Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛК ЎРТА АСРЛАР ЎРТА ОСИЁ ТАНГАЛАРИДАГИ ҚАДИМГИ ТУРКИЙ УНВОНЛАР

ИЛК ЎРТА АСРЛАР ЎРТА ОСИЁ ТАНГАЛАРИДАГИ ҚАДИМГИ ТУРКИЙ УНВОНЛАР

Исломдан олдинги Ўрта Осиё тангаларининг сезиларли қисмини туркий атамалар – ҳукмдор исми, унвон ва эпитетлар ўрин олган тангалар ташкил этган. Уларнинг катта бир қисми суғдий, қолган қисми эса бақтрий, паҳлавий ва қадимги турк-рун ёзувида зарб қилинган. Қадимги туркча атамалар учрайдиган ушбу тангалар, айниқса, улар орасида суғдий ёзув туширилганлари Ғарбий Турк хоқонлиги (568-740) билан тўғридан-тўғри боғлиқ эди. Уларнинг кўпчилиги хоқонлар томонидан Чоч воҳасида зарб қилинган [3: 60-61]. Шунингдек, хоқонликка у ёки бу даражада алоқадор суғдий ёзув туширилган тангалар Фарғона водийси, Суғд ва Тўхористонда ҳам зарб қилинган. Шу билан бирга, суғдий ёзув туширилган Ўрта Осиё тангаларининг катта қисми Чоч, Фарғона, Ўтрор, Суғд ва Тўхористондаги хоқонликка алоқадор туркий сулолаларга тегишлидир [4: 66-67].

Юқорида айтилганидек, исломдан олдинги Ўрта Осиё тангаларининг катта қисми бақтрий, паҳлавий ва бошқа тиллардаги ёзувлар билан зарб қилинган. Уларнинг кўпчилиги турк хоқонларига эмас, балки у билан алоқага эга сулола ёки хоқонлик ноиблари томонидан зарб қилинган. Бу даврда турли ёзувли Ўрта Осиё тангаларининг катта қисмида қадимги туркча унвонлар ўрин олган. Бу, ўз навбатида, минтақа ва унга қўшни ҳудудларнинг Турк хоқонлиги (552-744) қўл остида бўлганини билдиради. Ушбу масалани таҳлил қилишдан олдин қуйидаги жадвалларда қадимги туркча атамалар ўрин олган бақтрий ёзуви туширилган Ўрта Осиё тангаларини келтириб ўтамиз:

 

1-жадвал.  Бақтрий ёзувли қадимги турк тангалари

 

Унвонлар номи

Танга расми

Зарб қилинган даври ва жойи

Нашр қилинган тадқиқот

1

Ҳоқон

sri bago adēbo bagdaiggo kagano soi bagi

“Буюк ҳукмдор, тугал бахт эгаси Хоқон”

 

VII – VIII асрлар. Тўхористон

Göbl, 1967.   P. 166-167, 244.

2

Жабғу

tγw’r’k xwβ “Тўхор(истон) ҳукдмори” (суғд.) ёки τoγoro iaβγo? Тўхор ябғуси?” (бақтр)

 

VII – VIII асрлар. Тўхористон, Чағониён.

Бобоёров, 2021. Б. 160.

3

Тегин

1. ταγινο υwpσavo  þaυo “Хуросон Тегин-шоҳ”;

 

2. σρι ταγινο þaυo “Буюк ҳукмдор Тегин”

 

VII – VIII асрлар. Кобулистон.

Göbl, 1967.      P. 140. Babayar,  2007. S. 210.

4

Тудун-тархон

tadonotarxano bagdaiggo υarobido “Тугал бахтга эга ҳукмдор Тудун-тархон”

 

VII – VIII асрлар. Тўхористон, Хуттал.

Davary, 1982. 100, 170-171, 287.

 

 

Бақтрий ёзуви туширилган тангаларда kagano “хоқон”, “жабғу”, ταγινο “тегин”, tadono tarxano “тудун-тархон” каби унвонлар – “хоқон”, “жабғу”, “тегин” каби Турк хоқонлиги унвонлар тизимининг олий тоифасига кирган. “Элтабар” ва “тудун-тархон” эса бирмунча қуйи даражали унвон ҳисобланган. “Ҳоқон”, “жабғу” ва “тудун-тархон” унвони туширилган тангаларнинг кўпчилиги Тўхористон ябғулиги ва унинг таркибидаги Хуттал ҳукмдорлигига тегишли бўлган. Бақтрий ёзувида “тегин” унвони туширилган тангалар Тегин-шоҳлар сулоласи ҳукмронлик қилган Кобулистонга оиддир [6: 18-28]. VII – VIII асрларда Тўхористонни ябғулар сулоласи бошқарган. Уларнинг келиб чиқиши Ғарбий Турк хоқонлигига тақалар эди. Тўхористон ябғулари ҳукмронлиги 620-йиллардан 750- йилларгача, яъни бу ер араблар томонидан тўлақонли эгаллангунига қадар давом этган. Кобулистонда ҳам шунга ўхшаш  вазият ҳукмрон бўлиб, 640- йиллардан 843 йилгача бошқарган сулола келиб чиқишига кўра Ғарбий Турк хоқонлигига тақалган [ 5: 17-19].

Тўхористон ябғулари ва Кобул Тегин-шоҳлари тангаларини фақатгина бақтрий ёзувида эмас, балки паҳлавий (ўрта форс) ва қадимги ҳинд (браҳмий) ёзувида ҳам зарб қилдирган. Қуйида ушбу тангалардан айрим намуналарини келтирамиз.

 

2-жадвал.  Паҳлавий ёзувли қадимги турк тангалари

Унвонлар номи

Танга расми

Зарб қилинган даври ва жойи

Нашр қилинган тадқиқот

1

Ябғу

ybgu bhlk’n

“Балх ябғуси”

 

VII – VIII асрлар. Тўхористон

8: 182-183.

2

Тегин

tkyn bg hwtyp hwr’s’n MLK’  “Тегин, қудратли жаноб, Хуросон ҳукмдори”

 

VII – VIII асрлар. Кобулистон

9: 377.

 1: 205.

 

 

Юқоридаги тангалар биринчиси Тўхористон ябғулигига, иккинчиси эса Кобул Тегин-шоҳлари сулоласига тегишлидир. Шу ўринда айтиш керакки, Тўхористон ябғулари томонидан зарб қилинган тангаларнинг кўпчилигида паҳлавий ёзуви туширилган. Уларнинг иконографияси ва матнида Эрон Сосонийлари тангаларининг кучли таъсири кўриниб туради. Бу ҳолатни айрим тадқиқотчилар Тўхористон ябғулиги жануби-ғарбий томондан Сосонийлар билан чегарадош бўлганини илгари суради. Шунингдек, яқин қўшничилик натижасида Тўхористонда танга зарб қилиш анъаналарига Сосонийларга хос жиҳатларнинг таъсир кўрсатганини таъкидлайди.

Аслида шунга ўхшаш ҳолат Кобулистонда ҳам кўзга ташланади. Тўхористон жанубида жойлашган бу ҳудуднинг чегаралари ғарбий томондан Сосонийлар салтанатига туташ бўлган. Тўхористон ябғулиги каби Кобулистон ҳукмдорлари ҳам иш юритиш ва ёзишмаларни юнон-бақтрия ёзуви асосидаги бақтрий тили билан бирга паҳлавий ва қадимги ҳинд тилларидан ҳам фойдаланган [10: 346]. Буни қадимги ҳинд (браҳмий) ёзуви туширилган қуйидаги тангалар ҳам тасдиқлаб турибди.

 

3-жадвал.  Қадимги ҳинд (браҳми) ёзуви туширилган қадимги турк тангалари:

 

Унвонлар номи

Танга расми

Зарб қилинган даври ва жойи

Нашр қилинган тадқиқот

1

Тегин

hıtıvıra kharalāva pārameśvara śrı vahı tıgına devakārı tam “Hitivira/ Элтабар – Буюклиги, Харалажа, энг буюк жаноб, Тегин-шоҳ буюклиги, ҳашаматли ҳукмдор учун [бу танга] зарб қилинди”

 

VII – VIII асрлар. Кобулистон

8: 142-208.  9: 377-378.

2:  206.

 

2

Элтабар

hıtıvıra kharalāva pārameśvara śrı vahı tıgına devakārı tam–“Hitivira/ Элтабар – Буюклиги, Харалажа, энг буюк жаноб, Тегин-шоҳ буюклиги, ҳашаматли ҳукмдор учун [бу танга] зарб қилинди”

 

VII – VIII асрлар. Кобулистон

8: 142.

 

 

Юқорида келтирилган “тегин” унвони туширилган тангалар Кобул Тегин-шоҳлари сулоласига тегишли бўлиб, улар 3 та тилда – бақтрий, паҳлавий ва қадимги ҳинд (браҳми) ёзувларида зарб қилинган. Кобул Тегин-шоҳлари сулоласига тегишли танга матнларининг бир неча тилда ёзилиши ўзининг тарихий асосларига эга. Биринчидан, Кобул вилояти ва унга қўшни Зобулистон, Қандаҳор каби бугунги Афғонистоннинг шарқий ва жанубий вилоятлари, шунингдек, Гандхара (Панжоб), Кашмир сингари Шимолий Ҳиндистон (бугунги Покистон) вилоятларининг бир қисмида қадимда ва илк ўрта асрларда асосан ҳинд ва эроний тилли, қисман туркий тилли элатлар яшаган. Турк хоқонлиги даврида бу ерда туркий аҳолининг салмоғи анча ошади. Айниқса, Кобул Тегин-шоҳлари сулоласи даврида ҳукмрон тоифа ва қўшин асосан туркийлардан ташкил топган эди.

Ўзаро қўшни иккала ҳукмдорлик – Тўхористон ябғулиги ва Кобул Тегин-шоҳлари минтақадаги этник хилма-хилликдан келиб чиқиб, тангасини турли тилларда зарб қилдирган. Шундай бўлса-да, улар қадимги туркий анъаналарни давом эттирган. Танга матнларида эса “жабғу”, “тегин” каби Турк хоқонлигига хос унвонларга асосий урғу берилган.

Умуман олганда, исломдан олдинги ёзма манбалардан англаш мумкинки, жабғу – хоқондан кейин турувчи унвон эди. У Ғарбий Турк хоқонлигининг илк босқичида энг юқори даража бўлиб, кейинчалик хоқонликнинг бир қисми ҳисобланган Тўхористон ҳукмдорлари унвонига айланган. Тегин эса Турк хоқонлигида шаҳзодалар унвони сифатида хоқонликка бориб тақалувчи Чоч тегинлари, Тўхористон ябғулари ва Кобул Тегин-шоҳлари каби сулолалар томонидан ҳам қўллана бошлаган. Элтабар – Турк хоқонлигида “тегин” (шаҳзода)лардан кейинги ўринда турувчи унвон бўлиб, унинг эгалари хоқонликнинг ҳукмрон тоифасига тегишли бўлмаган. Хоқонлик ўз вассалларига ушбу унвонни берган. Элтабар Чоч, Тўхористон ва Кобулистон тангаларида учрайди. Улар кўпроқ кичик ҳудудлар бошқарувчилари унвони сифатида қайд этилган. Тудун – Турк хоқонлигида вассал ҳукмдорларни назорат қилиш ва улардан солиқ йиғиш ишларини ташкил этувчи амалдор унвони, ноиб. Вазифасига кўра қадимги туркча “босқоқ” унвонига ҳам тўғри келган. У Чоч ва Тўхористон тангаларида учрайди. Ушбу унвон соҳиби ҳам элтабар унвонига эга шахс билан деярли тенг мавқеда бўлган.

 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазис. – Т., 2007.
  2. Babayar G. Köktürk Kağanlığı sikkeleri Katalogu. The Catalogue of coins of Turkic Qaghanate. – Ankara: TIKA, 2007.
  3. Бобоёров Ғ.Б. Чоч тарихидан лавҳалар (Илк ўрта асрлар). – Т., 2010.
  4. Бобоёров Ғ.Б. Ғарбий Турк хоқонлиги тарихи ва танга-пул тизими. – Т., 2021.
  5. Джуманиязова Ф. Илк ўрта асрларда Тохаристон ва Кобул водийсида туркий сулолалар. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси автореферати. – Т., 2018.
  6. Джуманиязова Ф. Sharqshunoslik // 2017, № 3.
  7. Davary G.D. Baktrisch: Ein Wörterbuch auf Grund der Inschriften, Handschriften, Münzen und Siegelsteine. – Julius Groos Verlag, 1982.
  8. Göbl R. Dokumente zur Geschihte der İranischen Hunnen in Baktrien und İndien. Band I. – Wiesbaden., 1967.
  9. Harmatta J., Litvinsky B.A. Toharistan and Gandhara under Western Turk rule // History of civilizations of Central Asia, vol. 3. – Paris., 1996.
  10. Sims-Williams N. Bactrian documents from northern Afghanistan. – Oxford., 2000.

ҲИЛОЛА НОРМАМАТОВА
ЎзР ФА Миллий археология маркази таянч докторанти

Check Also

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган …