олимлар, хорижий тадқиқотчилар учун ҳам эшиклар очиқ эканини айтмоқда. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан биргаликда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича олиб борилган музокаралар кутилган натижаларни беришига ишонаман.

Шундан сўнг, Ўзбекистон делегацияси вакиллари дунёнинг энг қадимий кутубхоналаридан бири бўлган Оксфорддаги Бодлеан кутубхонасида бўлди ва у ерда Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар билан танишишди.

–Ўзбекистон буюк алломалар, шоир ва мутафаккирлар юрти, – дейди Бодлеан кутубхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлими куратори Николас Контовас. – Жумладан, ҳазрат Алишер Навоийнинг ул зот ҳаётлиги даврида кўчирилган қўлёзмалари кутубхонамиз фондининг нодир жавоҳирларидан саналади. Бундай бебаҳо асарларни бемалол бутун инсониятнинг хазинаси дейиш мумкин.

Кутубхонада ўзбекистонлик олимлар Ўзбекистон маданий меросига оид ўндан ортиқ қўлёзмалар билан танишдилар. Айниқса, Алишер Навоийнинг шахсий дастхати бўлган «Хамса» қўлёзмаси катта таассурот қолдирди. Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» асари ҳам ўзига хос тарихга эга. Уни салкам уч аср илгари оксфордлик олим Жон Гейвс сотиб олган ва китоб ҳошиясида зарҳал қайдлар киритган. Китоб саҳифаларида усмонли турк тилидаги битиклар ҳам учрайди.

Ўзбекистон илмий делегациясининг Буюк Британияга ташрифи давом этмоқда.

Манба: «Дунё» АА

Check Also

Ўзбекистоннинг қадимий ва бой мероси дунё нигоҳида

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро …