Аввал хабар берилганидек, 15 октябрь куни Тошкентда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бошланди. Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби давлатлардан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар қатнашаётган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбар ходимлари ҳам маъруза билан иштирок этмоқда.
Марказ директори Шовосил Зиёдов нуфузли конференциянинг “Глобаллашув шароитида ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик” шўъбасида маъруза қилиб, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда исломнинг мўътадиллик тамойили муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Ислом таълимоти одамларни ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликка чақириб, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиши қайд этилди.
Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев “Замонавий жамиятда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш омиллари ва амалий ечимлар” шўъбадаги маърузасида исломнинг асосий тамойили тинчлик ва хавфсизлик эканини, мусулмон жамиятида ижтимоий хавфсизликни сақлаш дўстлик ва бирдамликни ёйиш муҳимлигини таъкидлади.
Маърузачилар Марказнинг бугунги кунда олиб бораётган фаолияти ҳақида ҳам маълумот бериб, жамоанинг эришган ютуқларига алоҳида тўхталди. Иштирокчиларни илмий ходимлар томонидан Имом Бухорийнинг ўзбек тилига илк бор таржима қилиб, яқинда нашрга тайёрланган “Халқу афъолил ибод” ва “Китобуз зуафоис сағир” асарлари билан таништирди.
Конференция қатнашчилари исломнинг асл моҳияти ва қадриятларини кенг тарғиб қилишда Имом Бухорий илмий меросининг юксак ўрни ва юқори аҳамиятини эътироф этиб, муҳаддислар султони асарларининг тадқиқи дин ниқоби остида манфур мақсадларини амалга оширишга уринаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашда кучли маънавий қурол сифатида айни муддао бўлишини таъкидлади.
Анжуман ўз ишини 16 октябрь Хива шаҳрида давом эттиради.