Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг тегишли қисмлари суратга олинмоқда.
Индонезиянинг “Sinemata Buana Kresindo” (SBK) киностудияси томонидан яратилаётган диний драма мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги тарихий ва маданий боғлиқлик ва муштарак жиҳатларни ўзида акс эттиради.
Фильмнинг асосий қисмлари Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби тарихий шаҳарларда суратга олинади. Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси марказий манзил сифатида танланган фильмда Муҳаддислар имоми, ҳадис борасида Мўъминларнинг амири Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросидан илҳомланган маънавий мазмун ифодаланади.
Киноасар икки халқ вакиллари ўртасидаги, кейинчалик исломий қадриятлар билан уйғунлашган муҳаббат тарихи орқали ҳижрат ва маънавий юксалиш мавзуларини кўтариб чиқади. Фильм сюжетининг асосини Ўзбекистон ва Индонезия халқлари маданияти ўртасидаги ўхшашликлар ва фарқли жиҳатлар ташкил этади.
Фильм ижрочи продюсери Буди Юлиантонинг фикрича, “Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий бойлиги, айниқса, Самарқанд, Бухоро ва Тошкентнинг қадимий қадамжолари фильмни визуал жиҳатдан янада бойитишга хизмат қилади”.
Суратга олиш ишларининг 30 фоизи Ўзбекистонда бўлиб ўтади, қолган қисми эса Индонезиянинг Богор ва Белитунг шаҳарларида амалга оширилади.
Индонезиянинг машҳур актёрлари Стеффи Замора, Энди Арфиан ва Даффа Вардхана қатнашаётган кинокартинада ўзбек кино саънатининг иқтидорли намояндаларидан бири Адолат Кимсанова, шунингдек, Темур Мирзаев ва Азизбек Абдуллаев каби дебъютантлар ҳам иштирок этади. Тажрибали режиссёр Жастис Ариимба томонидан суратга олинаётган фильм ижодкорлари ушбу лойиҳа нафақат Ўзбекистон ва Индонезия, балки бутун Осиёда катта қизиқиш уйғотишига ишонч билдирмоқда.
Сюжет ва конструкцияси жиҳатидан ноёб бўладиган бу киноасарни келаси йил Индонезиянинг Марказий телеканаллари орқали намойиш этиш режалаштирилган.