Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 11 ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни”га бағишлаб, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида ходимлар ўртасида шахмат-шашка ва стол тенниси бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Икки кун давом этган беллашувларда эркаклар ва аёллар алоҳида иштирок этиб, ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.
Байрам куни Марказда тантанали тадбир бўлиб ўтди. Директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев барча ходимларни муҳим сана нишонланиши муносабати билан қизғин қутлаб, бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Марказ бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Йўлдошхон Исаев бу соҳада олиб борилаётган амалий ишлар, меҳнат шароитини яхшилаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида эришилган натижалар ҳақида сўзлади.
Марказ директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шавкат Туйғунов касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятига тўхталиб, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий муҳофаза соҳасидаги ишлар касаба уюшмаси аъзолари ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим қадам бўлаётганини таъкидлади.
Тадбир доирасида байрамга бағишлаб ташкил этилган мусобақалар ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Илғорлик кўрсатган ходимлар бошланғич касаба уюшма қўмитасининг совринлари билан тақдирланди.
Шунингдек, байрам муносабати билан барча ходимларга эсдалик совғалари улашилди. Боқувчисини йўқотган ёлғиз оналарга моддий ёрдам пуллари ажратилгани эълон қилинди.