Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганига 33 йил тўлиши муносабати билан “Мангу ва мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. 

Унда сўзга чиққанлар кўп миллатли халқимизнинг фахри, ғурури бўлиб вазирлик ва идоралар, турли муассасалар, ўқув юртлари, халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз бинолари пештоқида ҳилпираб, турли байрам тантаналари, юртимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий ва спорт тадбирларида Ватанимиз шаъни ва элимиз ифтихорини ифодалаб турган байроғимизнинг жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг нуфуз ва мақомини кўрсатишда давлат рамзи сифатидаги муҳим ўрнини эътироф этди.

Давлат байроғи қабул қилинган санани нишонлаш, тарғиб қилиш ва шу муносабат билан тадбирлар ташкил этиш ҳам байроққа ҳурмат, ҳам ватанпарварлик белгисидир.

Миллий рамзлар, хусусан, байроқ ҳамиша ор-номус, шон-шараф тимсоли саналган. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамай, уни қўлида маҳкам тутганча жон берган Шайх Нажмиддин Кубро ёки туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар жасорати бугун авлодлар учун катта ибратдир.

Амир Темур давлат рамзларига сиёсий аҳамият ҳам берган. Соҳибқирон жанг майдонида бир аскар омон қолса ҳам, у салтанат байроғини баланд тутсин, деб фармон берган. Байроқнинг эгилиши мағлубият белгиси деб қабул қилинган. Шунинг учун ҳам жангу жадалларда давлат рамзларини энг ишончли баҳодирлар, паҳлавонлар кўтарган, қўриқлаган.

Тадбир иштирокчилари халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимизга, ёруғ истиқболимизга ишончимиз тимсоли – байроғимизни асраб-авайлаш, ардоқлаш ва юксакларда мағрур ҳилпираб турган яловимиз билан ғурурланиш барчанинг фуқаролик бурчи эканини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Уммат учун улкан мерос қолдирган аллома

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан …