Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ раҳбари юксак мукофот билан тақдирланди

Марказ раҳбари юксак мукофот билан тақдирланди

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Халқаро бағрикенглик” ҳафталиги доирасидаги тадбирлар жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ.

Таъкидлаш лозимки, охирги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда соҳа ходимлари катта масъулият билан алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Айни пайтда уларнинг фидоийлиги, шарафли меҳнати эътироф этилиб, қадрланмоқда. Хусусан, 2023 йил 25 сентябрда диний-маърифий соҳа самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони таъсис этилди.

Жорий йилда бир гуруҳ ҳамюртларимиз қаторида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов ҳам мазкур юксак мукофот билан тақдирланди.

Мукофот 15 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида ўтказилган тақдирлаш маросимида тантанали равишда ўз совриндорларига топширилди. 

Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ва диний конфессиялар вакиллари, миллий-маданий марказлар фаоллари, юртимизда миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев юксак мукофот соҳибларини самимий муборакбод этиб, Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга катта муваффақиятлар тилади.

Маълумот учун, ушбу кўкрак нишони билан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, фуқаролар эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва чет эллик олимлар тақдирланиши белгиланган.

Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг виждон эркинлиги, динлараро ва миллатлараро тотувлик таъминланаётгани, мазкур кўкрак нишонининг таъсис этилиши диний соҳага юксак эътиборнинг яққол намунаси эканини таъкидлади.

Мукофотланганлар ўз дил сўзларини изҳор қилиб, юксак эътиборга сазовор бўлиш ҳисси янада улуғвор ишларга ундашини, ёш авлодни бағрикенглик руҳида тарбиялашда янги куч-ғайрат учун асос бўлишини қайд этди.

Фурсатдан фойдаланиб, Марказ жамоаси номидан Шовосил Зиёдовни мазкур юксак мукофот билан самимий муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Уммат учун улкан мерос қолдирган аллома

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан …