Мўғуллар босқини юртнинг сиёсий-ижтимоий ҳолати билан бир қаторда илмий-маънавий муҳитига ҳам таъсирини кўрсатмай қолмади. XIII-XIV асрларга келиб араб тилига эътибор сусайиб, форс тилидаги адабиётларга эҳтиёж кучайди. Хусусан, Самарқандда фаолият юритган Масъуд Самарқандий каби айрим фақиҳлар ўз асарларини форс тилида ёзишди.
Олмониялик истеъдодли олима Анке фон Кюгельген “Салоти Масъудий”ни хуросонлик машҳур олим Саъдуддин Масъуд Тафтазоний (722|1322-792|1390 й.) таълиф этган асар бўлса керак, деб тахмин қилган [2:293]: «Мне не удалось найти подтверждения наличия этой рукописи. Вероятно, речь идет об отрывке из произведения, автором которого является учёный Сададдин Масуд ат-Тафтазаний (ум. В 1390 г.), пользуюшийся большим уважением в Средней Азии». Немис тили бўйича мутахассис Ғанижон Маҳмудовнинг таъкидлашича, ушбу лавҳадаги илк жумла «Diese Schrift konnte ich nicht nachweisen» – «Мен бу қўлёзмани исботлай олмадим» деб таржима қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. [1:325]
Ўрта Осиё халқлари севиб мутолаа қилган “Салоти Масъудий” эса аслида самарқандлик фақиҳ Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф ас-Самарқандий (XIV аср) қаламига мансуб асардир” [6:294-297]. Унинг асари ҳанафий мазҳаби бўйича фиқҳнинг асосий тармоқлари ва уларга боғлиқ масалаларни ёритиб бергани учун муҳим аҳамият касб этади. Мазкур асар XIV асрдан буён халқимиз қадрлаб келаётган қимматли ва мўътабар асарлардан биридир. У дастлаб 83 бобдан иборат [4] бўлган, кейинроқ фиқҳий маълумотлар билан тўлдирилиб, 3 та бўлим-жилдга ажратилган[7].
Асарнинг милодий 1333 йил Самарқандда кўчирилган нусхаси бизгача мукаммал ҳолатга етиб келмаган, яъни муқаддимаси йўқ, матн учинчи бобнинг ўртасидан бошланган[4]. Демак, айни пайтда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган инв. №4041 рақамли ушбу қўлёзма нусханинг таркибий таҳлили, бобларга кўра таснифини мукаммал тарзда амалга ошириш имконсиз бўлганлиги учун асарнинг қадимийлик нуқтаи назаридан иккинчи ўринда турган, ҳижрий 1061 (милодий 1650-51) йил Самарқандда кўчирилган, ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган инв. №2639 рақамли тўлиқ қўлёзма нусхаси таянч манба сифатида танланди.
“Салоти Масъудий” асарининг 1-2-жилдлари намоз ва унга оид масалаларга бағишланган. 3-жилди эса ислом ҳуқуқининг бошқа кўплаб мавзу ва масалаларидан таркиб топган бўлиб, улар алоҳида, биттадан китобга сарлавҳа қилиб олинган. Ҳар бир фиқҳий мавзу ҳам ўз навбатида боб ва фаслларга бўлинган ҳолда ёритиб берилган. Шундай қилиб, “Салоти Масъудий” асарида фиқҳ илмининг жами 30 та мавзуси қамраб олинган.
Қўлёзмаларни кўздан кечириш натижасида шу нарса маълум бўлдики, биринчи ва иккинчи жилдлар боблардан ташкил топган, учинчи жилд эса бобларга бўлинмасдан, асосан китоблардан иборат. Дастлаб биринчи жилд 18 бобдан, иккинчи жилд 25 бобдан ташкил топган[7] бўлса, кейинчалик боблар сони ўзгариб турган[9]. Биринчи ва иккинчи жилд боблари сонининг кўпайиши қадимий нусхаларнинг баъзи бир қисмларининг батафсил шарҳланганлиги ҳамда кейинги давр нусха ва нашрларининг фаслларига ҳам боб сифатида рақам қўйилганлиги сабабидандир.
Муаллиф фиқҳий масалаларни ечишда аввал ўз даври анъанасига кўра ибодат, кейин муомалот қисмларига тегишли масалаларни баён этади.
Асардаги мавжуд масалаларни қуйидагича тақсимлаш мумкин:
- Ибодат масалалари;
- Муомалот масалалари.
Биринчи қисмдаги масалалар асосан тоат-ибодат мавзулари, яъни Аллоҳ билан банда ўртасидаги муносабатларни акс эттиради. “Салоти Масъудий” китоби бошқа анъанавий фиқҳ китобларидан фарқли ўлароқ, таҳорат бобидан эмас, намоз бобидан бошланган. Бу қисмга асардаги5 та мавзу танлаб олинди.
- I. Ибодат қисми:
- Ислом динининг асосий рукнларига оид ибодат масалалари:
Намоз китоби – كتاب الصلاة
Покланиш китоби – كتاب الطهارة
Закот китоби – كتاب الزكاة
Рўза китоби – كتاب الصوم
Ҳаж китоби – كتاب الحج
Иккинчи қисмда эса банда билан банда, яъни инсонлар ўртасидаги муомалот муносабатлари шаръий ҳукмлар асосида баён этилади. Бу қисм 3 хил масала ва 18 та мавзуга ажратилган.
- Муомалот қисми:
- Маиший масалалар:
Никоҳ китоби – كتاب النكاح
Эмизиш китоби – كتاب الرضاع
Талоқ китоби – كتاب الطلاق
Озод қилмоқ китоби – كتاب العتاق
Қасамлар китоби – كتاب الأيمان
- Иқтисодий ва молиявий масалалар:
Савдо ва рибо китоби – كتاب البيوع و الربوا
Гаров китоби – كتاب الرهن
Тасарруф қилишдан ман қилиш كتاب الحجر –
Текинга олиш китобиكتاب العارية –
Омонат китоби كتاب الوديعة –
Ижара китоби – كتاب الإجارات
Қурбонликлар китоби – كتاب ا لأضحية
Шериклик ва музораба китоби كتاب الشركة و المضاربة –
- Ҳуқуқий масалалар:
Жазолар китобиكتاب الهدود –
Ўғирлик китоби – كتاب السرقة
(Мажбурлаб) тортиб олиш китоби –كتاب الغصب
Гувоҳлик китоби – كتاب الشهادة
Кафил бўлиш ва ҳавола қилиш – كناب الكفالة و الحوالة
Асардаги катта мавзулар нафақат китоб сифатида, балки боб ва фаслларга ҳам бўлинган ҳолда, батафсилёритиб берилган. Шунинг учун катта ҳажмга эга. Аҳамиятлиси шундаки, 3 та жилднинг 2 жилди – ибодат қисмининг намоз ҳамда таҳорат масалаларини қамраб олади. Учинчи жилддан бошлаб ибодат қисмининг қолган масалалари – закот, рўза, ҳаж, қурбонлик мавзулари билан давом эттирилиб, сўнг муомалот қисмининг маиший, иқтисодий-молиявий ва ҳуқуқий масалалари батафсил ёритиб берилади.
Ибодат масалалари асарнинг 3/2 қисмини, асар ҳажмининг 67%ини ташкил этади [8]. Бу эса Мовароуннаҳрда мўғуллар истибдоди даврида ибодат масалаларига, айниқса, намозга қанчалик эътибор берилганини кўрсатади. Китобнинг “Салоти Масъудий” деб номланишига сабаб “Намоздан ибтидо қилиб, бул китоб салоти Масъудийға шуруъ қилинди” [5:12]. Асарда нафақат ҳанафийлик фиқҳига, балки мотуридийлик таълимотига ҳам аҳамият берилган. Зеро, Масъуд Самарқандийнинг ижодий фаолияти айнан мўғуллар истилосидан кейинги даврларга тўғри келади. Бу даврда мўътазилий, қадарий, жабарий, қарматий каби турли оқим вакилларининг таъсири кучайган эди.
Анъанага кўра, асар [7:2] “Бисмиллаҳир Раҳмонир роҳим” сўзидан кейин ҳамд, таҳмид – Аллоҳга ҳамду сано билан бошланган. Сўнгра наът – Муҳаммад Пайғамбарнинг таърифи, мақтови битилган. Яна аҳли оиласига ва барча саҳобаларнинг мадҳи ўрин олган. Мана шундан сўнг асарнинг асосий мазмуни баён этилган.
Биринчи жилднинг боши тавҳид мавзусидан бошланган. Унда аҳли сунна вал жамоанинг ақида асослари берилган[7:1-5]. Муаллиф рисолада тавҳид – Аллоҳнинг ягоналиги, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари, фаришталар, илоҳий китоблар ва пайғамбарларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоидалари, Қуръоннинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги масаласи, охират тўғрисидаги исломий таълимот ғоялари, жумладан қабрда савол-жавоб, қайта тирилиш, амалларнинг тортилиши, номаи аъмолнинг ўқилиши, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шафоатлари, кўприк, ҳавзи Кавсар, Аллоҳнинг дийдорини кўриш, жаннат, дўзах, Ашараи мубашшара – жаннатий деб башорат берилган ўнта саҳоба, пайғамбар вафотидан кейинги ҳақ халифалар зикри, ихтиёр, тақдир, Аллоҳнинг иродаси масаласи; имон, ислом ва эҳсоннинг таърифи; мўмин, муслим ва муҳсиннинг аломатлари, хуллас, ҳар бир мўмин-мусулмон учун муҳим бўлган диний маълумотларни талқин этади.
Ундан кейин 1-боб “Намоз муқаддималари” деб аталиб, фаслларга бўлинган ҳолда, асосан қуйидаги мавзуларни ўз ичига олган: намоз, Ҳазрат Имоми Аъзам маноқиблари, таҳорат, ғусл ва ҳоказо. Унинг илк “Намоз муқаддимаси”дан кейинги 3 та фасли Имом Абу Ҳанифанинг ҳаёти, илмий фаолияти ва ахлоқий фазилатларига бағишланган, мазҳабни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган олимнинг шогирдлари фаолияти баён қилинган. Муаллиф Имом Абу Ҳанифанинг ҳаёт йўли ва фаолиятини мукаммал қилиб ёритишга ҳаракат қилган.
Кейинги бобларда намознинг вожиблари, суннатлари, одоблари ҳақида гап боради. Шундан кейин таҳорат ва покланиш мавзулари боб ва фаслларга бўлинган ҳолда ёритиб берилади. Улар: таҳорат; таҳоратнинг суннатлари; мисвок қилиш; истинжонинг одоблари ва таҳоратда ўқийдиган дуолар; ҳайз ва нифосдан ғусл қилиш; ҳаммомга кириш одоблари; таҳоратга шубҳа қилиш; таҳоратнинг бузилиши; ханда, қаҳқаҳа; ухлаш ҳукмлари ва унинг одоблари; қусиш; рўзадорларнинг қусиши; соҳиби журҳи соил, яъни жароҳатидан фасод оқиб турадиганнинг ҳукми; ҳайз ва унинг ҳукмлари; нифос ва унинг ҳукмлари; нажосатдан пок бўлиш; сувларнинг турлари; терини ошлаш; қудуқлар ва уларнинг ҳукмлари масалалари билан 1-жилд тугайди.
Иккинчи жилдда ибодат қисмининг масҳ, таяммум, жойни пок тутиш, макруҳ маконлар, сатри аврат, кийимни пок тутиш, намоз вақтларини билиш, қибла, ният, қироат, сажда ва рукуъ қилиш, қаъда, витр намози, азон, жамоат фазилати, имомлик, саждаи саҳв, нафл намозлари, саждаи тиловат, мусофирлар намози, жума намози, таровеҳ намози, икки ҳайит намозлари, аёлларга имомлик қилиш, бемор одамнинг намози, мурдаларни ювиш, кафанлаш, жаноза намозини ўқиш, сажда каби масалалар батафсил ёритиб берилган.
Учинчи жилдда ҳуқуқий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган жузъиётлар: амалий ибодатлар – закот, рўза, ҳаж мавзуларидан сўнг муомалот қисмининг маиший, иқтисодий-молиявий ва ҳуқуқий масалалари берилади. У асар ҳажмининг учдан бир қисмини, яъни 33 % ини ташкил этади.
Дастлаб, амалий ибодатларга тегишли мавзулар қуйидаги боб ва фаслларга бўлиб ёритилган: туядан, қорамолдан, қўйдан закот бериш; кимларга закот бериш афзал; отга закот вожиблиги; рўзадорнинг турлари; рўзани бузадиган нарсалар; нафл рўза; назр рўзаси; зиҳор каффорати.
2-жилднинг давомида муомалот қисмининг маиший масалаларига тегишли оила ҳуқуқи – никоҳ, разоъ, талоқ, идда мавзуларига эътибор берилади.Улар ҳам боб ва фаслларга бўлиб, ёритиб берилади. Жумладан, никоҳ лафзлари; валийлар; фосид никоҳлар; никоҳда шубҳа; эмизиш; талоқнинг турлари; фосид никоҳ иддаси каби боб ва фаслларга бўлинган. Бу масалалар асар ҳажмининг 12,6 % ини қамраб олади.
“Айтиш мумкинки, X асрларда асосий эътибор иқтисодий-молиявий, тижорий масалаларга қаратилган, XI-XII асрларга келиб тижорий масала ҳали ҳам эътиборда бўлган, лекин маиший масалалар биринчи ўринга кўтарилган” [3]. “Салоти Масъудий”да ҳам шу тартибда берилган. Бунга сабаб ўша даврда турли маиший муаммоларнинг юзага чиқа бошлагани ва уларнинг олдини олишга катта эътибор берилгани, деб хулоса қилиш мумкин.
Асарда маиший масалалардан сўнг иқтисодий-молиявий масалалар – олди-сотди, рибо, гаров, тасарруф қилишдан ман қилиш, текинга олиш, омонат, ижара, вақф, қурбонлик, шериклик ва музораба каби масалалар батафсил ёритилган.У асар ҳажмининг 13,6 % ини қамраб олади.
Ҳуқуқий масалалар асар умумий ҳажмининг 6,8 % ини ташкил этади. Унда ҳудуд жазолари – Аллоҳ томонидан белгиланган жазолар, жиноят турлари, ўғирлик, суд, даъво, гувоҳлик, қасос, сулҳ, жиҳод, васият, мерос ва бошқа кўплаб фиқҳий мавзу ҳамда масалаларни ўз ичига олган.
Хулоса қилиб айтганда, Масъуд Самарқандий ўз асарида фиқҳ илмининг ўша давргача бўлган ҳолатларини умумлаштирган ҳолда ёритиб беради. Ўша даврда араб тилидаги фиқҳий асарларни яхши тушунмаган маҳаллий аҳолига масалаларни форс тилида таъбир қилиб, фиқҳнинг моҳияти, мавзу ва масалаларини турли фақиҳларнинг асарларини таҳлил қилган ҳолда изчил очиб беради.
-
Анке фон Кюгельген. Легитимация среднеазиатской династии мангитов в произведениях их историков (XVIII-XIX вв.) Алматы: Дайк-пресс, 2004. – C.325.
-
Жабборов Н. Имом Бухорий Республика илмий-маърифий маркази. “Имом Бухорий сабоқлари” илмий журнали. 2004.-№ 4. – Б. 293.
-
Камилов М.Б. Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожида Алоуддин ас-Самарқандийнинг ўрни ва “Туҳфат ал-фуқаҳо” асарининг аҳамияти”. Тарих. фан. ном… диссертация. – Т., 2000. – Б.116.
-
Масъуд ас-Самарқандий. Салоти Масъудий. ЎзР ФАШИ № 4041. 1333 й. Самарқанд шаҳрида котиб Носир ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Кирмоний ал-Ғазнавий томонидан сулс хатида кўчирилган. 244 в. Қўлёзма жилдларга бўлинмаган.
-
Масъуд Самарқандий. Салоти Масъудийи туркий. ЎзР ФАШИ. № 10401. 1910. – Б.12.
-
Собрание восточных рукописей Академии Наук Узбекской ССР. – Т.: Фан, Узбекской ССР, 1987. 11-том.– С.294-297.
-
ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. № 2639. Ҳижрий 1061 (м. 1650-1651) йил кўчирилган.
-
ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. Р: 8338. Асарнинг умумий ҳажми 524 бет.
-
ЎзРФАШИ қўлёзмалар фонди инв. № 8784-биринчи жилд 45 бобдан, иккинчи жилд 25 бобдан ташкил топган бўлиб, ҳижрий 1254 (м. 1838) йил кўчирилган. № 8793 – биринчи жилд 49 бобдан, иккинчи жилд 46 бобдан ташкил топган бўлиб, ҳижрий 1264 (м. 1847-1848) йил кўчирилган. № 11035 – биринчи жилд 47 бобдан, иккинчи жилд 26 бобдан ташкил топган бўлиб, ҳижрий 1334 (м. 1915-1916) йил кўчирилган. № 1713-биринчи жилд 54 бобдан, иккинчи жилд 47 бобдан ташкил топган бўлиб, ҳижрий 1351 (м. 1932) йил кўчирилган.