Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинким, бугун мусулмон оламида ҳижрий йил бўйича янги 1440 йил бошланди. Янги йилнинг биринчи ойи Муҳаррам ойи бўлиб, бу ой ўзига хос фазилатли ойдир. Ушбу ойни Аллоҳнинг зикри ва ибодат билан ўтказиш, гуноҳ-маъсиятлардан узоқда бўлиш, чин дилдан дуо-ю хайрлар қилиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур фазилатлар билан хулқланиш нафақат ушбу ой, балки қолган ойларда ҳам барча мўъмин-мусулмонлар учун вожибдир. Чунки мусулмон киши доим ўз устида ишлаши ҳамда маънан ва руҳан тарбияланиб бориши лозим.
Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни англатади. Бу ой ҳижрий сананинг боши, бу ойда урушлар ҳаром, ўнинчи куни Ашуро куни бўлгани учун муҳтарамдир, муҳаррамдир.
«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳурдир. Бу кун барча умматлар томонидан қадимдан ҳурматлаб келинадиган фазилатли кундир.
Ислом кириб келган даврда насронийлар ҳам, яҳудийлар ҳам бу кунни улуғлашарди. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ашуро куни рўза тутганлар, саҳобаларига ҳам рўза тутишни буюрганлар. Буни эшитган баъзи саҳобалар бу кунни бошқа дин вакиллари ҳам улуғлашини эслатишган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, келаси йили муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунида эмас, тўққизинчи кунида ҳам рўза тутамиз», дедилар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутадилар.
Ашуро кунининг рўзаси ниҳоятда фазилатли нафл ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзаси ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади», деганлар.
Ашуро кунида инсоният тарихидаги жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Танбиҳул ғофилийн» номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар:
«Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».
Имом Муслимдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса шундай дейилган:
Ашуро куни тарихда пайғамбарлар (алайҳимус салом) ҳаётида муҳим воқеалар содир бўлган. Жумладан:
- Бу кунда Аллоҳнинг инояти билан дарё иккига бўлиниб, Мусо алайҳиссалом Фиръавннинг зулмидан қутулган.
- Нуҳ алайҳиссалом кемаси Жудий тоғи тепасига жойлашган.
- Юнус алайҳиссалом балиқ домидан қутулган.
- Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинган.
- Биродарлари томонидан қудуққа ташланган Юсуф алайҳиссалом айнан шу куни қудуқдан чиқарилган.
- Исо алайҳиссалом айнан Ашуро куни таваллуд топиб, шу куни Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилган.
- Довуд алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинган.
- Ашуро кунида Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғиллари Исмоил алайҳиссалом дунёга келган.
- Шу куни Йаъқуб алайҳиссаломнинг ўғилларининг кўзлари кўра бошлаган.
- Айнан шу куни Йаъқуб алайҳиссалом шифо топиб, тузалган. (Имом Муслим 6/140).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойидаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза деганлар, Рамазондан кейин рўза тутилса, муҳаррамда тутиш афзаллигини айтиб, «У Шаҳруллоҳдир (Аллоҳнинг ойидир). Аллоҳ шу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган, бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилади», деганлар.
Демак, инсон бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, бунинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: «Мен шу кунда туғилганман, шу куни пайғамбар бўлганман», деб жавоб берганлар.
Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рузаси утган йилги гуноҳларга каффорат булишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Мазкур ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг канчалик фазилатли экани маълум булади. Бошқа ой ёки кунларда тутиладиган рўза туфайли банданинг гуноҳлари кечирилиши айтилса-да, бироқ қанча гуноҳи мағфират қилиниши аниқ баён қилинмаган. Ушбу ривоятда эса, Ашуро куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда.
Қайси банда ният ва ихлос билан Ашуро куни рўзасини тутса, ваъда қилинган ажр-мукофот ва кичик гуноҳлари кечирилишига эришади. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслик, фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиш ҳар бир мўъмин кишининг бурчидир.