Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида галдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Австрия ва АҚШдан олимлар иштирок этди.
Семинарда Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институтининг Истиқболли тадқиқотлар маркази илмий ходими, профессор Курт Франц “Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжамул булдон” асарида Мовароуннаҳр” мавзусида маъруза қилди.
Машҳур сайёҳ, географ, адиб ва тарихчи Ёқут Ҳамавий (1179-1229) 1213 йилда сафарга чиқиб, 16 йил давомида Сурия, Фаластин, Миср, Арабистон яримороли, Ироқ, Эрон, Хуросон ва Мовароуннаҳрда бўлган ва география, тарих, филология, этнографияга оид маълумотлар тўплаган. Манбалардан унинг қаламига мансуб ўн асарнинг номлари келтирилган. Шулардан бири 1224 йилда ёзиб тугатилган 14 жилдли топонимик “Мўъжамул булдон” (“Мамлакатлар луғати”) тўплами бўлиб, ундан Мовароуннаҳрнинг ўша даврда аҳамиятга молик 20 дан ортиқ шаҳар ва манзиллари ҳақидаги мақолалар ўрин олган.
Маърузачи асарда “Мовароуннаҳр” сўзининг этимологияси турли жиҳатларда тавсифланганини маълум қилиб, муаллиф минтақани етарлича ёритиш учун керакли малака ва қобилиятга эга бўлганини таъкидлади.
Ҳамавий Бухоро, Туркистон, Хуросон, Хоразм ва Самарқанд ҳақида кўпроқ (6 бет), Ахсикат, Асфижаб, Фарғона, Термиз, Жайҳун дарёси, Аш-Шаша, яъни Шош ҳақида эса нисбатан камроқ (4 ярим саҳифада) маълумот келтиради. Бир неча мисралик маълумот берилган жойлар ҳам бор. Чунки муаллиф манзилларни қолдириб кетгандан кўра, билганини қоғозга туширишни афзал топган.
Профессор Франц Аш-Шаша ҳақидаги мақолага алоҳида тўхталди. Ҳамавий шаҳар номига оид филологик изоҳлар бериб, унинг географик жойлашуви, рельефи, аҳолиси билан бирга, кўҳна Шошдан етишиб чиққан уламолар тўғрисида ҳам маълумотлар келтиради.
Умумий жиҳатдан олганда Мовароуннаҳрнинг асардаги тавсифи дунёнинг илғор қисмларидан бўлган минтақани ўша даврнинг йирик маданий марказлари қаторидан ҳақли равишда ўрин олган ўлка сифатида намоён қилади.
Асарнинг ҳозир Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхалари XIII асргача бўлган давр географияси, адабиёти, тили, тарихини ўрганишда муҳим манба саналади.
Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.