Имом Бухорий хақаро илмий-тадқиқот марказига Индонезиянинг Лампунг мухториятида жойлашган Раден Интан давлат ислом университети ректори проф. др. Ван Жамалуддин ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ директорининг ўринбосари О.Муҳаммадиев кутиб олди.
Нафақат Лампунг, балки бутун Индонезиядаги энг йирик олий диний таълим муассасаси бўлмиш Раден Интан давлат ислом университетига 1968 йилда асос солинган. Айни пайтда бу ерда бир нечта таълим йўналиши бўйича бакалавр, магистр ва доктор даражасидаги мутахассислар тайёрланмоқда.
Университет раҳбарияти Марказ музейи билан таништирилиб, буюк муҳаддис номидаги муассасанинг мақсад ва вазифалари, илмий тадқиқотлар, диний-маърифий соҳа, нашрлар, қўлёзмалар билан ишлаш йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Мулоқот чоғида муассасалараро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали ислом илмлари бўйича олиб борилаётган тадқиқотларни мувофиқлаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.