АОКАда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорийнинг “Халқу афъолил ибод” (Бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратиши) асари илк бор ўзбек тилига таржима қилингани юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати раҳбари Шерзод Маматов ушбу тадқиқот юзасидан атрофлича маълумот берди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан муҳаддислар султони – Имом Бухорийнинг ислом оламида машҳур бўлган “Халқу афъолил ибод” (“Бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратиши”) асари юртимиз тарихида биринчи бор ўзбек тилига ўгирилди.
Асар таржимаси ва шарҳини тайёрлаш бўйича икки йил давомида чуқур илмий изланишлар олиб борилди. Ушбу китоб Имом Бухорий даврида ислом таълимотини бузиб талқин қилган бидъатчи оқимларнинг даъволарига қарши ёзилган қатъий илмий раддиялардан иборатдир.
Мисол учун, Қадарийлар бандаларнинг амалларини Аллоҳ таоло эмас, балки уларнинг ўзлари яратади, деган нотўғри эътиқодни илгари сурган. Имом Бухорий ва бошқа уламолар мусулмонларни бундай хато тушунчадан ҳимоя қилиш мақсадида уларга илмий раддиялар берган. Асарнинг номи ҳам шундан келиб чиққан.
Муаллиф “Халқу афъолил ибод” китобини умри охирлаб қолганда – 870 йилда ёзган. Унда Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг сўзларидан мазкур масала (бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратиши) бўйича аниқ далиллар келтирилган.
Китобга жами 628 ҳадис киритилган. Ўқувчига осон ва тушунарли бўлиши учун таржима чоғида 257 та изоҳ ва шарҳ, 248 та англатма ёзилди. Асар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ислом цивилизацияси марказининг етакчи мутахассислари томонидан таҳрир қилинди. Дин ишлари бўйича қўмитада давлат диншунослик экспертизасидан ўтказилди.
Китобни Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Буюк Британия, Франция, Германия ва бошқа мамлакатлардаги нуфузли кутубхона ва фондларга тақдим этиш, мамлакатимиз ва хорижнинг илмий-диний жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилиш режалаштирилмоқда.
“Халқу афъолил ибод” буюк аждодларимиз асарларини ўзбек тилига таржима қилиш учун “Вақф” фондига ажратилган маблағлар ҳисобидан нашр этилади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан шу вақтга қадар алломанинг “Саҳиҳул Бухорий”, “Ат-Тарихус сағир”, “Биррул волидайн” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилди. Муҳаддислар султонининг қолган асарларини ҳам таржима қилиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Алломалар илмий меросини тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан ислом маърифати ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, халқимизга етказиш ва халқаро илмий доираларда кенг тарғиб қилиш бўйича ишлар тизимли тарзда давом эттирилмоқда.