Home / ЯНГИЛИКЛАР / УЛУҒ АЛЛОМАЛАРИМИЗНИНГ ДУНЁ ТАМАДДУНИДАГИ ЎРНИ: ТАҲЛИЛ, ТАКЛИФ ВА ХУЛОСА

УЛУҒ АЛЛОМАЛАРИМИЗНИНГ ДУНЁ ТАМАДДУНИДАГИ ЎРНИ: ТАҲЛИЛ, ТАКЛИФ ВА ХУЛОСА

Мамлакатимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Буюк аждодлар мероси – учинчи Ренессанс асоси” мавзуида VIII халқаро конгресс ўтказилмоқда. Унда ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ сингари халқаро ташкилотлар, “Ал-Фурқон” фонди, Халқаро Туркий академия раҳбар ва ходимлари, дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар қатнашмоқда.

Тошкент шаҳрида 23 август куни бошланган тадбирлар айни пайтда Самарқандда давом этяпти. 24 август куни Самарқанд халқаро туризм марказидаги конгресс-холлда нуфузли анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар мамлакатимизда бой маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз қарори асосида бундан етти йил муқаддам ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу эзгу мақсад йўлидаги мегалойиҳалардан биридир.

Шунингдек, бу борада Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан ўтказилаётган халқаро анжуманлар, амалга оширилаётган лойиҳалар, чоп этилаётган китоб- альбомлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Табрикда таъкидланганидек, конгресснинг бу галги саккизинчи йиғилиши доирасида мамлакатимизда бунёд этилаётган, маданий-гуманитар йўналишдаги мегалойиҳа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг жорий ва келажакка мўлжалланган илмий дастур ҳамда режалари муҳокама қилиниши, айниқса, диққатга сазовордир.

Бунда буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг дунё, хусусан, мусулмон илм-фани ва цивилизацияси равнақига қўшган муносиб ҳиссаси, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти бўйича фундаментал тадқиқотлар ўтказишга оид дастурлар, илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар, ҳеч шубҳасиз, ўзаро ҳамкорлигимиз учун янги имконият ва истиқболлар очиб беради.

Маросимда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.

Очилиш маросимидан сўнг халқаро конгресснинг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси музейларининг лойиҳа ва концепциялари муҳокама қилинди. Маҳаллий ҳамда хорижлик мутахассисларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди.

Конгресснинг еттита шуъба мажлисларида ялпи йиғилишда муҳокама этилган музейларнинг экспозициялари бўйича тақдим қилинган лойиҳалар кўриб чиқилди.

Олимлар иштирокида “Марказий Осиё исломгача бўлган даврда”, “Жаҳолатга қарши маърифат: ислом маънавий меросини оммалаштиришнинг долзарб масалалари”, “Таълим ва фан — ислом цивилизациясининг асоси”, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”, “Архитектура, санъат ва ҳунармандчилик: келажак учун мерос”, “Инновацион музейлар — келажак музейи: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейлари кўргазмасида янги технологиялар”, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида: дунё ва миллий коллекциялар бўйича ишларнинг янги йўналишлари” каби мавзуларда семинарлар, муҳокамалар ташкил этилди.

Уларда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб қилиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни таъминлашга урғу берилди.

Тадбир доирасида “Янги Ренессанс: маданий меросни сақлашда кино ва медианинг ўрни” мавзуида ТУРКСОЙ халқаро форуми ўтказилмоқда. Унда туркий тилли мамлакатларнинг кино саноати вакиллари иштирокида “Кино — мерос ҳимоячиси: маданий лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимоти”, “Глобал медиаҳамкорлик: меросни асраш бўйича маданиятлараро лойиҳалар” каби тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мультимедиаблоки учун тайёрланган видеороликлар туркуми тақдимоти, “Бақтрия тарихи”, “Ўзбекистон археологик марваридлари”, “Клавихо”, “Худойберган Девонов ва немис меннонитлари”, “Мухтор Авезов” лойиҳалари тақдимоти ўтказилади.

Халқаро конгресс давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорлик юзасидан бир қатор халқаро ташкилотлар, академиялар ўртасида меморандумлар имзоланди.

Форум 26 августга қадар давом этади. Унинг доирасида жами 12 илмий йўналишдаги мавзуларни қамраб олган илмий-амалий семинарлар ташкил этилади. Хусусан, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, уни сақлаш ва оммалаштириш, шунингдек, ислом цивилизациясининг қимматли маданий ва маънавий мулкини келажак авлодга етказиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади. Замонавий технологиялар ёрдамида маданий меросни сақлаш ва қайта тиклаш масалалари, шунингдек, маданий бойликларни ёш авлодга етказишда янги инновацион ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилади.

Сўз — анжуман иштирокчиларига

Сали ШАҲСИВАРИ,

«Ал-Фурқон» ислом мероси фонди менежери (Буюк Британия):

— Бугунги кунда дунёдаги кўплаб йирик коллекциялар ва машҳур музейларда Ўзбекистоннинг моддий ва номоддий меросига оид ноёб дурдоналар сақланмоқда, уларни ўрганишда ва бу ҳакда маълумотлар тўплашда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг хизматлари катта. Қисқа вақтда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик китоб-альбомлар тайёрланиши осон кечадиган жараён эмас, бунинг замирида қанча меҳнат, заҳмат борлигини яхши биламиз. Шунинг учун биз “WOSCU”нинг бу борадаги ишларини қўллаб-қувватлаймиз ва мазкур ташкилот билан бундан буён ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

 

Музаффар ШЕКЕР,

Туркия Фанлар академияси президенти:

— Диний-маърифий соҳада амапга оширилаётган ишларни эътироф этганда, айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган ишлар ўзбек халқи маънавий қудратини дунёга намоён қилишини таъкидламасликнинг иложи йўқ. Ўзбекистон минг йиллик тамаддунга эга. Бу замин одамлари мана шу истиқболли цивилизациянинг соҳиблари ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқалар мана шу тамаддун ривожланишига ҳисса қўшишган. Бугунги кунда дунёдаги аксарият аҳоли айнан Мотуридий таълимотидан фойдаланади. Яна ислом оламида Термизий ҳам буюк муҳаддис ҳисобланади. Етакчи таълимотлардан яна бири — Нақшбанд тариқати. Қисқача айтганда, улуғлар улғайган мана шу маконнинг келажаги порлоқ! Бугунги куннинг фаоллари эса ушбу буюк мерос соҳиблари ҳамда тарғиботчилари ҳисобланади. Тан олиш керакки, бундай имконият ҳамма халқ ва давлатда ҳам мавжуд эмас.

Тан ҲУСИМ,

Қатар Миллий кутубхонаси директори:

— Айтиш керакки, маданий меросни ривожлантириш йўлида Ўзбекистонда жуда катта ишлар амапга оширилган. Тарих, билим, тадқиқот, архитектура — Ўзбекистон мероси ва маданий бойлигининг кўплаб элементларини бир конгрессда жамламокда. Бу ерда олимлар     ўзаро фикр алмашмокда, дўст

тутинмокда, келгуси ҳамкорлик режаларини муҳокама қилмоқда. Буларнинг барчаси, албатта, жуда ажойиб. Бизга мана шундай имконият яратиб берилганидан жуда хурсандмиз.

Мен ўз кутубхонамиз мисолида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича турли йўналишлардаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида тақдимот қиламан. Биз бу борадаги шериклик лойиҳаларини йўлга қўйишдан манфаатдормиз.

Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2024 йил 25 август, №172-173(8795-8796)

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТУРКИЯ ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНМОҚДА

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов бошчилик қилаётган делегация музейларга бўлган …