Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилган “Буюк аждодлар мероси — Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресс 23 август куни Тошкентда бошланиб, шу кунларда ўз ишини Самарқандда давом эттирмоқда.
Конгрессда ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ сингари халқаро ташкилотлар, “Ал-Фурқон” фонди, Халқаро Туркий академия раҳбар ва ходимлари, дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар иштирок этмоқда.
24 август куни Самарқанддаги конгресс марказида халқаро форумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Табрикда конгрессда бугун ва келажакка мўлжалланган илмий дастур ва режалар муҳокама қилинаётгани диққатга сазоворлиги алоҳида таъкидланган. Хусусан, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, юртимиз ва чет эллардаги энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, нуфузли илм-маърифат масканларига етказиб берилди. Ана шу ишларнинг давоми сифатида анжуман кунларида мазкур туркумдаги яна 10 та янги жилд тақдимоти ўтказилиши ҳам муҳим маданий ҳодисадир, дея қайд этилган. Шунингдек, фундаментал тадқиқотларни ўтказишга қаратилган дастур, илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишдаги чора-тадбирлар ўзаро ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб беришига эътибор қаратилган.
— Давлатимиз раҳбари табригида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эшиклари олимлар ва тадқиқотчилар учун ҳамиша очиқ эканини эшитиб, ҳар биримизнинг қалбимизда ғурур ва ифтихор уйғонди, — дейди ЎзФА вицепрезиденти Баҳром Абдуҳалимов. — Жорий йил июль ойида мамлакатимизнинг етакчи олимлари иштирокида “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” Республика форумини ўтказган эдик. Форумда Ислом цивилизацияси маркази билан боғлиқ 600 дан ортиқ таклиф билдирилди. Бугунги конгресс ҳам ана шу таклифлардан келиб чиқиб, халқаро тажрибани чуқурроқ ўрганиш мақсадида ташкил этилди.
Кун тартибига кўра, олимлар иштирокида “Марказий Осиё исломгача бўлган даврда”, “Жаҳолатга қарши маърифат: ислом маънавий меросини оммалаштиришнинг долзарб масалалари”, “Таълим ва фан ислом цивилизациясининг асоси”, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида”, “Архитектура, санъат ва ҳунармандчилик: келажак учун мерос”, “Инновацион музейлар – келажак музейи: Ислом цивилизацияси маркази ва Имом ал-Бухорий музейлари кўргазмасида янги технологиялар”, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида: дунё ва миллий коллекциялар бўйича ишларнинг янги йўналишлари” каби мавзуларда семинарлар, муҳокамалар ташкил этилди.
Унда Ислом цивилизацияси маркази ва хорижий дизайнерлар ўз лойиҳалари, концепциялари билан ўртоқлашди. Шунингдек, илмий ходимлар томонидан музейлар ва Имом Бухорий марказининг кўргазмалари концепциялари тақдим этилмоқда. Миллий мутахассислар ҳамкорликдаги лойиҳаларни, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейининг кўргазмалари бўйича видеороликлар намойиш қилиняпти.
— Конгресснинг асосий мақсади Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мегалойиҳасини халқаро илмий жамоатчиликка тақдим этишдан иборат, — дейди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. — Айни пайтда фаолиятимизнинг тўлақонли ишга тушиши учун жадал ҳаракатлар бошланган.
Марказ дунё аҳамиятига молик улкан маданий, маърифий маскан сифатида қад ростламоқда. Барча саъй-ҳаракатларимиз мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар аҳамиятини очиб беришга қаратилган.
Марказ зиммасидаги улкан вазифаларни адо этиш учун мамлакатимиз ва хориждаги барча илмий куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Академик тадқиқотлардан олинган илмий хулосалар марказда амалий ёки назарий шаклда ўз ифодасини топади. У ҳам илмий, ҳам жозибадор масканга айланади. Айни дамда соҳага оид мулоқотларга мўлжалланган илм ўчоғи бўлади. Шу сабаб йирик халқаро анжуманда эътиборни кўпроқ марказнинг кутубхона ва музейлари фондини халқаро андозаларга мос, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб бойитиш, марказ фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилди.
Халқаро конгресс дунёнинг 35 дан зиёд давлатидан 300 га яқин олимлар, тадқиқотчилар, маданий мерос соҳасида фаолият юритаётган экспертлар ҳамда маданият, санъат арбобларини бир майдонга жамлади. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг фикрлари билан қизиқдик.
— Мамлакатингизда барча соҳалар қатори таълим, илм-фан, маданият ва маърифат, буюк аждодлар меросини сақлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни мунтазам кузатиб борамиз ва беҳад қувонамиз, — дейди “Сандро Тетти” Рим нашриёт уйи асосчиси ва директори Сандро Тетти. — Зотан, Ўзбекистон заминидан жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққан. Ўзбек халқининг бебаҳо маданий мероси бугун дунёнинг турли ҳудудларида сақланмоқда ва ўрганилмоқда. Шу билан бирга, жаҳоннинг юксак минбарларидан туриб, ислом диниинг инсонпарварлик ва маърифатпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган Ўзбекистон ташаббуслари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани бежиз эмас. Зотан, бугун дунё аҳли ана шундай эзгу даъватларга, хайрли ташаббусларга катта эҳтиёж сезмоқда.
— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ислом меросини тадқиқ этишга қаратилган бир қатор халқаро ва хорижий ташкилотлар билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган, — дейди Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази — ИРСИКА раҳбари Маҳмуд Эрол Қилич. — WOSCU бошқаруви аъзоларидан бири сифатида айтишим мумкинки, ушбу заминдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг Ислом олами ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини ўрганиш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш ўта муҳим масала. Гувоҳ бўляпмизки, марказ биноси шарқона анъаналар ҳамда замонавий архитектура талаблари асосида қад ростламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд вилоятида қайта бунёд этилаётган Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳам тез орада Ислом оламининг энг машҳур қадамжоларидан бирига айланиши кутилмоқда. Бунга куни кеча ушбу иншоотларга қилган ташрифимиз давомида гувоҳ бўлдик.
— Конгресс давомида марказ экспозициялари мазмунини яхшилаш бўйича эксперт баҳолари ва тавсиялар олинади, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини сақлашга қаратилган бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилади, — дейди Қатар Миллий кутубхонаси директори Тан Ҳусим хоним. — Шуни маълум қилишдан мамнунманки, бизнинг кутубхона ислом мероси дурдоналари сақланаётган дунёдаги йирик маърифий масканлар қаторида туради. Келгусида ушбу кутубхона билан ҳамкорликда китоб-альбомлар, нодир асарларнинг факсимиле нусхаларини яратиш ниятидамиз.
VIII халқаро конгресс доирасида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги китоб-альбомларнинг 71-80 жилдлари, шунингдек, бир қатор безакли нашрлар тақдимотлари ўтказилди, китоб-альбомлар кўргазмалари ташкил қилинди. Хорижий мамлакатлардаги бир қанча илмий-маърифий муассасалар, ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Ялпи йиғилишдан сўнг конгресс ўз ишини еттита шўъба доирасида Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейларининг экспозициялари бўйича тақдим қилинган лойиҳаларни муҳокама қилиш билан давом эттирди. Шунингдек, АҚШ ва Россиядан келган мутахассислар иштирокида Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейи учун замонавий технологиялар лойиҳаларининг тақдимоти ўтказилди. Муҳокама ва маърузалар якуни бўйича музей заллари экспозициялари учун таклиф этилган лойиҳалар тасдиқланди.
Конгресс ўз ишини давом эттирмоқда. Кун тартибида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, уни сақлаш ва оммалаштириш мақсад қилинган. Шунингдек, ислом цивилизациясининг қимматли маданий ва маънавий мулкини келажак авлодга етказиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади.