Home / МАҚОЛАЛАР / КИЧИКЛАРГА РАҲМ, КАТТАЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ

КИЧИКЛАРГА РАҲМ, КАТТАЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ

(Бир ҳадис шарҳи)

Динимиз одамларнинг ёши ва ҳолатидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга чақиради. Ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ундайди. Албатта, бу бизнинг инсонийлик бурчимиз бўлиши зарур. Айниқса, қуввати кетиб, атрофдагиларнинг ёрдамига кўпроқ муҳтож бўлиб қолган кексаларимизга, кўмак сўрамаса-да, ёрдам беришга шошилишимиз лозим.

عَنْ زَرْبِىٍّ قَالَ سَمِعْتُ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ يَقُولُ جَاءَ شَيْخٌ يُرِيدُ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- فَأَبْطَأَ الْقَوْمُ عَنْهُ أَنْ يُوَسِّعُوا لَهُ فَقَالَ النَّبِىُّ -صلى الله عليه وسلم- لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَنَا وَيُوَقِّرْ كَبِيرَنَا.

Анас ибн Молик айтади: “Бир кекса киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргани келди. Одамлар унга жой беришга шошмади (иккиланди). Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган биздан эмас”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида, кичикларга раҳм-шафқат ва лутф кўрсатиб, ҳақ-ҳуқуқига риоя қилмаган катталарни, шунингдек, катталарнинг ҳурматини жойига қўймаган кичикларни биздан эмас, деб қаттиқ гапирмоқдалар. Кичик ва катта деганларида нафақат ёш ва мартабада, балки бошқа ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам, барчаси назарда тутилган. “Биздан эмас”, деганларида, бизнинг йўлимизда, ҳидоятимизда ва суннатимизда эмас, деган маънода сўзлаганлар. У зот яна бир ҳадисларида “Кекса мусулмонга ҳурмат кўрсатиш, Аллоҳни улуғлашдир”, деганлар (Абу Довуд ривоят қилган).

Ёшлар билан кексалар орасида бири-бирига нисбатан одоб-ахлоқнинг йўқолиши, кишиларнинг меҳр, раҳм-шафқатни билмаслиги ташвишли ва оғриқли ижтимоий нуқтадир. Бу эса адолатсизликка олиб келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган йўлларини тутсак, барча ишлар тартибга тушади, турмуш тарзимиз тўғри бўлади, ҳар ким ўз ҳаққини топади. Шундагина жамиятда эзгулик ғолиб бўлиб, дўстлик ва ўзаро муҳаббат тарқалади.

Ёшларнинг кексаларга шошқалоқлик ва беодоблик билан муносабатда бўлаётганини, ҳақорат қилаётганини учратиб қоламиз. Уларга Расулуллоҳнинг сўзига қулоқ тутишини ва амал қилишини тавсия этамиз. Шунда ҳам савобга етишади, ҳам жамиятда меҳр-муҳаббат ва ахлоқнинг юксалишига ҳисса қўшган бўлади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …